Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Алламжоновга туҳмат қилгани айтилган журналист 3 йилга «кесилиши» мумкин

Алламжоновга туҳмат қилгани айтилган журналист 3 йилга «кесилиши» мумкин

Масс-медиа фонди васийлик кенгаши раиси Комил Алламжоновга туҳмат қилгани айтилган мустақил журналист Сергей Ежковга 3 йилгача озодликни чеклаш жазоси тайинланиши мумкин.

Ежковга Жиноят кодексининг 139-моддаси (Туҳмат) билан жиноий иш очилган. Журналистга нисбатан модданинг энг оғир, 3-қисми қўлланилган: оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб туҳмат қилиш.

66 ёшли Сергей Ежков мақоласи бўйича Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги экспертиза хулосасини берган.

Лекин суд ишни кўраётган пайтда маъмурий жазо ҳам қўллаши мумкинлиги айтилмоқда. Масалан, қанчадир муддат профессионал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини чеклаш.

Айтилишича, Ежков айни пайтда уйда, унга нисбатан ҳозирча расмий айблов қўйилмаган. У бугунги кунда оғир кўз касаллигидан азият чекяпти, ўзи мустақил юра олмайди ва ҳеч нима ўқий олмайди.

Маълумот учун, 2021 йил журналистлар касб байрами арафасида президент фармони билан «Uzmetronom.com» веб-сайти бош муҳаррири Сергей Ежков «Дўстлик» ордени билан мукофотланган эди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Комил Алламжонов Сергей Ежков устидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органига ариза берган. Гап шундаки, шу йилнинг 21 февраль куни Сергей Ежков Uzmetronom.com сайтида «Бриллиантовый мальчик» сарлавҳаси остида мақола эълон қилган. Унда Комил Алламжонов 4,2 млн. долларлик тилла тақинчоқлар Ўзбекистонга ноқонуний олиб кирилишида шерикчиликда айбланган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг