Абдулла Арипов Душанбеда Эмомали Раҳмон билан учрашди
11 март куни Душанбе шаҳрида Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги ҳукумат делегациясини қабул қилди.
Тожикистон раҳбари Ўзбекистон делегациясининг Душанбега ташрифи ҳамкорлик истиқболларини белгилаш нуқтаи назаридан муҳим эканини, шунингдек сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги дўстона алоқалар жадал ривожланиб бораётганини таъкидлади.
Бош вазир, дастлаб, Президент Эмомали Раҳмонга Ўзбекистон Етакчиси Шавкат Мирзиёевнинг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказар экан, икки Давлат раҳбарлари ўртасидаги очиқ ва ишончли мулоқот мамлакатларимиз ўртасидаги яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади, дейилади хабарда.
Шунингдек, 2022 йил июн ойида Ўзбекистонда Олий даражада бўлиб ўтган учрашув доирасида тарихий ҳужжат – Абадий дўстлик ва иттифоқчиликни мустаҳкамлаш тўғрисидаги декларация қабул қилингани ва бошқа муҳим келишувлар икки биродар халқларимиз манфаатларига тўла жавоб беришини қайд этди.
Учрашувда савдо-иқтисодий, сармоявий, энергетика, транспорт-логистика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда янги лойиҳаларни изчил амалга ошириш бўйича белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter