Мобильное приложение Xabar.uz для Android устройств. Скачать ×

Мустаҳкам Тангриёрова

Оққан дарё оқаверади. 

Уят мақол, унутилаётган анъаналар, Габриэле хонимнинг ҳайрати — хино ҳақида билган-билмаганларимиз

Уят мақол, унутилаётган анъаналар, Габриэле хонимнинг ҳайрати — хино ҳақида билган-билмаганларимиз

«Ҳайит ўтгандан кейин хинони...» деган мақол халқ орасида ҳамон ишлатилади. Қўполроқ нақл. Ўзбек тилининг изоҳли луғатида бу мақолга шундай таъриф берилган: «Ўз вақтида қилинмаган иш, кўрилмаган чора тадбир ҳақида айтиладиган ибора».  Мақолнинг яна бир, ҳайитда хино қўйилиши, оро берилиши керак деган маъносига эса кўпчилик эътибор бермайди. Яқинларгача, ҳар бир хонадонда хотин-қизлар Ҳайитни хиносиз ўтказмаган.  

Болалигим хиноси

Самарқанднинг асосан нонвойлар яшайдиган Кўлобод маҳалласида ҳам шу удум бор эди... (Бугун ҳам қисман сақланган) Мен, тор кўчалари Сиёб бозорига олиб борадиган ўша қадимий маҳалладаги оддий бир хонадонда улғайганман. Ҳайитларни қўлларимизга хино боғлаб беришлари учунгина орзиқиб кутган қизалоқлардан бири бўлганман.  Эсимда, аввал рўзғордаги аёллар бажарадиган ишлар саранжомланар эди. Кейин жам бўлган хотин қизлар олдига дастурхонга ўхшатиб мато ёзиларди. Идишда бўтқа ҳолига келтирилган хино ўртага қўйиларди. Мен ҳам, опам ҳам ҳали мактабга чиқмаган эдик шекилли, қўлларимизни очиб хинони  бирваракайига чаплатишар, кейин мушт тугдириб, бокс қўлқопи кийгандек, устидан латта билан боғлаб қўйишарди. Бўйлари етилиб қолган холам, аммамлар эса кафтлари, бармоқ учларигача хол-хол нақшлар чизишарди, бир-бировларига ёрдам беришарди. Улар туни билан қўлларини очиқ ҳолда ҳушёр ётишлари керак бўларди.   Бувим эса «Хино қўйиш савоб» дея такрорлайверарди. Бувим хар хил нақшга ҳавасманд эмас, хинони худди биз қизчаларники каби кафтларидан бармоқ учигача  шуваб қўярдилар холос. «Расм-қоидаси аслида шу» дер эдилар. Онам эса инжиқлигимга жавобан катта бўлганимда хол-хол нақш қўйиб беришларини айтардилар. Хинонинг ўзига хос ажиб бир ҳиди бўларди... Хиноли қўллар эрталаб ювиларди. 

Капалаклар қўлингга қўнганда...

Бугунги хинолар ярим соат, бир соатда энади,-дейди Самарқанддаги тиббиёт коллежида таҳсил олаётган Азиза Асадова.

Азиза қарийб ўн йиллик келин.  У Самарқанддаги «Афросиёб» маҳалласига келин бўлиб тушган. Янги  хонадонида ҳар ҳайитда хино қўйилиши қатъий  анъана экани боис ўзи ҳам шунга мослашиб кетди. Эслашича, «Фақат бир марта, аммапошшо, дадажоннинг опалари оламдан ўтган йилда хино қўймадик».  

«Бугунда хино нақши учун махсус трафаретлар чиққан. Кейин хинонинг ўзи ҳам тюбикда тайёр ҳолатда, унга ортиқча ишлов беришга ҳожат йўқ. Аяжон гапириб берадилар, авваллари хино қўйганда туни билан уйқуда ҳаловат бўлмас экан» самимият билан гапиради суҳбатдошимиз.

Азиза оқшом қизалоғи Сабрина, қайнопасининг қизи Райҳоналарга биринчи бўлиб хино қўйишган. Нақшларни қизчаларнинг ўзлари танлашган. Сабринанинг нақшлари орасида капалакчалар ҳам бор.  «Аяжон эса менга нақш керакмас,  дедилар, оддийгина қилиб хол-хол хино қўйдик», дейди келин.

Бу хонадонда хино кўпроқ болалар ички дунёсини бойитиш учун қўйилиши айтилди. Ҳозирда Ўзбекистонда ҳайит олдидан хино қўйиш удуми барча оилаларга хос эмас. (Мақолада хинони тарғиб қилиш эмас, маълумот бериш мақсади қўйилган) Аммо Азиза яшаётган қадимий маҳаллаларда озми-купми, арафа оқшомида хино қўйишни канда қилмайдиганлар бор.

«Қўлимдаги бўёқ туфайли «зачёт» қўйишмаган...»

Самарқанд Давлат университетидаги талабалик йиллари 70-йиллар охирларига тўғри келган аёл гапириб қолди. 

Атеизм деган фан бўларди. Бир неча кун аввал меҳмонга келган аммаларим билан қўшилиб қўлимга хино қўйганим ёдимда йўқ, синовга иккиланмасдан кирдим. Ўқиган эдим-да. Домламиз аёл киши эди, савол ҳам бермади, «Қўлингиздагини ўчириб келганингда савол бераман» деди, - эслайди Малика опа. Унинг айтишича, хинони ўчириш жуда қийин бўлган. «Тошларга ишқаладим, ўчирилмади. Аксига олиб 15-20 кунгача ҳино бўёғи тураверди-да».

Хинодан фойдаланиш камайиб кетганига шунга ўхшаш ҳолатларнинг таъсири бўлгандир эҳтимол. Анъананинг чекинишига, балки  Ғарбга яқинлашиш жараёнлари ҳам ўрин тутгандир.  

Маълумотларга кўра, хино исломдан анча олдинроқ ҳам кенг қўлланилган. Шимолий ва Шарқий Африкадан бошлаб Ҳиндистонгача бўлган тропик иқлим кенгликларни эгаллаган бутазорлардан, аниқроғи, ана шу бута баргларидан олинадиган ҳино тиббий хусусиятлари билан машҳур бўлган. «Қадимда хина яраларга қўйилган, суяк, тери касалликларида, бош оғриғида, қон босимини тушириш учун қўлланилган. Хина пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) томонидан соч ва терини бўяш учун тавсия қилинган воситадир. Терида хинанинг бўлиши унга сув етишига тўсқинлик қилмайди, шунинг учун хинани қўллаш таҳоратни ҳам, ғуслни ҳам бузмайди», деб ёзади islom.uz нашри.

Габриэле Келлернинг ҳайрати  

Германиялик этнограф, фольклоршунос олима, сураткаш ва шоира Габриэле Келлер ўтган асрнинг 90-йилларидан бошлаб Самарқандга кўп маротаба келди. Унинг «Самарқанд эртаклари» китоби, қатор экспедициялари асосидаги тадқиқотлари, полотноларда акс этган қаҳрамонлари образи  ана шу сафарлар меваси эди. Габриэле хоним Самарқандга неча марта келса, ҳар сафар журналистлар учун қизиқ бир мавзу топиларди. Бир гал ўзбек аёллари  ҳаёти, урф одатлари акс этган суратлар кўргазмасидан сўнг ҳамкасбларимиз билан Габриэле хонимни суҳбатга чорламоқчи бўлдик. Кўргазма ўтказилаётган музей раҳбарияти, шаҳар ҳокимлиги вакиллари эса бизни четлаштириб уни ичкарига олиб кириб кетишди. Биз маълумотларни олишимиз керак эди, «ҳай-ҳай»лашларга қарамай хос даврага кириб бордик. Истар-истамас, ноилож бизни ҳам ўтқазишди. Саволларимиз ўзимизда қолиб,  ноқулайликдан қимтиниб ўтирар эдик. Кўп қатори бизларга ҳам пиёлалар узатилди. Габриэле хоним кўзи қири билан бўлса ҳам ҳамма жиҳатларни назорат олиб турган экан. «Овози Самарқанд» газетасидаги мухбир қизимиз, унга узатилган пиёлани олаётганда, у бирдан ўрнидан туриб кетди. Габриэле хонимнинг кўзлари катта-катта очилган, ҳайратини яширолмай, «Ажойиб, ажойиб» дер эди, ноёб бир топилма топганини қайта-қайта такрорларди. Олмон олимаси ёнимизда ўтириб камерасида тасвирга туширар ва таржимон орқали саволларимизга жавоб берар эди. У тадбир охиригача энг пастда ўтирган хиноли қизимиз ёнидан кетмади...

«Хино оқшоми»га марҳамат!

Туркия катта қисми Осиё, кичик бўлаги Европада бўлган давлат. Шундан, мамлакат  аҳолиси турмуш тарзида Европа маданиятининг таъсири бўлиши табиий ҳол. Масалан, қачонлардир фойдаланилган бешикни Туркия хонадонларида топмайсиз. Бундай мисоллар яна бордир. Лекин мавзу борасида туркларнинг «Ҳино қўйиш» оқшомига тенг келадиган удум бошқа халқларда учрамайди. Асли ўзбекистонлик, бугунда Анталиядаги етакчи университетлардан бирида таълим бераётган Феруза Иззат  Туркиядаги  ўзига хос урф- одатларни ҳам ўрганиб бормоқда. Унинг маълум қилишича, ҳар бир тўй бўладиган қиз узатилиши олдидан дугоналари, яқинлари учун қиз базми шаклидаги маросим ўтказади. ва бу тадбир «ҳино оқшоми» деб аталади.  Ўйин кулгуга йўғрилган кечанинг мантиқий қисми келин бўлмишнинг қўлига хино қўйилиши экан.

Юзида ҳарир ёпинчиқли қиз мушт тугилган қўлларини очавермайди. «Келинимиз қўлини очадими?», «Йўқ» дейишади дугоналар. Яна сўрашади. Яна жавоб «Йўқ» Қайнонасини чақиришади. Унинг ёрдами билан қўллар очилади, хино қўйилади. 

Ҳозирда Ўзбекистоннинг қадимий урф одатлар сақланиб қолган ҳудуларида унаштирилган қизга ҳайитлик юборилганда, совғалар орасига албатта хино ҳам қўшилади.

Ҳиноми, хиноми, хинами ёки хна?

Хино Шарқ классик шеъриятида кенг қўлланган.

«Нима қилсанг, гўзал пари, қилгуси мен учун бари

 Ранг ила ўсмаю ҳино янги ва янги, хилма-хил.

Тонг ели, эссанг ҳар қачон гар ўша дилбарим томон,

Ҳофизнинг арзин эт адо янги ва янги, хилма-хил» деб ёзган Ҳофиз Шерозий (1325-1388)

Навоийнинг қўйидаги байтларини ким ўқимаган (бўлмаганда эшитмаган) дейсиз?

Таковарингға бағир қонидин ҳино боғла,
Итингға ғамзада жон риштасин расан қилғил.

 Зебунисонинг машҳур «шоҳ қизи бўлсам-да, қилдим фарқ йўлин ихтиёр» деган сўзлари бор ғазалида ҳам ҳино сўзи ишлатилган.

Зоҳиримдур ғозаранг, аммо ниҳоним қон эрур,
Ўз ичига сақлагандек қип-қизил рангни ҳино.

 Ҳино лой билан қарама-қарши қўйилган тўртлигида Паҳлавон Маҳмуд бу образдан тарбиявий мақсадда фойдаланади. 

Бундай мисолларни ўнлаб келтириш мумкин. Сиз эътибор бериб ўқинг. Классик адабиётда ҳайитда қўйиладиган бўёқ «Ҳино» деб ёзилади. Замондош шоирларимизда эса ушбу сўз «Хино» тарзида қўлланади.

 Есениннинг  «Эрон тароналари»да

Қилмаганман Боғдодга сафар,
Карвон билан элтмадим хино,

деган мисралар бор.  Есенинни таржима қилган Эркин Воҳидовнинг ўз ижодида ҳам, Абдулла Орипов ва бошқа қатор  шоирларимиз ҳам хино сўзи қўлланилган битиклари кам эмас. «Бодайи гулгун ичиб, рангим хино қилмоқчиман» (Ҳабибий), «Мен жим ётарману қирда ё жарда ва йиғлаб ўпарман қўлинг хиносин»  (Муҳаммад Юсуф)

Луғатларда, илмий мақолаларда эса «хина» деб ёзилаяпти.  Дўконлардаги маҳсулот қадоқларида эса «хна» деган сўзни ўқиймиз. Илмий тадқиқотга даъвогарчилигим йўқ. Лекин ўзбек тилшунос олимлари шу сўзни бир аниқ шаклини тавсия қилмасалар, яна бешинчи шакли пайдо бўлмасайди. Мен эса тўрт хил манбадан фойдаланар эканман, бир мақолада бир нарсани тўрт хил шаклда ёзишим керакми?

Мақоланинг шу қисмини лирик чекиниш деб қабул қилинг. Лекин мана шу ҳолатнинг ўзи ҳам нималарнидир англатади.

Юртимизда Ҳайит халқ байрам деб эълон қилинганига анча бўлди. Ҳайитлар билан боғлиқ этнографияни ҳам чуқур ўрганиш, тарихга муҳрлаб қолдириш муҳим.

Ҳайит муборак бўлсин!

Комментарии

Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии

Вход

Заходите через социальные сети