Видео: Куракда турмайдиган «сюрприз»лар...
Ижтимоий тармоқлар мавжуд экан, кунда кунора бир оҳари тўкилмаган мавзу. Айниқса, тўй ва туғилган кун каби тадбирларда янгидан-янги пайдо бўлаётган «урф-одатлар» одамни шошириб қўяди.
Юзга чапланган торт
Туғилган куни бўлган одамнинг кайфияти бошқача бўлади. Айниқса, туғилган куни нишонланаётган «айбдор»га билдирилган эзгу тилаклар, кутилмаган совғаю сюрпризларни айтмайсизми? Ушбу кунда билдириладиган тилак ва SMS-хабарлар, турли суратлар, ҳазилнома шеърлар битилган мултфилм қаҳрамонлари сурати туширилган откриткалар беғубор болаликни эслатади, кайфиятингизни кўтаради. Ўша куни энг ҳазилкаш инсон ҳам туғилган куни бўлаётган «айбдор»га беозор ҳазил қилишга уринади.
Яқинда ижтимоий тармоқларда тарқалган йигитлар нишонлаётган туғилган кунни нима деб баҳолашни билмадим. Тарқалган видеода кўрсатилганидек, йигит кечаси ўртоқларининг олдига чиқади. Уни кутиб турган дўстлари яширинган жойидан чиқиб куракда турмайдиган «сюрприз»ларини намойиш қилишади. Туғилган куни бўлаётган йигитнинг юзига торт чаплашганини кўриб бундан ортиқ одамнинг устидан кулиш мумкинми, деб ўйладим. Дўстлари балки унга унутилмас «совға» қилишмоқчи бўлгандир. Тортнинг ортидан кетчуп, майонез яна аллақандай ичимликни бошидан, елкаларидан қуйишди. Охирида эса тарвузни йигитнинг бошида пачақлашди. Бирам хунук ва беўхшов манзара.
Сўнгги тарқалган видеодаги ҳолат ҳаммасидан ошиб тушди: туғилган куни нишонланаётган йигитни дўстлари дарахтга боғлаб (!), уни аёвсиз «сийлашган».
Ҳамма нарсада меъёр бўлгани яхши экан-да: Ҳазилда, ҳам, жинниликда, бебошликда ҳам. Бизга нонни тескари қўйма, ушоқни ерга тўкма деб ўргатишган. Тортнинг ҳам таркибида ун борлигини ҳисобга оладиган бўлсак уни ерга чаплаш, эзғилаш қанчалик тўғри? Айниқса, одамнинг юзига ишқалаш ҳеч бир қолипга сиғмайди. Ёки бўлмаса егуликни мана шундай оёқ ости қилиш мумкинми? Ўйлаб қолдим «Хафа бўлиш йўқ» каби кўрсатувларнинг бераётган натижаси эмасмикан бу? Қолаверса, мана шундай аҳмоқлик учун сарфланган маблағга бирор жойда ўтириб овқатланиш, кинога тушиш ёки бирон эсда қоларли совға олиш мумкин эмасми?
Пулдан пойандоз
Яқинда ижтимоий тармоқларда тўйдаги дабдабабозлик билан боғлиқ видео тарқалди. Видеолавҳада тўйларнинг бирида келин ҳамда куёвнинг йўлагига пулдан кўприк ясалганини ва унинг устида ёш оила вакиллари юриб келаётганини кўриш мумкин. Бу видеони пулдан кўприк деб номлашибди. Аслида пулдан пойандоз десак тўғрироқ бўлади. Чунки айрим вилоятларда келин-куёвнинг оёқ остига матодан пойандоз тўшаш урфи мавжуд. Демак, бу урф ҳам янгиланибди, яъни мато ўрнига пул тўшашибди.
Шунингдек, йўлакдан ташқари тўйга келган меҳмонлар уларнинг устига тинмай пул ҳам сочган. Бундай ҳолатдан эса тўйдаги ёш болалар фойдаланиб қолишибди. Болалар осмондан ёғилган пулларни териб олишга шошишган. Аслида пул сочиш ҳам келин-куёвнинг устидан ширинлик сочилишининг янгиланган варианти кўринади. Бир пайтлар лўлилар таниқли қўшиқчининг устидан мана шундай пул сочишганини кўриб ҳайрон қолгандим. Бу одат ҳеч қанча ўтмасдан бизга ҳам етиб келди.
***
Баъзида нарх-навонинг ошишидан норози бўламиз, ёзғирамиз. Аммо нарх-навонинг ошишига мана шундай ерга нонни чаплаб, осмондан пул сочишимиз ҳам сабаб эмасмикан? Ахир халқнинг тўйларда бундай дабдабабозлик қилаётганини кўрганлар халқ қийналяпти деса ишонадими? Бу масаланинг бир томони бўлса, иккинчи томони мана шундай ортиқча сарф-харажат, янги «урф-одатлар»ни амалга ошираётганларни тўхтатадиган, ман қиладиган ёши улуғ онахонлару отахонлар наҳотки бўлмаса?
Ҳа, яна бир гап. Маҳалла фаоллари қаёққа қараяпти?
Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии
Вход
Заходите через социальные сети
FacebookTwitter