«Гиннес рекордлари»га кирмаган энг узун қабр
Самарқанд заминида дунё аҳлини ҳайратга солиб келаётган тарихий обидалар, муқаддас қадамжолар жуда кўп. Шулардан бири Хожа Дониёр (Дониёл) мақбарасидир. Халқ орасида бу зиёратгоҳ ҳақида жуда кўп афсона ва ривоятлар юради. Биз шу ҳақда қисқача тўхталиб ўтишни ният қилдик.
Хожа Дониёр ким бўлган?
Ушбу мақбара қадимий Афросиёб тепаликларининг шимолий қисмида жойлашган. Бу ерда нафақат мамлакатимизнинг турли нуқталари ва мусулмон ўлкалардан, ҳатто ғарб мамлакатларидан келган зиёратчиларни учратиш одатий ҳолга айланган. Чунки, айрим ривоятларга кўра, бу ердаги қабр насроний манбаларда номи тилга олинган Дониёр пайғамбар (Даниил)га тегишлидир. Аммо, баъзи уламолар бу фикрни инкор этадилар. Хожа Дониёл Самарқандга келган саҳобалардан бири ҳз. Қусам ибн Аббоснинг яқин сафдошларидан бири бўлгани айтилади. Бу ҳақда Абу Тоҳирхожа ҳам “Самария”да тўхталиб ўтган.
Даниил - Дониёр пайғамбар ҳақида турли диний манбаларда кўпгина маълумотлар сақланиб қолган. Гарчи Қуръони каримда унинг номи зикр этилмаган бўлса-да, бошқа исломий адабиётларда пайғамбарлар қаторида тилга олинади.
Дониёр исмли пайғамбар ҳазрати Суламон (а.с.) авлодларидан бўлиб, эрамиздан аввалги 603 йилда туғилган. Эр.авв. 586 йилда Бобил ҳукмдори Навухудоносор ҳозирги Қуддус ҳудудини забт этиб, кўп одамлар қатори 16 ёшли Дониёрни ҳам Бобилга олиб кетади. Ҳазрати Дониёр ўзининг гўзал ахлоқи ва покиза эътиқоди билан бобилликлар, ҳатто ҳукмдорнинг ҳам эътибори ва эҳтиромини қозонади.
Ривоятларга кўра, у тушларни тўғри таъбир қила олар, қадимий, сирли битикларни ўқиб, унинг мазмуни ҳам бехато шарҳлаб берарди. Шу боис подшоҳнинг унга нисбатан эътимоди, ҳурмати янада ортади. Бу эса, ҳасадгўй ғанимларга ёқмайди ва Дониёрга қарши фитна уюштирадилар. Подшоҳ фитначиларнинг иғволарига учиб, Дониёрни оч шерлар ётган чоҳга ташлашни буюради.
Шунда, Яратганнинг қудрати билан шерлар уни ғажиб ташлаш ўрнига, оёғига бош қўйиб, итоат этадилар.Буни кўрган подшоҳ Дорниёрнинг айбсизлигига, парвардигорнинг содиқ қулларидан бири эканига ишонади ва уни чоҳдан чиқариб олади. Ўрнига унга туҳмат қилган ғанимларни шерлар олдига ташлайди. Табиийки, шерлар бу ярамас фитначиларни тилкалаб ташлашади.
Сандиқ ичидаги жасад
Ҳазрати Дониёр жуда кўп мўъжизалар билан инсонларни ҳайратга солган. У Бобил салтанатининг келажагини аниқ ва тўғри каромат қила олган. Дониёр пайғамбар жуда узоқ умр кўради.
Бобил салтанатига форслар томонидан барҳам берилгач, Дониёр пайғамбарни Эронга Доро ҳузурига чақиришади. У узоқ йиллар Доро ва Кирнинг саройида маслаҳатчи бўлиб фаолият кўрсатган. У жуда узоқ умр кўрган. Эрамиздан олдинги 531 йилда вафот этади ва қадимги Суза - ҳозирги Эрон ҳудудидаги Шустар (Шуш) шаҳрида дафн этилади.
Аббосийлар даври тарихчии Аҳмад ал-Балозурийнинг ёзишича, Умар ибн Хаттоб (р.а.) халифаликлари пайтида мусулмонлар Суза шаҳрини фатх этишади. Машҳур саркарда ва олим Абу Мусо ал-Ашъарий бошчилигидаги қўшин Суза шаҳридаги бутун хазинани қўлга киритади. Барча олтину жавоҳирлар уч юзта сандиққа жойланади. Фақат биргина сандиқни хазинабонлар беришни истамай, кўз-ёш тўкишади ва унда Дониёр пайғамбарнинг жасади борлигини айтишади.
Сандиқни очиб кўришса, унда яқиндаги жон танасини тарк этган жасадни кўришади. Ҳолбуки бу пайтда орада ўн икки асрга яқин вақт ўтганди. Абу Мусо ал-Ашъарий дарҳол халифага мактуб йўллаб бу сирли ҳодисани баён қилади. Ҳазрати Умар аҳоли ўртасида фитна чиқишини истамаганликлари учун майитни ювиб, иззат-икром билан яширинча дафн этишни буюрадилар. Бошқа бир ривоятга кўра, Дониёр пайғамбар халифанинг амри билан Фирот дарёси қирғоғида дафн этилган.
Эроннинг Шустар шаҳридаги Дониёл мақбараси Дониёр пайғамбар - Самарқандда
Бугунги кунда дунёда Дониёр пайғамбарга нисбат бериладиган бир қанча зиёратгоҳлар мавжуд. Айни пайтда Эроннинг Хузистон вилояти Шустар шаҳрида ҳам Дониёр пайғамбар мақбараси сақланиб қолган. 2007 йилда Ироқнинг Мусул шаҳрида Дониёр пайғамбарга тегишли деб билинган бир мақбара террорчилар томонидан портлатиб юборилган эди.
Энди ўз-ўзидан савол туғилади. Хўш, Дониёр пайғамбар жасади қандай қилиб Самарқандга келиб қолган? Маълумки, Соҳибқирон Амир Темур 1397-1404 йилларда Кичик Осиёга юриш қилади ва Шустар шаҳрини ўн саккиз кун қамал қилади. Қамал пайтида саркардани пайғамбар мақбараси жалб этади. Соҳибқиронга ушбу мақбара қайси юртда бўлса, шу юртдан файз-барака аримаслигини айтишади. Шунда ул зот пайғамбар хокини ўз салтанатининг пойтахти – Самарқандга олиб кетишга аҳд қилади. Айрим маълумолтларга кўра, Самарқанждга Дониёр пайғамбарнинг фақат ўнг қўли ва ўнг оёғи суяклари олиб келинган.
Энг узун қабр
Яна бир афсонага кўра, пайғамбар хокини отга ортиб олиб келишаётган пайтда, от ҳозирги мақбара ўрнига етганида, жойида таққа тўхтаб қолган. Отнинг туёқлари остидан эса, булоқ отилиб чиққан.
Файзли зиёратгоҳ
Шунда Соҳибқирон пайғамбар хокини айнан шу ерда дафн этишни амр қилган, дейишади. Отнинг туёқларидан чиққан булоқ бугунгача сақланиб қолган. Маҳаллий аҳолининг айтишича, суви жуда кўплаб хасталикларга шифо экан. Бугун бу масканга ташриф буюрган зиёратчилар ушбу шифобахш булоқ сувидан ичмай кетишмайди.
Бугун мақбарани зиёрат қилиш учун келганлар қабрнинг ҳаддан ташқари узунлигидан ҳайратга тушадилар. Айни пайтда уннг узунлиги 18 метрни ташкил қилади. Айтишларича, пайғамбар хоки дафн этилганидан сўнг, қабр ўз ўзидан чўзила бошлаган. Кейинчалдик ушбу қабр устида унга мослаб мақбара бунёд этилган. Маълумотларга кўра, дунёнинг ҳеч бир нуқтасида бу қадар узун қабр учрамайди.
Бугунги зиёратгоҳ эса, ХХ асрнинг бошларида тикланган. Бу мақбарани ҳар йили мусулмонлар билан бир қаторда насронийлар ва яҳудийлар ҳам зиёрат қилгани келишади.
Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии
Вход
Заходите через социальные сети
FacebookTwitter