Ҳар кимсага ишонган, вой мани ҳамқишлоқларим...
Сарлавҳа сизга қўшиқни эслатиб, юзингизга табассум югургандир. Аммо ушбу мақолада табассум эмас, дилни хуфтон қиладиган муаммо кўтарилган.
Китоб тумани, Катта Тўпчоқ қишлоғи. Икки ҳамқишлоғим эшигимни қоқиб келди. Иккови ҳам тушкун кайфиятда, кўзларида ишончсизлик туйғуси.
Бири ҳикоя бошлади:
«Ўтган йил узум мўл бўлди. Қувондик. Таниш савдогар билан оғзаки келишув асосида килосини 4500 сўмга келишиб сотдик. Қарзга. Бир ой ўтди, янги йил ҳам келди, ана боринг Наврўз ҳам ўтдики, савдогардан дарак йўқ.
Мардикор ишлаб оилани боқдик. Бор-будимизни сарфлаб, яна токка ўғит олдик, ишладик.
ИИБга ёздик. Жиноят аломатлари топилмади, деган жавоб келди. Прокуратура судга беринг деб жавоб қилди. Суд далил келтиринг, адвокат ёлланг деди. Хуллас ишлар халта бўлди.
Сен ҳам ўқиган одам деб, қора тортиб келдик. Қолган ҳамқишлоқлар ярим пулига (2500 сўмдан) рози бўлиб савдогарга тилхат ёзиб беришди. Биз кўнмадик.
Қишбўйи қорда, баҳорда лойда, ёзда жазирамада қийналиб етиштирган узумни нима учун ярим пулига сотишимиз керак?»
Ўйланиб қолдим. Ёнимдагиларни юпатай десам уларни хурсанд қиладиган далил менда йўқ, «баттар бўлинглар, бошидан сергак бўлиб, савдогарга узум бераётганда хат-ҳужжат қилиш керак эди, ҳар томонлама ўйлаш лозим эди» десам ўлганни устига тепган бўлади.
Бу кичик қишлоқда яшовчи оддий одамнинг изтироблари. Аммо ўша ҳосилга у умрини тиккан. Уй солмоқчидир, болаларига кийим-кечак олиб бермоқчидир...
Бунақа ҳолатлар биз томонларда бот-бот учраб туради. Бир йиллик меҳнатига куйиб кетганлар кўп ва хўб топилади. Хўш?
Дастлаб, соҳибкорларнинг ўзига юзланамиз: ота ўғилга ишонмайдиган замонда нега бегонага борингизни хат-ҳужжатсиз, келажагини ўйламай топширасиз? Юзинг-кўзинг дейдиган замонлар ўтиб кетганини наҳотки англамайсиз?
«Тўпчоқ узумзорлари» деган чалажон ташкилот бор, бизда. Солиқ тўлатиш, мажлис қилиш ва пилла тарқатишдан бошқа юмуш уларга ёт. Нега ҳеч қурса шундай муаммоли вазиятда деҳқонга келиб йўл-йўриқ кўрсатмайди, маслаҳат бермайди? Туман ҳокимлигида ишловчи қишлоқ хўжалиги бўйича мутасаддилар-чи? Фермерлар уюшмаси деган ташкилот ҳам бор, шекилли. Деҳқон кимга маҳсулот сотяпти, эртага тақдири нима бўлади деб қизиқмайдиларми?
Бир муттаҳам келсаю, бутун қишлоқни алдаса, қайси кучишлатар органи мурожаатларга совуққонлик билан қараб, «дело»ни бошқа маҳкама ёки юқори органга оширади?
Мавсум давомида ишлайвериб куйиб кўмирга айланган деҳқон ҳосили пулини ярим йилдан кейин, бунинг устига келишилгандан икки баробар арзонга олса, бунга қандай тоқат қилиш мумкин?
Шу гапларни ёзарканман, ҳали қишлоқда яна бир неча киши шу муаммо ортидан югуриб юрганини эшитдим.
Хулоса ўрнида фақат бир сўз хаёлимда айланди: болаларингизни ўқитинг. Ҳақини танисин. Биров билан конструктив гаплашишни, ишбилармонликни ўргансин, ҳуқуқини билсин ва ўзини паст ҳис этмасин. Шундагина юқоридаги фирибгарлар осондан осон бировнинг ҳаққини раҳна қила олмайди.
Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии
Вход
Заходите через социальные сети
FacebookTwitter