«Боғибаланд»га туризм маҳалласи мақоми берилди: бу анжирзорни муаммолардан қутқара оладими?
Боққа кириб бораверар экансиз, анжир ҳиди димоқни қитиқлайди. Анжирзор орасидаги улкан ўрик соясида кўрпачалар солинган чорпоя, саранжом стол-стуллар. Тўрқовоқларда беданалар тинмай сайрайверади.
Тепангда ипга тизилган анжир қоқи. Парда орқасида ўчоққа ўт қалашаяпти. Ўчоқ ёнида самовар. Бу ердан нари борса 100-200 метр наридаги ғиз-ғиз автомобил қатнаб турган катта йўл, унинг атрофидаги ғала-ғувурли дунёни бир дам унутасан киши. Зеро, шаҳар шовқинини дарахтлар буткул ютган. «Шароф бобо чайласи» деган йўл кўрсаткичи орқали топиб келган масканимдаги манзара эди бу.
Бу мўъжаз боғ Сиёб бозоридан Самарқанд Халқаро аеропортига томон бор-йўғи тўрт бекатлик йўлда. Боғибаланд Темурийлар боғларидан бири сифатида таъкидланади. Бугундаги Боғибаланд ярим, бир гектарлик алоҳида-алоҳида боғлар (жами 40 гектар боғ) ва уларга туташган ҳовли-жойлардан иборат маҳалла. Ҳа, шаҳар ичидаги плантация. Самарқандда «Анжир сайли» дейилганда шу жойни тушунишади.
Куни кеча «Боғибаланд» маҳалла фуқаролар йиғинига «Туризм маҳалласи» мақоми берилди. Бу ном замирида табиийки анжирчилик турибди.
...Тадбирдан бир ҳафталар муқаддам Боғибаланд маҳалласида бўлдик. Аввало Шарофиддин бобо Аслиев боғида самимий, хокисор инсон билан маза қилиб суҳбатлашдик. Кейин Ўктам бобо боғига ўтдик. Билимдон инсон эканлар. Сўнгида Рустам ака Муиновни топдик. Хуллас, яхши анъаналар, хотираларни айтишди. Лекин анжирчилик келажагига бўлган хавотирлар эътиборимизни тортди.
Анжирзорни ёшлар нега тарк қилмоқда?
Шарофиддин Аслиев (Шароф бобо) 75 ёшда. «Эсимни танибманким, боғ ичидаман. Лекин ўз ҳовлимизда ҳам 20 тача анжир дарахти бор эди. 70-йиллар бошларида дадам колхоз таркибида шу боғни олдилар. Боғнинг мана бу томондаги дарахтларини, 73 йилда, армиядан қайтиб келган пайтимда ўзим экканман. Чорпоя орқасидаги томонда эса 150-200 ёшли дарахтлар бор», дея ярим гектарлик боғи билан обдон таништиради ота.
2006 йилда фермер хўжаликларига ўтилганда, худди шу жой Шароф отага қолган. Аниқроғи, маҳалладаги 40 гектар ер 4 та фермерга берилган ва ҳар бир фермерга бир неча боғбон расмийлаштирилган. Шундай бўлса ҳам боғбонлар ўзларича ишлайди. Ўзлари суғоради, ўзлари дорилайди, ҳосилни ўзлари сотади, ҳеч кимга ҳисоб бермайди, ҳеч ким уларни тергамайди.
— Анжирнинг иши оғир, бутун оила банд бўламиз. Камига ёрдамчилар ҳам ёллаймиз. Парваришдаги харажатлар йилдан йилга ортиб бораяпти. Лекин, дадамнинг меҳнатлари сингган дарахтлар булар... — сокин гапиради ота.
70 ёшли Ўктам Рофеевнинг боғи эса бир гектар. Ўктам бобо ҳам боғининг азизлигини отаси хотираси билан боғлайди:
— Бу боғ гарчи фермер хўжалиги таркибидаги жой бўлса ҳам, дадамдан мерос деб биламан. Дадам умрлари мана шу анжирзорда ўтган. Кекса анжирларда дадамни қўллари излари бор. Дадамнинг руҳлари қақшамасин деб улардан ҳам зиёда қарашга ҳаракат қиламиз.
Шароф бобо, Ўктам бобо каби ёши улуғ боғбонларнинг ҳар бири эҳтимол шу гапни айтар. Аммо, улар ҳозирда ёшлар анжирзорда ишлашни истамаётганини ҳам бир овоздан таъкидлашади.
Шарофиддин ота ўғли Шаҳобидинни сўнгги йиллардагина ёнига олганини айтади.
— Бир неча йил аввал иши оғир ва пули кам, боғда ишламайман деб Россияга кетиб қолди. Тушунтирдим. Боғни кимгадир берсак, совуқ урдиради ёки иссиқда қуритади, қаролмай қолади дедим, аждодларимиз ўтган жой, руҳлари қақшайди дедим.
Шаҳобиддин стоматолог мутахассислигига ҳам эга. Боғда иши кўплигидан суҳбатга чорлолмадим. Шаҳобиддиннинг ўғли Самарқанд давлат тиббиёт университетида ўқийди. Телефон кавлаштириб ўтирган йигитчага «келажакда сен боғни бошқара оласанми?» дедим. У ҳайратланиб «Йўғ-э» деб ўрнидан туриб кетди...
Шароф бобо ўғли «оилавий шунча ишлаб, катта харажат билан ҳосил кўтарганга яраша йилда 2-3 минг доллар даромад олсак эди» дейишини эслатади.
Ўктам бободан Боғибаланд анжирчилиги ва ёшлар ҳақида фикрини сўраганимизда «Доимо ўйлайдиган гапимни айтаяпсиз-да» дейди. «Бугунги ёшлар мана шунча киши бўлиб шунча ишлаяпман, мана бунча харажат бўлаяпти. Ҳосил қанча фойда бераяпти деб ҳисоблаб кўради. Нарх-наво билан даромад ўртасида баланс бўлиши керак» дейди боғбон.
Ўктам бобонинг ҳам худди Шароф бобо каби ёлғиз ўғли ва икки қизи бор. Бу оилада ҳам икки қиз чиқарилган, уларнинг боғ ишларига алоқаси йўқ. Бобонинг ўғли Зиёдулло Самарқанд Давлат чет тиллар институтидан кейин Санкт-Питербургда авиация олийгоҳида таълим олган. Ҳозирда Самарқанд Халқаро аеропортида йўловчиларни рўйхатга олиш агенти. Аммо анжир терими мавсумида ўзи ҳам, шифохонада бош ҳамшира бўлиб ишлаётган аёли ҳам меҳнат таътилига чиқишган. «Қийин иш бўлса ҳам бобомдан мерос бу» — Ўктам бобо оҳангида гапиради у.
Бироқ, анжирзор ишидан кетаётган ёшлар кам эмаслиги факт. «Боғибаланд анжирлари» фермер хўжалиги бошлиғи Рустам Муҳинов аниқ рақамлар устида тўхталади. «Ҳар йили 4-5 та ёшларимиз ишини топшираяпти. Мана шу йил ҳам 4 нафар йигитимиз боғидан воз кечди» дейди Рустам ака.
Хўш, нега? Бу йили бозорнинг олд анжири килоси 25-30 минг сотилаяпти. Арзон эмас! Анжир шу нархда кераклича даромад бермайдими?
Зиёдуллонинг айтишича, энг оғир меҳнат ва катта харажат ҳосил йиғиб олинганидан сўнг бошланади. «Аввало ерга яхлит сув берилади. Мардикор ишлатасиз. Кейин дарахтларни кўмиш учун махсус хас – лух сотиб олинади. Каттагина пулга тушасиз. 100-200 йиллик дарахтларнинг улкан шохларини эгиб кўмиш учун камида 10-15 киши керак. Яна мардикор ишлатасиз, кунига ҳар бирига камида 200 мингдан бўлади. Уларнинг еб-ичишини таъминлайсиз. Бир кунга 10 нафар мардикор ишлатсангиз қанча бўлади? 5 кун, 10 кунда-чи? Ҳар йили солиқ ошаяпти. Анжир сотилганидан тушган пулнинг 60-70 фоизи ўзининг харажатларига кетади»
Лух, унинг устидан тортилган бир машина тупроқ...
Лух — асосан балиқлар боқиладиган сувда ўсадиган ўсимлик. Балиқчилик хўжаликларида ҳовуздан лух ўриб олиб чиқилиб, боғ-боғ қилиб сотилади. Анжир бошқа меваларга қараганда нозик, совуққа чидамсиз, дейишди. Октябрь ойида анжирни кўмиш совуқдан асрашга қаратилган тадбир экан. Боғдаги дарахтларга эътибор бериб қарасангиз, шохларни айри кўтариб турибди. Шароф бобо ҳикоясидан: «Кузда ана шу айриларни олиб остига арқон ташлаймиз. Бу ишда 15 киши бўлиши керак, одам кам бўлса уддалаш қийин. 6, 7 киши икки томондан улкан шохларни (уларнинг баъзилари ерга ётади, баъзилари ётмайди) тўплаб арқонда қисиб тортади. Шунда шохлар ихчамлашади. Кейин уларни ерга ётқизиб, бояги айри шохлар унинг устидан терилади. Қисиш жараёнида синган, зараланган шохларни ҳам қўшиб қўямиз. Шундан кейин унинг устига лух деган хас ёйилади. Жиззах томонлардан, Пайариқдаги балиқчилик хўжалигидан олиб келамиз».
Рустам Муинов авваллари яқингина жойдан лух ташилганини таъкидлайди. «Шу лух деган нарсани Зарафшон дарёси атрофидан аравадами, бошқа уловдами олиб келишган. Ҳозир Зарафшон дарёсининг суви камайган. Лух ўсмай қўйган. Челакдаги балиқчилик хўжалигида эса лух бор. Бизлардан 52 километр узоқликда. Уни олиб келиш учун транспорт ҳам қимматлашиб кетган».
Ҳар бир анжирга унинг катта-кичиклигига кўра, 20, 25 ёки 30 боғ лух кетаркан. Ярим гектарлик боғда 60 тупдан 80 тупгача анжир дарахти бўлиши мумкин. Дейлик, энг кам ҳолатда 60 туп дарахти бор боғбон ўртача ҳисобда лух ишлатганда ҳам бир ярим минг боғ керак бўлади. Ўтган йили лухнинг бир боғини 4 минг сўмдан олишган. «Бу йил яна қимматласа керак», башорат қилишди боғбонлар.
Лух кам тўшалганда анжирни кўмишнинг фойдаси бўлмас экан. Ундан кейин бир туп анжирнинг устига бир машина тупроқ босилар экан. «Кузда шу бир мошин тупроқ тортилади, баҳорда шу бир мошинни яна устидан кўтарасиз. Бир гектар ерда 120-150 туп анжир бор. Борингки, 100 мошин тупроқ денг. Ҳаммаси қўл меҳнати билан. Техника билан бир синов ўтказдик. Эксковатор устига бирдан кўп тупроқ ташлади, анжир синиб кетди. Анжирнинг устида тупроқни аста-аста ташлаш керак» аниқлик киритади Рустам Муинов.
Зиёдуллонинг ҳисоби билан айтганда, кунига 10 мардикорга 2 млн (15 тасига 3 млн) кетса, улар ҳафталаб ишласа, лухдан ҳам кўра мардикорга харажат катта бўларкан.
Ўтган кузда лухни кам қўйишганми ёки тупроқни етарлича тортишмаганми, кўкламда Боғибаландда анчайин анжир дарахтини совуқ ургани маълум бўлди. Ўктам бобо анжир саватларини машинага ортиб бозорга жўнаб кетгач, уларнинг аёли Меҳри ая Иброҳимова билан суҳбатда ана шу гап устида тўхталдик.
— Шу қиш 16 та боғни совуқ уриб кетди. Ўртача 50 туп дарахти бўлса ҳам, ҳисобланг қанча бўлади бу. 1000 тупдан кўп дарахтни совуқ урди, — куйиниб гапирди ая.
Бошқа боғларда ҳам айрим шохлари ёки дарахтларнинг ўзи тўлалигича зарар кўргани маълум. Рустам Муинов эса қишлар илиқ келганидан айримлар дарахтни кўммай қўйишга одатлангани, совуқ урган ҳолатларнинг бир қисми ана шундай анжирлари умуман кўмилмаган боғлар билан боғлиқ, дейди.
Сув муаммоси
Анжирзорнинг яна бир дарди — сув. Ўтган йили айни саратонда Обираҳмат ариғидан сув келмай қолганидаги аҳволни Боғибаланд аҳли яхши эслашади. Ўшанда журналист Тошпўлат Раҳматуллаевнинг мавзуга оид мақоласидан кейингина ариққа сув келди.
Журналист сўнг «Анжирзорга сув келган, Обираҳмат ариғи тўлиб оқмоқда. Аммо бу қанча вақт давом этади?» деган саволни ўртага ташлади. Ваҳоланки, мақола ортидан Самарқанд эшкак эшиш канали ҳудудида «Самарқанд туристик маркази» қурилиши давомида Обираҳмат ариғининг ўзани ўзгартирилгани маълум бўлди. «Энди сув канал тўлиб бўлгач, Обираҳмат ариғига ўтади. Каналдан табиий равишда сув чиқмаган пайтда уни насослар билан ариққа оқизиш лозим бўлади» деб давом этади журналист. Ёшлар ҳам, қариялар ҳам ўша насослар бир куни ишдан чиқмаслигига кафолат борми, деган мулоҳазани ўйлаши табиий.
Қолаверса, бу йил ҳам сув танқислиги озми-кўпми сезилди. Рустам Муинов Обираҳмат тарихий ариғи аҳоли томонидан сунъий равишда кичрайтирилаётганидан афсусда. «Ҳозир ариқнинг икки томонига уй қуриб ариқни ёпиб олишган. Ариқ айрим ҳовлилардан ўтганида уни бетонлаб кичкина ариқча шаклига келтириб қўйишган ёки устини буткул ёпишган. Кириб тозалагани, кавлагани ҳам қўйишмайди. Юқоридан сувни очиб келсак, уйини сув босаяпти. 2 та мотор қўйиб сув чиқаришди, барибир кам».
Зиёдулло ҳам Рустам аканинг фикрларини қувватлади, анжир тугиб бўлганидан кейин ости имкон қадар нам бўлиши кераклигини уқтирди.
Экспорт қилиб бўлмайди, қайта ишлаш корхоналари йўқ
Анжирни экспорт қилиб бўлмайди. Тезда бузила мева бу. «Турса 8 соат туради» дейишди. Анжирни бошқа мевалар каби улкан совиткичларда ҳам сақлаб бўлмайди. Барибир ачийди. Меҳри ая дубайлик оила икки кило сариқ ва икки кило қора анжир олиб кетганини ҳикоя қилди. «Қораси яхши борибди, сариғи эса айниб қолибди. Оқшомда, янги терилганини олиб кетганди. Тонгда учган» дейди ая.
Айнан сариқ анжир Боғибаланд бренди ҳисобланади ва Самарқандда қора анжирга талаб жуда кам. Бир вақтлар вилоятда консерва заводи ишлаб турганда, тонна-тонналаб анжир мураббога топширилган. Ҳозир эса Боғибаланд анжирини мураббо учун йирик ҳажмда оладиган бирорта кичик корхона бўлсин, цех бўлсин — йўқ.
Боғибаланд фермерлари маҳсулотни давлатга топширмайди, балки маълум миқдорда пул ўтказади. Боғбон ҳосилини тўғридан-тўғри ўзи бозорга чиқариши бир томондан уларга қулайлик. Лекин айни бир ойлик йиғим мавсумида боғбон оиласи учун энг тиғиз пайт. Пишгани дарров териб олинмаса тўкилиб кетаверади, ёрдамчиларни назорат қилиш керак. Терилганларни навларга ажратиш лозим. Анжирхўрликка келган меҳмонларни кутиб олиш, кузатиш ҳам муҳим. Шундан, аксарият ҳосилни савдогарларга беришади. Ҳосил икки идишга ажратилади. Мураббога ярайдиган анжир нархи дастурхонга тортиладиган анжирдан икки-уч баравар паст юради. Тўғри, унисини ҳам, бунисини ҳам олишади, қолмайди. «Лекин, қандайдир корхона мурабболигини катта миқдорда пешма-пеш олаверса, бизга анча ёрдам бўларди», дейди Шарофиддин бобо.
Рустам ака эса тўрт-беш йилча аввал ўтказган бир тажрибасини гапириб берди.
— Ички бозорни ўрганиш учун 2 минг банка мураббо ёптирдим. Уй шароитида, тоза-озода, санитария талаблари асосида тайёрланган мураббо. Ўша пайтда ярим литрлик банкаси 3600 сўм нарх билан чиқди. Мен мана шу маҳсулотни Самарқанднинг ҳамма заводларига олиб бордим. Ҳар бир банкага меҳнат ҳақини қўшиб 4000 сўмдан таклиф қилдим. Бу ўшанда ҳам жуда паст нарх эди. Истаган лабаратория текшируви ўтказинглар, талабга жавоб берса, олинглар дедим. Йўқ, ҳеч текширув ўтказмай, рад қилаверишди. Шундан кейин анча оворагарчилик билан кичик-кичик дўконларга тарқатдим.
Бу йил ҳам Рустам ака боғида анжир мураббо пиширилаяпти. Бир литрлик банка 50 минг сўм, ярим литрлиги 30 минг сўм. Меҳмонлар сўрашар экан. Шунда мен супермаркетларимизда Қозоғистонда тайёрланган, 400 граммлик идишдаги хилма-хил (анжирлиси ҳам бор) мурабболарни 40 минг сўмдан сотилишини эсладим. Ҳамма учун ҳам чўнтакбоп бўлмаган Хитойдан импорт қилинаётган турли мева қоқилари кўз олдимга келди. (Озроқ сутга 7-8 дона анжир қоқиси солиб қайнатиб ичилганда, қишда йўталга қарши энг яхши дори).
«Қишлоқ хўжалиги маҳсулоти учун ер солиғини шаҳарчасига тўлаймиз»
Юқорида ишора қилинди, Боғибаланд Самарқанднинг машҳур локацияларидан бири — Сиёб бозоридан 4-5 километрча масофадан бошланади. Бу жой яқинларгача Самарқанд туманига қарашли эди. Анжирзор 2011 йилда Самарқанд шаҳар тасарруфига ўтказилди. Энди унга қишлоқ эмас, маҳалла деган сифат ишлатилса ҳам, анжирчилик аҳолининг асосий фаолият тури бўлиб қолаверди. Фермер хўжалиги таркибидаги 72 оила ўз боғларида одатдагидек ишлайвердилар. Бугунда Ўзбекистонда шаҳарга қарашли ҳудудда қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирадиган ягона маҳалла — шу Боғибаланд. Ҳозирга қадар бу ҳолатнинг боғбонларга оғирлиги бўлмаган. Лекин...
— Шу пайтгача ер солиғини туманга бериб келганмиз. 2023 йили шаҳар, ер бизники бўлса, солиқни бизга берасиз деяпти. Шаҳарда эса ер солиғи қишлоқ хўжалигига ихтисослашган туманлардан фарқ қилади — қиммат. «Илгари ер солиғи учун туманга бир сўм берган бўлсак, шаҳарга икки сўм тўлашимизга тўғри келаяпти», дейди Рустам Муинов.
Шусиз ҳам қариялар ўтганлар руҳи, ёшлар ота-оналарининг сўзидан ўтолмай ишлаётганини айтиб туришибди. Январдан бошлаб ер солиғи икки баравар ошганини кўпчилик йил охирида сарҳисобда билишади...
Дарахтлар атайлаб қуритиладими?
Мавсум давомида «анжир сайли» дейилмаса ҳам ҳар куни, ҳар бир боққа меҳмон келади. Одатда анжирхўрлик эрталаб, нонуштага мўлжалланади. Шароф отанинг боғида меҳмонларнинг ўзаро суҳбати диққатимни тортди. Анави ўртада ўтирган киши анжирзорга Брежневу Хрушёв, Шароф Рашидов келганини эслади. Унинг айтишича, генерал Дўстум ва Бурҳониддин Раббоний ҳам шу ерларда меҳмон бўлган экан.
Аълам Бурҳонов мустақилликкача ва ундан кейин ҳам Боғибаландда участка инспектори бўлиб ишлаган экан. Меҳмонларни кутиб олишда қатнашганини айтди. Аълам ака кейин яна бир оғриқли жиҳатни тилга олди.
— Бир вақтлар анжирзор 80 гектарли боғ эди. Ҳозир 40 гектар чиқяпти. Бизлар ўтган асрнинг 78-йилида мактабни битирганда, мана бу автовокзал, ресторанларнинг ўринлари – ҳаммаси анжирзор эди. Орада иккита мошин ўтадиган тор йўл бор эди холос, қолгани анжирзор эди. Боғнинг тўрт томонидан участка қуравериб, қисқартириб келишаяпти. Шуни энди жойига қўйиш керак. Мисол учун, уй-жой керак бўлса ҳокимиятга ариза берса, ана Чўпонотадан ер беряпти, Самарқанд тумани ҳудудидан ер беряпти. Лекин бу боғни бузиб ташлаш мумкин эмас-да. Бу – тарих!
2006 йилда, деҳқон фермер хўжалигига ўтилганига қадар Самарқанд тумани «Зарафшон» колхози таркибида анжирзорда бригада бошлиғи бўлган Рустам Муинов 90-йиллардан бошлаб ҳеч кимга уй-жой учун ер берилмаганини айтади. Лекин, истисно тариқасида кимларгадир берилган экан. Аълам Бурҳонов эса «Қуриётган, аниқроғи, қуритилаётган боғлар, бу янги участкалар учун тайёрланаётган ерлардир» деган гапни тилга олди.
— Атайлаб қишда анжирни кўммаётганлар ҳақидаги гаплар қулоққа чалинади. Назорат ўрнатиш керакмикан? — дейди Аълам ака.
Боғибаланддан вилоятнинг бошқа ҳудудларига ҳам анжир кўчатлари олиб бориб экилаяпти. Лекин уларнинг меваси таъми ҳам, ранги ҳам Боғибаланд анжиричалик эмас. Аълам ака гапираётганда ана шу маълумот ёдга келаверди...
Юқоридагилар анжирзорда тўплаган маълумотларнинг ярми ҳам эмас. Айтилмаган гаплар ҳали кўп. Кашф қилганларим ҳам. Анжир гулини кўрган одам йўқ экан. Анжир йилига икки марта ҳосил беради. Анжирни – жаннат меваси, дейишлари бежиз бўлмаса керак.
Ҳар ҳолда Темурийлар давридан мерос Боғибаландга «Туризм маҳалласи» мақоми берилгани қувонарли. Шу баҳонада маҳаллада инфраструктура объектлари ва хизмат кўрсатиш жойлари ташкил қилинди, турли қулайликлар яратилди. Энди сайёҳлар кўпроқ келиши кутилади. Буларнинг ҳаммаси яхшиликка, албатта.
Лекин, меҳмонлар кўпайиши ёшларни боғдорчиликка қайтаришга етарли омил бўла оладими? Масаланинг қишлоқ хўжалиги, сув хўжалиги вазирликлари, солиқ қўмитаси, маҳаллий ҳокимликларга алоқадор жойларини Туризм қўмитаси уддалай олмайди, деган хавотирдамиз.
Мустаҳкам Тангриёрова
Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии
Вход
Заходите через социальные сети
FacebookTwitter