Мобильное приложение Xabar.uz для Android устройств. Скачать ×

Турсунали Акбаров

«Қўрқинчли Бухоро»: аввал ҳайдовчи «ичкари»га олиб кирилди, кейин суд раиси, сўнг...

«Қўрқинчли Бухоро»: аввал ҳайдовчи «ичкари»га олиб кирилди, кейин суд раиси, сўнг...

1

Пойтахтга кўчиши эҳтимоли ортганидан Алишер Самадов шунга яраша тадорикни бошлаб юборганди. Касби шунақа: қаерга юборилса, кўч-кўронини ортиб, йўлга тушишдан бошқа чора йўқ...

Бухорода қолишга ҳам қарши эмасди. Бироқ эндигина ўттиз иккига кирди, истиқболи олдинда. Навқирон ёшида бошкентнинг катта қозонида қайнаш имконияти доим ҳам пайдо бўлавермайди.

Қоракўлда чакки ишламади. Йигирма етти ёшида жиноят ишлари бўйича (ЖИБ) мазкур туман суди раиси лавозимига тайинланиши унинг ўзи учун ҳам, мутасаддилар учун ҳам катта таваккалчилик эди, аслида. (У пайтлар – 2008 йил – бундай лавозимга тайинланиш учун ҳозиргидек ўттиз бешга тўлиш шарт эмасди.) Беш йил (судьяликнинг бир муддати) ёмон ишламагани рост, йўқса, уни тумандан вилоят эмас, тўппа-тўғри пойтахтга чақириш масаласи кўтарилармиди?!

Бироқ ҳаммаси бир кунда остин-устун бўлиб кетди!

Алишер Самадов, ваколат муддати тугаганидан икки кун ўтиб (2013 йил 11 апрель), пойтахтга эмас, қамоққа равона қилинди!..

2

Алишерни ҳибсга олиш учун унинг ваколат муддати якунига етиши интизорлик билан кутилгандай. Ишлаб турган пайтида қўлига кишан солиш учун нақ жиноят устида, ашёвий далиллар билан ушлаш керак. Нақд далилнинг ўзи йўқ (акс ҳолда, бундай имконият қўлдан чиқарилармиди?!) Ким-ким, туман суди раисини қуруқ гап билан қўлга олиб бўлмайди. Чунки, судьяга нисбатан фақат Бош прокурор жиноят иши қўзғатиши мумкин. Иккинчидан, қамоққа олиш масаласида Олий суд Пленуми розилиги талаб этилади. Бундай лавозимга тайинлаш-озод қилиш (ўша пайтда) Президент фармойиши билан амалга оширилади, ахир?!

Модомики, нақд далилнинг ўзи йўқ экан, энг маъқули – Алишер Самадовнинг ваколат муддати тугашини кутиш. Шунда иш анча осонроқ кўчади, зеро, суд раисининг ваколатига қўшиб, унинг умумий дахлсизлик ҳуқуқи ҳам тугайди, «эл қатори»га тушган одамни эса «исталган мақом»га солиш мумкин.

Янги тайинловга қадар улгурилса бас!

3

Дарҳақиқат, мўлжал тўғри олинганди.

Алишер Самадов туман суди раиси сифатида охирги ойини ўтказаётган пайтда ҳайдовчиси Шокир Ҳаитов (ҳайдовчи 1966 йилда туғилган) «йўқолиб» қолсами?! Йўқ, «йўқолиб қолди» десак, бироз бўртиб кетар экан. Воқелик қуйидагича кечади: аввалига туман МХХдан (эндиликда собиқ) Алишерга қўнғироқ қилишиб, ҳайдовчисини йўқлашди: «шу ерлик инсон, кўпларни танийди, бир-иккита одам ҳақида сўрамоқчи эдик»... Бунга жавобан Алишернинг шахсан ўзи ҳайдовчисини сўралган жойга жўнатади. Шундан сўнг ундан дарак бўлавермагач (орадан икки-уч кун ўтади-да), суриштирсаки, 7 суткага «кесилибди» – бир аёлга тегажоғлиқ қилган эмиш...

Бундан Алишер Самадов хиёл ҳушёр тортган бўлса, эҳтимол. Нега десангиз, шундай ярамас амалиёт бор: оғирроқ жиноят айбдори қидирилаётганда ёки кимларгадир «керакли кўрсатма» олиш эҳтиёжи пайдо бўлса, гумондор аввалига «қўлбола» айблов билан 10-15 суткага тиқилади. Сўнг бу вақт мобайнида гумондор чунонам эзғиланадики, шўрлик қилган жиноятига қўшиб қилмаганиям бўйнига олвориши ҳеч гап эмас... Бунақа усул билан неча айбсизлар қамалиб кетганини бугун ким билмайди дейсиз?!

Алишер Самадов айни «тажриба» ҳайдовчисига нисбатан қўлланиши мумкинлигини эътибордан соқит қилмагани рост. Ахир, бир-иккита одам ҳақида «маълумот сўраш» керагидан кўпроқ чўзилиб кетди-да. Бироқ «синалган усул» билан ҳайдовчисидан ўзига қарши (ва улар хоҳлагандай) «кўрсатмалар олиниб», ҳадемай панжара ортига тушишини туш кўрибдими?!

4

Судда ишлаган шахсни қайси жиноятда осон айблаш мумкин? Албатта порахўрликда! Чунки бундан ажабланадиган кам. Судларда «олди-берди»сиз иш битмаслиги онгу тафаккурга шу қадар сингиб кетганки, бундай тасаввурлар ҳали-бери парчаланиши даргумон. Бироқ, инсоф юзасидан айтиш лозимки, тизимда холис ва фидойилар оз эмас... Унутмайлик, судлар мустақиллигини амалда таъминлаш бўйича реал ишлар бошланганига кўп бўлгани йўқ ҳали. Узоқ ўтмишни қўйинг, бор-йўғи беш-олти йил бурун вазият тамоман бошқача – суд қоғозда мустақил, жилов ўзга қўлларда эмасмиди?! Ўшанда «ҳатто столбалар ҳам қамалгани» юксак минбардан туриб айтилди. Симёғочларга жазо кимларнинг қўли билан берилган?..

Очиқчасига ўтсак, айбсиз инсонга ҳукм ўқишга мажбур бўлиб, сўнг хонасида ҳўнг-ҳўнг йиғлаган судьяларни кўрдик, виждон азобига ароқдан малҳам қидириб, ҳар куни «нўш айламаса» туролмайдиган даражага етганларини ҳам. Ўзича саркашлик қилиб, «йўриққа юрмаганлар» орасида ишдан кетгани ҳам, фитна билан қўли кишанбанд этилгани ҳам бор! Яқинда ўтган бир анжуманда Олий суд раиси гапнинг пўсткалласини айтди-қўйди-ку: илгари оқлов ҳукм чиқарган судьянинг ўзи ҳам кўпга бормасди, деб!

Бироқ, есин-емасин, бўрининг оғзи мудом қон экан-да, биродарлар!

Алишер Самадов ўзи тўқ, кўзи тўқ, аммо кўплар наздида барибир оғзи қон бўрилардан (таъбир жоиз бўлса, албатта) биттаси эди. Қолаверса, истиқболдан умиди мўл ёш мутахассис нафсига қул бўлавермасиги, шу боиски ўша давр қолипларига сиғмаганини биров билар, биров билмас...

5

Қисқаси, А.Самадовга 210-моддани (пора олиш) ёпиштириш қийин бўлмади: эмишки, у етти ҳолатда судланувчиларга енгил жазо тайинлаш эвазига жами тўққиз ярим минг АҚШ доллари миқдорида пора олибди! Етти ҳолат – етти «дело» дегани. Уларни бирма-бир санаб ўтиш шартмас, бунга эҳтиёж ҳам йўқ. Бунинг ўрнига ўша «дело»лар бўйича чиқарилган ҳукмлар юқори инстанцияларда ноқонуний деб топилиб, бекор қилинмагани, уларнинг бирортаси бўйича прокурор протест бермаганини таъкид этмоқ кифоя. Энди оддий мантиқ: қонун доирасида ҳукм чиқарган судьяни айни шу «дело»лардан «соққа қилганлик»да айблаш, айтинг, тасаввурга сиғадими?! Шунинг ўзи айбловлар туфлаб ёпиштирилиб, пуфлаб шиширилганини англатмаяптими?! Далил ҳақида-ку гап бўлиши мумкинмас: барча «асос»лар ҳайдовчидан уриб-эзиб олинган оғзаки кўрсатмалар, холос.

Алишер Самадов пора олишдагина айбланмади. Унга мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш (205-модда), мансаб сохтакорлиги (209-модда) ва фирибгарлик (168-модда) айблови ҳам тиркалди. Пора олиш – етарлича оғир жиноят ҳисобланади. Шундай оғир жиноятки, туфлаб-пуфлаб ёпиштирилганидан кейин қолганини қўяверинг...

 6

Жиноят қонунчилигидан озроқ хабари борлар билади: «205» ва «209»ни хоҳлаган пайтда ва исталган мансабдорга илиш мумкин, шу боис айни моддаларнинг «дежурная статья» деган норасмий номи ҳам бор. Агар амалдор «168» билан айбланадиган бўлса, айни модда (фирибгарлик) худди «оҳанрабо» янглиғ «205» билан «209»ниям ўзига тортиб олади. Зеро, амалдор фирибгарлик (168-модда) жиноятини содир этар экан, бу билан мансаб ваколатиниям суиистеъмол (205-модда) қилади-да. Айни жараёнда сохтакорликка, яъниким, мансаб сохтакорлигига (209-модда) йўл қўйилиши ҳам табиий. Қарабсизки, Жиноят кодексидан «гулдаста» тайёр!

Алқисса, «168»нинг шундай «тортиш кучи»га эга бўлгани учунми Алишер Самадовни айни шу модда (фирибгарлик) билан астойдил айблашга ҳаракат қилинган кўринади.

Қандай қилиб денг?

 7

Маъмурий судлар ташкил этилгунга қадар (2017 йил, июнь) маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар ҳам ЖИБ (жиноят ишлари бўйича) судларда кўриб чиқиларди. Алишер Самадов кўрган жиноят ишларини элакдан ўтказиб, улардан еттитасини танлаб ва шу «дело»лар бўйича ундан «порахўр» ясалгач, энди унинг қўлидан ўтган маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларнинг ҳам тит-пити чиқарилди. Туман судида (2012 йиллар назарда тутилаётир) бир ойда ўрта ҳисобда (жиноят ишларидан ташқари) 100-120 та маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар кўриб чиқилади. Бу йилига мингдан ортиқ «дело» деганидир. Шу-унча ишлар бирма-бир ўрганиб, чертиб-чертиб ўнтаси танлаб олинди денг. Қаралдики, улар ҳам «кетмонга соп бўлмас» экан. Яъниким, ўнта қарор ҳам кучда бўлиб, уларнинг қонунийлига прокуратура ҳам «шак» келтирмаганди-да.

Хуллас, суд қарорлари қонуний экани баҳсга ўрин қолдирмагач, масалага «ўзгача ёндашиш»га мажбур бўлинди. Айни ёндашувнинг «тергов тили»даги (сал-пал таҳрирланган) баёнига қаранг: «...А. Самадов суд раиси вазифасидан ишлаб келиб, масъул мансабдор ҳисобланиб, (ўзи раис бўлган) туман суди девонхона мудираси ҳамда шу суд биносида жойлашган «Халқ банки»нинг туман филиали мини-банки касса назоратчиси билан жиноий тил бириктириб, гуруҳ бўлиб, маъмурий жаримага тортилган ўн нафар фуқаро тўлаган (жарима) пулларнинг бир қисмини сохта квитанциялар орқали фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, ўзларининг шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган...».

Қандай, зў-ўрми? Айблов оҳанги қанча ваҳимали бўлмасин, асоси мўртлигини бир деганда илғаш қийинмас. Яъниким, «фирибгарлик билан қўлга киритилган» пулларнинг умумий миқдор олти миллион сўмдан ошади. Бу ҳам йиллар давомида «йиғилиб келган» миқдор. Агар бунга ишониладиган бўлса, ким-ким – туман суди раиси мини-банк кассири ва девонхона мудири билан аймоқи бўлиб, жарималардан «чой-чақа» ишлаб (шундаям кўпи билан икки ойда бир марта!) юргандек тасаввур пайдо бўлади. Кулгили. Рост-да, «соққага ишқивоз» судья ўзини қийнаб, айбдорни қонуний жаримага жазосига тортиб, сўнг (тайинланган жарима пулига) чанг солгунча ҳуқуқбузардан «лўндасини олиб», бу ёғини «тўғрилаб» қўймасдими?! Иккинчидан, суд раиси маъмурийдек «майда» ишларгина эмас, ойига ўнлаб жиноят ишларини ҳам кўради. Ҳар ой десак, лоф бўлар, икки ойда камида бир марта кўраётган жиноят ишлари бўйича турли илтимосу таклифларга хайрихоҳлик билмайдиган судьянинг куни жаримадан «юлиш»га қолганига ишониш мумкинми?!

8

Муболаға-ёв, десангиз ҳам бир гапни айтиш керак: 2013 йили ЖИБ Қоракўл тумани суди ходимлари (котиб ва фаррошни айтмаса) ростмана қатағонга учради. Аввал ҳайдовчи «олиб кирилди», уни ноинсоний усуллар билан «сайратиб», раиснинг қўлига кишан урилди, сўнг навбат девонхона мудирига келди... (Қоракўлга ўхшаш туманлар жиноят ишлари бўйича судларида битта раис (айни вақтда судья), битта котиб, битта девонхона мудири, битта ҳайдовчи ва битта қоровул ишлайди, холос). Касса назоратчиси суд ходимлари таркибига кирмайди, у банк ходимаси. У ҳам жиноят ишига тортилганки, токи одам сони кўпайиб, «жиноий гуруҳ» бинойидек бўлсин! Уларга қўйилган айбловни кўриб турибсиз... Бу бир идора қатағони бўлмай нима?

Ҳайдовчи Ш.Ҳаитовга қўлланган усуллар-чи?! Раҳбарига нисбатан «кўрсатма олиш» учун шунақа азобларга солиндики, шўрликка «Малика Дианани сен ўлдиргансан-а?» дейилса, «Ҳа, мен!» дейишига шубҳа қилманг. Тағинам жони темирдан экан. Уни ичкарига опкирволиб, армонсиз қийнаб, муродига етган собиқ МХХ ходими Умид Бобомуродов маҳаллий бир тадбиркорнинг «айбини исботлаш»га қаттиқ бел боғлайди. Бироқ тадбиркор унинг қийноқларига дош беролмайди – ҳибсхонадан ўлиги чиқади! Шундан кейингина у қотилликда айбланиб, узоқ муддатга қамалиб кетади...

Бу воқеа анча кейинроқ содир бўлади, унгача Алишер Самадов бошлиқ «жиноий гуруҳ»нинг иши суддан силлиққина ўтиб (2013 йил, август), кассир ҳамда девонхона мудираси (иккиси ҳам аёл) жарима жазосига, ҳайдовчи Ш.Ҳаитов 8 йил, қаҳрамонимиз эса 11 йил озодликдан маҳрум этиш жазосига мустаҳиқ этилиб, ҳатто «зонага этап» қилиб бўлинганди...

9

Орадан ўтган етти йил ичида «Самадовнинг иши» судларнинг турли босқичларида тўққиз марта (!) кўрилганига нима дейсиз?! Ўтган тўққизта суднинг ҳар бирида ҳукмда ё ўзгариш бўлади ёки бекор қилиниб, янги таркибда кўриш учун юборилади. Жиноят иши Олий суд Раёсатининг ўзида бир эмас, уч марта кўрилди! Бу ҳазилакам гап эмас. Раёсат – суднинг энг юқори босқичи. Бош прокурор (ёки ўринбосари) ёки Олий суд раисидан (ёки ўринбосаридан) протест бўлмаса, бирорта «дело»га Раёсатнинг муборак столидаги зарраларни «ялаш» насиб этмайди. Олиймақом қонун пешволари эса ҳар қандай «дело»га ҳам протест киритавермайди...

Адоқсиз суд жараёнларида мазкур жиноят иши бўйича чиқарилган ҳукму ажримларда айрим айбловларнинг бошқасига малакаланиши ёки битта-яримта эпизод чиқариб ташланишининг битта фойдаси бўлди: А. Самадов 11 йил тугал «ўтиргани» йўқ, уч йил деганда озодликка чиқди.

Шундан кейин ҳам ёзаверди, ёзаверди. Ёзганларидан ҳадеганда кутилган натижа бўлгани йўқ. Келган жавоблар арабларнинг қадим мақолини ёдга солади: «Саҳрода битта бозор – хоҳлаган бозорингга бор!» Шунга қарамай Алишернинг ёзишдан тўхтамагани эса яна бир араб мақолини эслатадигандай: «Соғ онамни сўкканингда ғар онангни тинч қўярмидим?!»

10

...Ниҳоят, 2019 йилнинг май ойига келиб, турли босқичларда қайта-қайта кўрилаверганидан абжағи чиқиб кетганига қарамай ёруғлик кўринмаган «иш» Олий суд Раёсатида учинчи марта муҳокама қилиниб, қуйи судларнинг кучида бўлган ажриму қарорлари навбатдаги бор бекор қилинди. Ва жиноят иши кассация инстанцияда яна бир марта қайта кўриш учун ЖИБ Навоий вилоят судига юборилди.

Навоий вилоятида ўтган охирги суд олти ойга чўзилганининг энди кўпам аҳамияти йўқ. Муҳими, унда Алишер Самадовга қўйилган барча айбловлар асоссиз ва қонунсиз бўлгани учун олиб ташланди ва у батамом оқланди!

И-я, қаҳрамонингиз аллақачон оқланибди-ку, гапни чўзавермай шуни вақтлироқ айтиб, ёзувларга нуқта қўйсангиз бўлмасмиди, дейишингиз мумкин. Ҳақсиз, муҳтарам ўқувчи. Сабр билан ушбуни ўқиётганингизга раҳмат. Яна озроқ сабр қиласизки, қаҳрамонимиз оқланиб, муроду мақсадга етди, дея гапни эртакка ўхшатиб якунлаш ниятимиз йўқ.

Андак пароканда туюлган битикларимизда Алишер Самадов қисматини сўйлаш орқали кечаги кунимизга бир кўз қирини ташладик, холос. Ҳолбуки, ҳассос ва юзсиз шоир «қора туш»га ўхшатган кечаги кунларга кўз қири билан эмас, ёвуқроқ қараш керак. Зеро, яқин ўтмиш азобларининг заҳри ҳали жамият танасидан кетганича йўқ. Шунданми маълум қатламнинг келажакка нисбатан ишончдан кўра умид кўпроқдай. Умидлар тугал ишончга айланиши суд-ҳуқуқ соҳасида ўтказилаётган ислоҳотларни ҳақида эшитавермай, танада ҳис қилиш ҳам керак.

Нима демоқчимиз?

Ўзимизга қиёсан айтсак, инқилобий ўзгаришлар яхшигина имконият тақдим этаётганига қармай ҳали «ички цензура»дан тамоман халос бўлганимизча йўқ. Судларда ҳар йили юз-юзлаб оқлов ҳукмлари чиқаётгани – тўғри, буни мамлакат раҳбари жасоратга менгзади – бор гап. Бироқ судлар ҳам худди ўзимиз каби ички босимдан тўла фориғ бўлмаганга ўхшайди барибир. Бу муаммо Алишер Самадов қисмати мисолида яна бир бор кўзга ташланди. Ваҳоланки, яқин ўтмишнинг қурбони бўлиб, янги ўзгаришлардан умиди мўл алишерлар оз эмас. Сирасини айтсак, судьялар янада жасорат кўрсатадиган паллалар энди келмоқда...

«Ўзинг-чи, ўзинг?» деяверманг-е, Худо кўрсатмасин, фаолиятимиз билан боғлиқ бирор кор-ҳол бўлса, бизнинг борар жойимиз ҳам суд идораси. Демакки, қонун пешволари бизданам илдамроқ юришлари шарт!

Комментарии

Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии

Вход

Заходите через социальные сети