Мобильное приложение Xabar.uz для Android устройств. Скачать ×

Анвар Намозов

Сип-силлиқ бўлмаган сериалга маломатлар

Сип-силлиқ бўлмаган сериалга маломатлар

Фото: Google.com

Сериал нима? У – бадиий ижод намунаси! Шу билан бирга қанча кўп одам кўрса, қанчалик оммалашса, эътиборга, тилга, олқиш ва... танқидга дучор бўладиган экрандаги томоша! Аммо аксар ҳолларда кўрадиганлардан кўра кўрмайдиганлар кўпроқ танқиду лаънат ёғдиришади. Эмишки, «бу сериал одамларни енгил ҳаётга, бузуқликка, хиёнатга бошлаяпти...». Эътибор беринг – одамларни! Роботларни эмас! Аммо одам бўлса унинг калласи, калласининг ичида мияси бор шекилли! Мияси бутун, онг-шуури жойида экан, нима учун ёмон йўлга кириб кетади? Аксинча, сериал бобида бирни кўриб фикр қилмайдими? Хиёнатдан узоқ юрмайдими?

Яна нима эмиш: «бу сериални оилавий кўриб бўлмайди»! Унда кўрманг! Ёки сериал қаҳрамони Амир пешонангизга тўппонча тираб мажбурлаяптими? Бошқа телеканални кўринг. Ана, «Оилавий»ни томоша қилинг. Элликдан зиёд телеканал бор, бирортасини кўринг. Энг яхшиси, фойдали иш билан машғул бўлинг! Болангизга ҳам кўрсатманг, бориб дарсини қилсин, китоб ўқисин!

Ҳаётда нималар бўлмайди дейсиз? Унда яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам, садоқату хиёнат ҳам учрайди. Бусиз мумкин эмас. Сериал дегани шуларни акс эттиради, холос! Ҳаётда, оилада юз бераётган жараёнлар, ўзаро зиддиятлар бадиийлаштирилиб суратга олинади ва ТВга олиб чиқилади.

Кино, сериал ижодкорларининг вазифаси нима? Ўз маҳсулотини намойиш этиш, кўпроқ аудиторияга эришиш! Буни тушуниб-тушунмаган, кўриб-кўрмаган томошабин айюҳаннос солади, «сериал фалон-писмадонни тарғиб қилаяпти» дейди.

Хуллас, «Кара севда» номи билан машҳур бўлган сериални эфирга бериш, биринчи фасл тугаши баҳонасида, тўхтатилди. Бошқа иложи ҳам қолмади. Унинг зарарли томонлари ҳақида шу қадар кўп ёзилдики, ижтимоий тармоқлар ёрилиб кетаёзди. Айрим домлалар «фатво» берворишди, баъзилар «хусусий телеканалларни ёпиш» масаласини кўтаришгача бордилар. Энди кўнгил жойига тушди, бошқа мавзу топилгунча жим бўлишди. Наҳотки «Севги изтироблари» одамларни шу қадар дарғазаб қилган бўлса?

«Сериал кўриб айнийдиган замонларга ҳам келибмиз, – дейди Наргис Исломова ўз муносабатини билдириб. – Сериалсиз даврларда ҳам бундан баттар воқеалар бўлган. Қизиқ, улар нимани кўриб бузилган экан?».

Аслида ҳаммаси инсоннинг ўзига боғлиқ. Муқаддас китобимизда ҳам ҳеч ким тоқатидан ортиқ нарсага дучор қилинмаслиги айтилган. Китоб бўладими, кино, серил бўладими, ўқувчи, томошабин ўзи учун ўзи хулоса чиқаради.

Яширмайман, мен «Кара севда»ни кўрдим. Оддий ижодкор сифатида каминани ундаги динамика, ўткир сюжет, кутилмаган воқеалар жалб этди. Қаҳрамонлар феъл-атвори, шижоат, мардонаворлик, шу билан бирга, разолат, қабоҳат, ўзаро муносабатлардаги парокандалик, бир-бирига етиша олмаган севишганларнинг изтироблари қизиқтириб қўйди. Хиёнат мавзусини эса, юқорида қайд этганимдек, ҳаётда учрайдиган воқеалар деб қабул қилдим.

Хўш, ўзимизнинг сериалларда хиёнат мавзуси йўқми? Биринчи сериаллардан деб ҳисобланган «Кўнгил кўчалари» эсингиздами? Каттагина идорада ишлайдиган бир амалдор эркак Суқсур исмли ёшгина жувон билан юради, кейинчалик бу аёл ўзининг синглиси бўлиб чиқади. «Қайтар дунё» сериалида Абдулланинг хотини эри тириклигидаёқ хиёнатни бошлаб юбориб, унинг дўсти билан «юради». Мен мазкур сериал муаллифи билан суҳбатлашганман. У ҳаммаси ҳаётий воқеалар асосида ёзилганини айтган эди.

Бугунги томошабин турк сериалларини кўраётган экан, турган гапки, бу ўзбек сериаллари борасида жиддий фикрлашга ундайди. Демак, киноижодкорларимиз, режиссёрларимиз томошабин эҳтиёжини қондира олмаяпти. ТВ-каналларимизда такрор-такрор намойиш этилаётган ўзбек сериаллари яқин орада томошабин кўнглидан чуқур жой олиши ҳам даргумон. Ваҳоланки, гоҳида янги сценарийлар сўраб мурожаат қилинган эълонлар, рекламалар эфирга кетади, сценарийнавислар папка-папка қўлёзмалар топширадилар, бироқ кейин нечта асар қабул қилингани, қанчаси суратга олиниши ҳақида айтилмайди. Энг ёмони, айрим режиссёрлар янги асарларга хоҳлаганча ўзгартириш киритиб, ҳаммуаллиф бўлиб оладилар. Сценарийнавис кўнади, акс ҳолда асари экранлаштирилмаслиги мумкин, демак, у ўзининг позициясини билдириши ҳам даргумон. Шу тариқа баъзи нўноқ режиссёрлар туфайли ҳақиқатдан йироқ эпизодлар, сунъий лавҳалар, сохта ва латтачайнар қаҳрамонлар пайдо бўлади. Натижада томошабин яқинлашиш ўрнига узоқлашади. Майли, бу алоҳида мавзу.

«Кара севда»га қайтайлик. Аслида бу сериал хиёнат мавзусида эмас, икки эркакнинг ўзаро зиддияти асосига қурилган. Конфликт, тўқнашув эса драматик асарларнинг муҳим омили ҳисобланади. Ҳар қандай асардаги қаҳрамонларнинг ўзаро адовати ҳамма вақт ўқувчини, томошабинни жалб этиб келган. «Сип-силлиқ», «қип-қизил» ижод маҳсули ҳеч қачон эътибор қозонмайди. Тан оламизми-йўқми, шундай. Нимани ўқиш, кўриш, ҳис этиш дидга боғлиқ. Дид борасида эса баҳслашмайдилар.

Комментарии

Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии

Вход

Заходите через социальные сети