Сароб орзу-ҳавас қурбонлари
Бир оиланинг уч ўғли, икки қизи бор. Уларнинг икки нафари ногирон. Сабаби — уларнинг ота-онаси опа-сингилларнинг фарзандлари. Айнан икки боланинг ногиронлиги — бахтсизлигига мана шу оналар — опа-сингиллар айбдор.
Ана шу ота-онанинг оила қурган ўртанча ўғли 18, 19 ёшли қизларини оралатиб турмушга узатди. Бу қизларнинг онаси қайнонасиникига, яъни мен сизларга айтиб бераётган хонадонга меҳмонга келганида, қизларингизни бунча эрта турмушга беряпсиз, дедим. Ушбу хонадоннинг келини, яъни қизларнинг онаси: «Қизларни эр чиққанида узатган яхши» деб жавоб берди. Ҳатто иккинчи қизига маблағ тополмай (эрининг иши юришмай) яна бутун оғирлигини қайнота-қайнонасига ташлаганидан ҳам хабарим бор. Шунда ўйлагандим: «Нимага булар кўрпасига қараб оёқ узатмайди, қизларини эрта эрга бергани етмагандай... яна ҳеч қандай тайёргарлик кўрмасдан тўй қилишдан нима фойда».
Орадан тўрт йил ўтди. Аёлнинг катта қизи уч боласи, кичиги бир боласи билан ота уйига қайтиб келди. Катта қизининг эри тинимсиз калтакларкан, иккинчи қизининг эри ароқхўр, бола ногирон туғилгани учун қайнонаси ҳайдаб юборибди. Айни пайтда катта қиз уч боласи билан бувисиникида, чунки она уларни сиғдирмабди. Энди савол туғилади: 22 ёшли аёлнинг уч боласи билан ҳеч қаерга сиғмай қолишию бахтсиз аёлга айланишига сабаб бўлган она, қизини эрта турмушга узатиб, орзу-ҳавас кўришга шошилган она нега энди фарзандини кўчага ташлаб қўйди? Эртага қизи ёмон йўлга кириб кетса ким айбдор бўлади? Мана шу калта ўй аёлнинг аҳмоқона орзу-ҳаваси деб бугун тўртта невара, икки қиз, икки куёв бахтсиз. Яъни, тўрт невара, икки қиз, икки куёв ўзаро ҳақ-ҳуқуқ талашади, ҳақ-ҳуқуқи поймол бўлади.
22 ёшли келиндан — уч боланинг онасидан сўрадим:
— Энди нима қиласиз, турмушга чиқасизми?
Унинг жавоби шундай бўлди:
— Болаларим билан мени ким ҳам оларди?
Боши айланиб қайнонасиникига келиб қолган қизнинг онаси гапга қўшилади:
— Ҳа энди болалари билан эр олмаса, биронтасига иккинчи хотин бўлар.
Мен:
— Агар бирор эркакнинг иккинчи хотин олишига биринчи хотини кўнмаса-чи?
Она:
— Айтиб ўтирадими, билдирмайди, бунақалар ҳозир тиқилиб ётибди.
Бу ношукр аёл — саккиз нафар одамни бахтсиз қилган аёл, камига қариган қайнота-қайнонасининг бошига ташвиш орттирган, икки қизининг қайтиб келиб ўтиришидан ўзича иснод қиладиган ва оқибатда на иши, на ҳунари бор қизини аросатга ташлаб қўйган она яна бир аёлнинг, унинг фарзандларининг бахтига чанг солмоқчи.
Иккинчи қизи ҳам ҳақиқий худбинликнинг қурбони бўлди. 18 ёшида онанинг орзу-ҳаваси деб ароқхўр йигитга турмушга чиқди. Ароқхўр йигитнинг худбин онаси туфайли ногирон фарзанд билан уйга қайтиб келди. Ўз боласининг ароқхўрлигидан ор қилмаган қайнона, фарзандининг боласи — ногирон неварасидан ор қилиб ҳайдаб юбориши ҳам худбинликнинг олий кўриниши.
Шу топда чет элнинг «Шер» номли киноси эсга тушади: Ҳиндистоннинг Калкуттасида туғилган беш ёшли камбағал болакай Сару бошқа поездга ўтириб йўқолиб қолади. Уни австралиялик эр-хотин Брайерлилар асраб олади. Уларнинг Мантош исмли яна бир асранди ўғли бўлади. Асабийлашганда бошига уриб қоладиган Мантош ота-онани жуда кўп изтиробга қўяди. Кунларнинг бирида Сару асраб олган онасига, бизни деб жуда кўп азият чекдинглар, ўзингизнинг фарзандларингиз бўлганида ҳаммаси бошқача бўларди, дейди. Шунда Сию Брайерли: «Менинг фарзанд кўришга имконим бор эди. Аммо мен айнан қийналган болаларни асраб олишни, уларга бахтли ҳаёт, бахтли оила ҳадя қилишни истагандим, мен ҳозир ҳам қилган ишимдан афсусланмайман», деб жавоб беради.
Бу аёлнинг олижаноблиги билан неварасини кўчага ҳайдаб юборган аёлнинг худбинлигини таққослаб бўлармикан.
Менинг эса қари чол-кампирга ичим ачийди. Икки нафар ўзининг ногирон боласи, қайтиб келган неварасининг болачалари, яна денг, руҳий хаста ўғлининг аёли ташлаб кетган икки нафар бола — неваралари. Руҳий хаста ўғлининг хотини ҳам шу оилага келганида 18 ёш бўлган, болаларининг каттаси олти ёш, кичиги тўрт ёшлигида, бундай хаста эр билан яшамайман, деб кетиб қолган. Мен холадан нега келинингиз болаларини олиб кетмаган десам, хола: «Ишлармиш, қолаверса, болалари билан акаси, келинойиси яшаётган ота уйига сиғмасмиш», деганди. Мана яна битта худбин, аҳмоқ она. Фарзандларини бир дунё муаммоси бор чол-кампирга, руҳий хаста отага ташлаб кетган жоҳил она. Бу оиланинг бир-бирига занжир каби уланган фожиасини, бахт- сизлигини кўряпсизми? Барчасига аёллар сабабчи. Руҳий хаста ўғилни, уйланса яхши бўлиб кетар, деб касалини айтмасдан уйлантирган она, 18 ёшли қизини, жойи чиқди, деб шошиб эрга берган яна бир она, фарзанди бахтсизликка юз тутганида невараларини уйига сиғдирмаган она... Булар қандай оналар ўзи, булар ХУДБИН оналар. Худбинлик эса билимсизлик, маънавиятсизлик ортидан пайдо бўлади.
Уларнинг акси бўлган яна бир самарқандлик онани биламан. Беш нафар қизи бор. Аёл ёшлигидан синфдошига кўнгил қўйган. Аммо давр тақозаси билан йигит ҳам дардини ҳеч кимга айтолмаган. Қизку умуман. Ҳаттоки йигит бу қизнинг унда кўнгли борлигини билмаган ҳам. Хуллас, йигит бошқага уйланади, қиз отасининг дўстига келин бўлади. Аёлнинг яна бир орзуси ушалмаган: жуда билимли, жуда кўп китоб ўқиганига қарамай, олий маълумот олишига рухсат беришмаган. Яхши кўрган инсонига турмушга чиқмагани ва ўқиёлмагани унинг икки армонига айланган. Қалбидаги орзусини фарзандларида кўришни ният қилган — «қизларимни ўқитаман», «камбағал бўлса ҳам яхши кўрганига бераман».
Қизларининг олди 24 ёшида, энг охири 28 ёшида турмушга чиқади. Бешовиям бахтли — камбағалми, ўқимаганми, ўзлари хоҳлаганига тегишди. Куёвлари борки ўғилларидан зиёд. Куёвинг яхши бўлса қизингдан, келининг яхши бўлса ўғлингдан кўр, дейишгани балки шудир.
Холадан сўрайман:
— Қизларингиз ҳаётда қийналмаганми?
Онанинг эса жавоби шундай бўлди:
— Уларнинг барчаси мусофирчиликни, талабаликни бошидан ўтказди. Оқ-қорани таниди. Йўқчиликни кўрди. Оила қургач, улар учун рўзғор ташвишлари қийинчилик бўлиб кўринмади. Муҳими, 24 ёшдан 28 ёшгача оила қурармиканман, деган орзу билан яшашди ва оилага кечроқ эришгани учун балки қадрига етгандир.
Айтмоқчи бўлганим, 18-19 ёшда ҳам эрга тегиб, озчилик бўлса-да, бахтли бўлганлар бор. 24 ёшдан кейин турмушга чиқиб, жуда озчилик бўлса-да, бахтсиз бўлганлар бор.
Яна айтмоқчиманки, фарзандларнинг бахтию бахтсизлиги, аввало, оналарга боғлиқ. Она ҳар лаҳзада фарзандининг келгусида бахтли ёки бахтиқаро бўлиб қолиши ҳақида қайғурмас экан, сароб орзу-ҳавасларни деб биргина фарзанди ортидан дунёга келадиган бир неча болаларнинг, ўзганинг фарзанди бахтсизлигига сабаб бўлади. Зеро, донишмандларимиз, бизга яхши оналарни беринг, биз дунёни яхшилаймиз, дейишганида қанчалар ҳақ эди.
Ҳеч қайси она фарзандининг бахтсиз бўлишини истамайди, дейишади. Исташ билан исташнинг ўртасида фарқ бор. Тафаккур қилиб исташ бошқа нарса, шунчаки исташ бошқа нарса.
Қизларни эрта эрга беришдан мақсад нима? Эрта буви бўлишми? Хўш, эрта буви бўлдингиз ҳам дейлик, ҳаётингизда қандай катта ўзгариш бўлди? Қизингиз озроқ шошмаганида, яхшироқ оила чиқарди балки. Ўқитганингизда, ҳунар ўргатганингизда, балки калтаклайдиган, ароқхўр эрга дуч келмасди. Ажрашган тақдирда ҳам ўз кунини ўзи кўриб кетарди. Қариндошлар орамиз бузилиб кетмасин деб ришталарни мустаҳкамламоқчи бўлишади. Ундан кўра бегоналар билан қуда бўлиб, қариндошлар сафини кенгайтириш афзал эмасми?
Яна ўша гап — келгусида худбин оналар кўпаймаслиги учун қизларимизни фақатгина бекаликка, келинликка, рафиқаликка тайёрламайлик. Уларни дастлаб ҳақиқий оналикка тайёрлаш лозим. Токи бу ОНАлар юқорида мисол келтирганимиз «Шер» киносидагидек ўзгаларга бахт бериш учун ўз ҳаловатидан кеча олсинлар...
Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии
Вход
Заходите через социальные сети
FacebookTwitter