Мобильное приложение Xabar.uz для Android устройств. Скачать ×

Sardor Ali

Shaxsiyatparastlik — oshkora ojizlikdir.

Дунёни икки қутбга ажратган можаро. Тан олинган ва олинмаган Косово

Дунёни икки қутбга ажратган можаро. Тан олинган ва олинмаган Косово

СССРнинг парчаланиши халқаро ҳамжамият учун кутилмаган ҳодиса бўлди. Зўравонлик ва зулм йўли билан бирлаштирилган иттифоқ ўрнида мустақил давлатлар бўй кўрсата бошлади. Икки қутбли дунё поёнига етиб, янги давр бошланди. Янги давр ўзи билан янги муаммоларни, янги қарама-қаршиликларни, янги низоларни етаклаб келди. XXI асрнинг бошида дунё миллионлаб инсонларнинг ўлимига сабаб бўлган 120 дан ортиқ диний ва этник можароларга гувоҳ бўлди.

Қуйидаги мақолада дунёни икки қутбга бўлинишига сабаб бўлган, минглаб мусулмонларни ёстиғини қуритган Косово можароси ва унинг оқибатлари ҳақда сўз юритамиз.

Косовонинг этник таркиби

Косово жануби-шарқий Европада, Болқон ярим оролида, Албания ва Сербия ўртасида жойлашган. Умумий майдони 10 887 квадрат метрни ташкил қилади. Ҳудуди асосан тоғли бўлиб, Албания, Черногория, Македония ва Сербия билан чегарадош. Аҳолисининг 80 фоизини мусулмонлар ташкил қилади.

Косово можаросининг туб моҳияти англаш учун, узоқ тарихга кўз ташлаш мақсадга мувофиқ. Сабаби, Косово низоси ўтмишда олиб борилган сиёсат маҳсули ҳисобланади.

XIV асрда Косова ҳудудида асосан славянлар ҳаёт кечирган бўлса, XV асрларга келиб вазият ўзгарган. Усмонли империяси томонидан Болқон ярим оролининг фатҳ этилиши натижасида бу ерларга Ислом дини кириб келди. Турклар Болқонни ўз таъсир доираларига олгач, Косово ерларига албанлар ҳам фаол равишда кўчиб кела бошлади. Айни шу даврдан бошлаб минтақага келажакдаги йирик халқаро низоларни келтириб чиқариш учун мина(маълум шароитларда портловчи қурилма) экилди.

Келажакдаги уруш учун экилган уруғ

Дунёга ҳукмронлик қилиш истагидаги давлатлар айнан шу қурилмага тегиниш орқали жаҳон урушини келтириб чиқаришди. Ҳеч кимга сир эмаски, Биринчи жаҳон уруши(1914-1918) айнан Болқондан бошланган эди.

Биринчи Жаҳон уруши даврида, аниқроғи, 1915 йилда Австрия-Венгрия империяси Косовони босиб олди. Лекин уруш якунида Учлар Иттифоқи (Германия, Австрия-Венгрия ва Италия) оқ байроқ кўтаришга мажбур бўлди. 1918 йилда Австрия-Венгрия империяси парчаланганидан сўнг Хорватия, Словения, Босния ва Герцеговина, Далмация, Сербия, Черногория ва Югославия ерлари Словенлар Қироллиги (КШС) деб номланган давлатга бирлашди. Бироқ, бу қироллик узоқ умр кўрмади. 1929 йилда давлат тўнтаришидан сўнг, бу давлат Югославия Қироллиги (КЖ)га ўзгартирилди.

Югославия Қироллиги то Иккинчи жаҳон уруши бошлангунга қадар сербларни Косовога кўчириш сиёсатини олиб борди. Бу сиёсат мусулмонлар ва славянлар ўртасида қарама-қаршиликни кучайтирди.

Диктатор Тито даврида Косово

Иккинчи жаҳон уруши вақтида Косовонинг катта қисми фашистик Италия таъсир доирасидаги Албания Қироллиги томонидан эгаллаб олинди. Албания ҳукумати сербларни Косово ерларидан ҳайдаб чиқаришни бошлаб юборди. Маълумотларга кўра, ўшанда 70-100 минг серб Косоводан қувилган.

1944 йилда Косово партизанлар саъй-ҳаракати туфайли озод бўлди ва яна Югославия таркибига қўшилди. 1946 йилги Югославия Федератив Халқ Республикаси конституциясига биноан Косово ва Метохия автоном вилоят мақоми берилди.

Иосип Броз Тито

Минтақанинг этник таркиби Иккинчи жаҳон урушидан кейин, Иосип Броз Тито уруш пайтида Югославияга келган албанларга Косовода қолишга рухсат берганидан кейин катта даражада ўзгара бошлади. Тито Албаниянинг Югославия таркибига киришига умид қилиб, албанларни Косовога кўчиришни рағбатлантирди ва аксинча, серб аҳолисининг қайтиш имкониятларини чеклади.

Миллатчилик ортидан уйғонган низо

Титонинг вафотидан кейин ягона федератив республика ўн йилга яқин муддат яшади, холос. Социалистик лагерининг 90-йиллардаги инқирози даврида Югославия таркибидаги Словения, Хорватия, Босния ва Гертсеговина ҳамда Македония мустақил давлат сифатида ажралиб чиқди.

1987 йилда Косоводаги вазият ёмонлашди. Бунинг боиси, ўша вақтда Сербияда ҳокимият тепасига миллатчи Слободан Милошевич келганида эди. Милошевич миллатчи сиёсатчи бўлиб, у Косовонинг серблар истиқомат қиладиган ҳудудига ташриф буюриб шундай дейди:

«Бундан кейин Болқондаги ҳеч қайси бир ҳудудда серб миллатини ҳеч ким хафа қилолмайди».

Слободан Милошевич

Шундан кейин, Косово ҳудудида сербларнинг ҳарбийлашган гуруҳлари пайдо бўлиб, албан мусулмонларига қарши сиёсат бошланди. Бу ҳам етмаганидек, Милошевич Косово мухториятини бекор қилиш бўйича референдум ўтказиш ташаббусини илгари сурди. Бу ҳаракатлар бир давлатнинг парчаланишига олиб келди.

1990 йилнинг сентябрь ойида Сербияда янги конституция қабул қилинди. Унда Косоводан автоном республика мақоми олиб ташланди. Бундан ташқари, албан тилида таълим олиш, албан тилида теле ва радио эшиттиришлар бекор қилинди. Бу эса Косово албанларини ғазаб отига миндирди. Косово албанлари янги конституцияни тан олмади ва вилоятда «кулранг давлат» қуришга киришди. Бу ҳаракатлар икки миллат ўртасида миллий тўқнашувларни келтириб чиқарди.

Маҳаллий низонинг глобал можарога айланиши

1991 йилнинг сентябрь ойида Косоводаги албанлар мустақиллик масаласида референдум ўтказишди. Бироқ, минтақадаги серблар бу референдумни тан олмади. 22 сентябрь куни Косовода президентлик сайлови ўтказилиб, Иброҳим Ругов мустақил Косово давлати президенти этиб сайланди.

Сербия армияси Косово чегарасида

90-йилларнинг ўрталарига қадар Иброҳим Ругов Косово муаммосини ҳал қилишда юмшоқ қаршилик ҳаракатини олиб борди. Бироқ, бу ҳаракатлар халқаро майдонда қўллаб-қувватланмади. 1996 йилда Косовода қуролли кучлар гуруҳи бирлаштирилиб, озодлик армияси ташкил этилди.

1997 йилда Косовода кескинлик кучайди. 1998 йилда Сербия армияси Косовога бостириб кирди. Натижада низо маҳаллий муаммодан, глобал муаммога айланиб кетди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши можароларни тугатиш учун турли хил қарорларни қабул қилди. Бироқ, қабул қилинган резолюциялар қуруқ қоғозда қолиб кетди.

Сербиялик айирмачилар

НАТО Косовога нима учун аралашган?

Ўша вақтда НАТО дунёда тинчликни таъминлашга даъво қилаётган эди. Косовода серблар этник мусулмонларни геноцид қилишни бошлаганидан кейин, Туркиянинг ташаббуси билан НАТО Косово муаммосига жалб қилинди. Лекин НАТОга аъзо давлатлар Косово можаросига аралашишга шошилмади. Агар бу можарога НАТО аралашадиган бўлса, бошқа йирик ўйинчилар ҳам бу конфликтга бурун суқиши аниқ эди. Бироқ, Туркия Косоводаги мусулмонларнинг қирилишини бир четда, жимгина кузата олмади.

Дастлаб, НАТО Сербиядан Косовога нисбатан бир қатор талабларни бажаришни, хусусан, вилоят ҳудудида Альянс контингентини жойлаштиришга рухсат беришни сўрайди. Бироқ, Сербия буни рад этади. Шундан сўнг НАТО можарога аралашишга қарор қилади.

НАТОнинг 1999 йил 24 мартдаги қарори билан Альянснинг иттифоқчи кучлари ҳаво ҳужумини бошлади. Бунгача православ экстремистлар Косоводаги бир неча минг мусулмонларни қирғин қилган эди. Шунда, АҚШга расмий ташриф билан кетаётган Россия бош вазири Евгений Примаков норозилик сифатида ташрифни бекор қилиб, ярим йўлдан ортга қайтади.

Косоводаги албан мусулмонлар

Можарога Шимолий Альянснинг аралашуви табиийки, Россияга ёқмади. Чунки азал-азалдан Россия Сербия ва Черногорияни ўз биродари сифатида кўриб келган. Бундан ташқари, НАТОнинг Болқон ярим оролига кириши минтақада Россиянинг геосиёсий таъсир доирасини қисқартиши аниқ эди. Шимолий Альянснинг можарога аралашиши билан Россия Сербияни ҳам маънан, ҳам ҳарбий жиҳатдан қўллашни бошлаб юборди. Натижада дунё яна икки қутбга бўлинди.

Тан олинган ва тан олинмаган Косово

НАТОнинг операцияси 78 кун давом этди. Альянс Сербия пойтахти Белградни бомбардимон қилди. Натижада Югославия армияси Косовони тарк этди.

1999 йил 12 июнда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 1244-резолюциясига мувофиқ британиялик генерал Майкл Жексон бошчилигидаги халқаро кучлар Косовога кирди. КФОР контингенти 30 та давлатдан 42 000 аскардан иборат эди. Бу ҳудудлар 2008 йилгача БМТ бошқаруви остида бўлди. 2004 йил 23 октябрда Косовода БМТ назорати остида сайлов ўтказилди. Муваққат сайловлар натижасида Иброҳим Ругов президент этиб сайланди.

2008 йилда Косова қайта мустақиллиги эълон қилинди. Лекин Сербия буни тан олмади ҳамда Косовани Косова ва Метохия автоном ҳудуди деб ҳисоблади. 2010 йилда Гаагадаги халқаро суд Косовонинг мустақил давлат экани ҳақида қарор қабул қилди.  Шундай бўлсада, Косово масаласида бир тўхтамга келингани йўқ. Ҳозирга қадар БМТга аъзо бўлган мамлакатларнинг 100 дан ортиғи Косовони мустақил давлат сифатида тан олган. Лекин Россия, Хитой, Эрон, Ҳиндистон каби йирик мамлакатлар эса Косово мустақиллигини тан олмаган.

Хулоса қилиб айтганда, 80-йилларнинг охирида миллатчилик орқали Косовода уйғонмай ётган халқ уйғотилди. Натижада дунё яна можаролар ўпқонига тортилди. Бу низолар асоратлари эса ҳали ҳам мавжуд.


Сардор Али 

Комментарии

Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии

Вход

Заходите через социальные сети