Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Болалик Шимолий Кореяда ҳам болалик

Болалик Шимолий Кореяда ҳам болалик

Фото: «Adme.ru»

Дунёдаги энг ёпиқ мамлакат бўлмиш Шимолий Корея ҳаёти ҳақида ҳамма ҳам билавермайди. Аммо баъзан шундай маълумотлар чиқиб турадики, уларга асосланиб шимолий кореяликларнинг кундалик ҳаёти ҳақида бирмунча тасаввурга эга бўлиш мумкин.

Қуйида ушбу мамлакат болаларининг ҳаёти ҳақида қизиқарли фактларни эътиборингизга ҳавола этамиз. Мақолани тайёрлашда «adme.ru» сайти материалларидан фойдаландик.

1. Шимолий Кореяда туғилган чақалоқ сонбун деб номланувчи ижтимоий мақом олади. Унинг моҳияти шундаки, давлат чақалоқни дарҳол аҳолининг «садоқатли», «мўътадил» ва «душман» қатламига киритади. Сонбун отадан болага мерос сифатида ўтади ва боланинг қаерда ўқишини, қайси университетга киришини, Корея меҳнат партиясига аъзо бўла оладими-йўқми, белгилаб беради.

2. Таълим боғчадан бошланади. Болалар 4 ёшидан бошлаб ота-онасининг хоҳишига кўра, 5 ёшидан бошлаб мажбурий тарзда боғчага боради. 1-синфга боришдан олдин ҳар бир бола бир йил боғчага бориши мажбурий ҳисобланади.

3. Болалар уйида ота-онаси бор болалар ҳам яшайди. Чунки ҳар доим ҳам ёш оилалар болани боқишга қодир бўлмайди. Баъзан асраб олинган етим болалар ҳам болалар уйига қайтиб келадилар.

4. Мактабларда мамлакат раҳбарларининг таржимаи ҳоли ва рус тили ўргатилади. Мактаб дастурига Корея инқилоби намояндалари бўлмиш Ким Ир Сен, Ким Чен Ир ва Ким Чен Иннинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган алоҳида дарслар киритилган. Мактабларда нафақат рус тили, балки инглиз тили ҳам ўқитилади. Ўқувчилар ўн ёшида Корея болалари иттифоқига аъзо бўладилар ва шу даврдан сиёсий-ғоявий мажлисларда иштирок этишни бошлайдилар.

5. Дарслар ва тадбирларда ғоявий ташвиқот олиб борилади. Мактаб коридорларида ташвиқот плакатлари, дарсликларда ватанпарварлик шиорларини учратиш мумкин. Эрталабки йиғин вақтида ўқувчилар сиёсий саҳналарни намойиш этадилар. Катта байрамлар болалар ҳарбий парадисиз ўтмайди. Унда ўқувчилар ҳарбий либосда ракета тизимларининг макетларида йиғилганлар олдидан ўтадилар.

6. Болалар оммавий қатлларда ҳам иштирок этади. Қанчалик даҳшатли туюлмасин, Шимолий Кореянинг ёш гражданлари учун бу тажриба нормал ҳолат, ҳатто жуда зарур ҳисобланади. Бундан ташқари, болалар чақимчилик ҳам қилиб туришади.

7. Ўқувчилар ўрим-йиғимда, дарахт кесишда, тош ташишда, ҳатто қурилишда ишлашга мажбур. Катталар каби болалар учун ҳам меҳнат нормаси мавжуд, уни бажармаганлар жаримага тортилади.

8. Ҳарбий мавзудаги ўйинчоқлар. Албатта, дўконларда қўғирчоқ ва қуёнчалар ҳам сотилади. Аммо энг кўп сотиладигани ўйинчоқ танклар, вертолётлар ва автоматлардир. Булар ёш корейсларда ватанпарварлик туйғусини шакллантиришга хизмат қилади деб ҳисобланади.

9. Болалар бўш вақтини қизиқишига қараб турли тўгаракларда ўтказадилар. Масалан, пойтахт Пхенянда Ўқувчилар саройи фаолият юритади. У ерда болалар компютерда ишлашни, мусиқани, рассомчиликни ўрганишлари ва хоҳлаган спорт тури билан шуғулланишлари мумкин. Айнан шу ердан дунёга машҳур «Ариран» фестивали иштирокчилари етишиб чиқади. Кичик туманларда ҳам шундай тўгараклар мавжуд, кўпинча улар мактабларга бириктирилган бўлади.

10. Болалар учун кўнгилочар шароитлар кутилганидан анча кўп. Пул бўлса 3D сеансли кинотеатрга, ҳайвонот боғига, океанариумга ёки аттракционлар боғига бориш мумкин. Агар пул бўлмаса, уйда мултфилм томоша қилиш мумкин (фақат корейс мултфилмлари намойиш этилади). Болаларни ёрқин бўёқлар, мусиқа ва ширинликлар билан хурсанд қиладиган фестиваллар ҳам тез-тез ўтказилади. Иш кунлари эса кайфиятни дўстлар ёрдамида кўтариш мумкин.

Умуман олганда, болалик Шимолий Кореяда ҳам болалик, гарчи биз кўникиб қолган ғам-қайғусиз бўлмаса-да, қувноқ ва хушчақчақ.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг