«Афғонистон масаласида сиёсий партияларнинг фикрлари хилма-хил, бироқ...»
Ҳақиқатан ҳам, мамлакатимиз охирги беш йилда залварли ва улкан ютуқларга эришди. Ўзбекистон халқаро муносабатларнинг фаол иштирокчисига айланди.
Дебатда сиёсий партиялар номзодлари вакиллари мамлакатимизнинг ташқи сиёсатидаги энг муҳим жиҳатлар, жумладан, Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорлик, халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатлар билан ўзаро муносабатларни янада ривожлантириш, хориждаги ватандошлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш, ички хавфсизлик, Афғонистон муаммоси каби ҳозирги кун тартибида турган биринчи даражали масалаларга муносабатларини аниқ ифодалаб бердилар.
Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорлик масаласига ёндашувда экологик ҳамкорлик, минтақавий интеграцияни янада чуқурлаштириш, Марказий Осиёда мамлакатлар ҳамкорлигининг аниқ ва якдил стратегиясини ишлаб чиқиш каби ёндашувлар партияларнинг ушбу масалада аниқ қарашлари борлигидан далолат беради.
Шунингдек, Афғонистон масаласида сиёсий партияларнинг фикрлари ўзига хос тарзда хилма-хил бўлса-да, барча партиялар Афғонистонда тинчлик ўрнатиш, уларга кўмак бериш борасида халқаро ҳамжамиятнинг ягона ва якдил стратегияси бўлиши тарафдори. Лекин шу билан бир қаторда, баъзи масалаларда, жумладан, қочоқлар муаммосига қарашлар турлича.
Умуман, дебат юксак даражадаги мунозара намунасини кўрсатди. Муҳими, кенг омма доирасида мамлакатимизнинг ташқи сиёсати таҳлил этилди ҳамда аниқ позициялар, чора-тадбирлар ва белгиланган вазифалар кўрсатиб берилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди дастурларида ташқи сиёсат ва хавфсизлик масаласига алоҳида урғу берилгани ҳамда бу йўналиш биринчи маротаба очиқ мунозарага қўйилгани муҳим аҳамиятга эга. Илгарилари тор доиралардагина муҳокама қилинадиган ушбу долзарб масала юзасидан бугун бўлиб ўтган дебатда сиёсий партиялар вакиллари, президентликка номзодларнинг ишончли вакиллари очиқ мулоҳаза билдирдилар. Эътиборга молик жиҳати шундаки, номзодларнинг сайловолди дастурларида ташқи сиёсат масаласида сиёсий партияларнинг ўз позицияси, ёндашувларининг хилма-хиллигини кузатишимиз мумкин.
Дебатлар фикрлар плюрализмини намоён этди.
Соғлом баҳс-мунозара демократик тафаккур ифодаси бўлиб, жамиятимизнинг ҳуқуқий ва демократик ривожидан далолатдир.
Меҳрибон Абдураҳмонова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter