Муҳаббат чиримайди (ҳажв)
Мана, еттинчи куни, ниҳоят Зулайҳо эри билан гаплашиб оладиган бўлди. Бир кун қолди-да, ахир! Шу пайтгача Саидолим баҳона топаверди. Гоҳ «бошим оғрияпти, эртага гаплашамиз», дейди, гоҳ «тўхта, янгиликларни кўриб олай», деб телевизорга ёпишиб олади. Кейин ўзини ухлаганга солиб, ёлғондакам хурракни бошлаб юборади. Эрталаб эса, «ёмон ухлабман, бўйним қийшайиб қопти», деб гапни буради.
Зулайҳо бўш келмади. Ниҳоят, гапнинг мавридини топди.
— Хўш, байрамга нима олиб берасиз? — деб сўради дангалига у.
Саидолим аввал шифтга қаради, сўнг ёнига боқди. Аксига олгандек, баҳона топила қолмас, тилига жўяли гап келмасди.
— Тилла соат! — деди хотини, унинг юрагини така-пука, кайфиятини расвойи жаҳон қилиб.
— Нима? — авзойи бузилди Саидолимнинг. — Қ...қ...қанақа тилла соат, хотин (бу гапни шундай оҳангда айтдики, таржимаси: «менга раҳминг келсин, жодугар», дегани эди).
— Тилла соат, дадаси!
— Нега? Нима учун? Соат дегани урфдан қолган. Барака топкур сотка ишлаб чиқараётганлар телефонга соат қўйиб қўйишган. Агар вақтни билмоқчи бўлсанг, «сотка»га қарасанг...
— Яхши айтдингиз! Унда телефон олиб беринг. Бутун бошли Ўзбекистонда фақат менда сотка бўлмаса керак, дадаси! «Уйда ўтирсанг, соткага бало борми?» девдингиз, эсингиздами?
— Жуда тўғри айтганман. Бало борми?
— Мен ҳам вақтни билишим керак, умр ўтиб кетяпти, биттаям совға олмай! Девордаги соатларга қаранг, батарейкалари тугаган!
— Батерейка олиб бераман!
— Виждонингиз борми? Уялмайсизми? Шу вақтгача бир мартаям совға олиб берганингиз йўқ ҳали!
— Тўхта-тўхта, дарров нолима! Агар вақтни билмоқчи бўлсанг, уй телефонидан менга қўнғироқ қил, соат неччилигини айтиб бераман. Ана шунда оила бюджетига зиён етказмаган бўласан.
— Ҳеч бўлмаса, кўйлак олиб беринг.
— Қизиқ гапларни гапирасан-а?! Мен аёллар кўйлагининг фарқига борармидим? Кўйлак деб бир балони кўтариб келаман-у, кейин сен у ёғидан ҳам, бу ёғидан ҳам кия олмай, хуноб бўласан.
— Сиз пулини беринг, ўзим олавераман!
— Ҳамма гап шунда-да, хотин! Бутун дунёда иқтисодий кризис бўлиб ётибди-ю гапингни қара! Африкада қанча бола оч! Нигерияда қанчадан-қанча хотин-қизлар саводсиз. Ўқишга пуллари йўқ! Ўшаларни ўйламай, «пул беринг», дейсан! Бундоқ халқаро ҳамжамият ҳақида ҳам бош қотиргин, хотин!.. Ўзи энг катта совға нима, биласанми?
Зулайҳо тумтайиб жавоб берди:
— Биламан, жуда яхши биламан!
— Билмайсан, хотин! Билганингда «тилла соат», «кўйлак», деб вайсаб ўтирмасдинг!
— Жуда яхши биламан. Ҳар йили қулоғимга қўрғошиндай қуйиб қўйгансиз. «Энг яхши совға — муҳаббат», деб!
— Бор экансан-ку! Хотиранг зўр-да! Муҳаббат, бу — абадий туйғу! Муҳаббат абадул-абад қолади, қалбларда, дилларда мангу яшайди. Кўйлак нима, этаги бир жойга илиниб, йиртилади-кетади. Кўйлак дегани бирор матодан қилинади, чириб йўқ бўлиб кетиши мумкин. Муҳаббат эса чиримайди.
Хотини Саидолимга еб қўйгудек қаради:
— Бўлди! Ҳеч нима керак эмас! Кўнглингиз жойига тушдими?
— Сен дунёдаги энг яхши хотинсан, — деди Саидолим ростдан ҳам кўнгли жойига тушиб. — Биз ҳали узоқ яшаймиз, бу йил олиб бермасам...
— Ҳеч бўлмаса, байрам куни овқат қилиб берарсиз? — ҳануз тумтайиб гап қотди хотини.
— Овқат?..
— Э, сиз овқат ҳам пиширолмайсиз, — қўл силтади Зулайҳо. — Тухум қовуришни биласиз, холос.
— Қовуриб эмас, қайнатиб бераман! Кейин пўчоғини шунақанги арчаманки, ялтираб аксинг кўринадиган бўлади.
— Уялинг-ей! Байрамда ҳеч бўлмаса, овқат қилиб берасизми, девдим.
Дарҳақиқат, Саидолим уялиб кетди, хотинига бир марта совға олиб бермаган, аммо нима қилсин, ҳар йили 8 март арафасида пули тугаб қолади: ё маош беришмайди, ё беришса ҳам улфатлари билан ичиб қўяди.
Овқат қилишига тўғри келади. Ҳартугул, ошхонада куймаланаётганини кўрган хотинининг виждони қийналиб, қўлидан капгирни олар, ўлдими!
— Билиб қўйинг, байрам куни «гап»им бўлади!
— Нима?.. Бекорингни айтибсан. Ҳеч қаерга бормайсан!
— Гапни калта қилинг. Ё тилла соат, ё кўйлак, ёки мен индамай «гап»имга кетаману сиз уйда овқат пиширасиз!
Саидолим жавоб берди:
— Ҳозирдан кетавер, жўна!
Эртаси куни Зулайҳо кетиш олдидан тайинлади:
— Тағин овқатга уннаб, Алижон қаровсиз қолиб кетмасин.
Саидолим бақириб юборди:
— Алижонни қолдириб кетасанми?
— «Гап»га олиб бормайман-ку, дадаси! Уйда учта эркак наҳотки биттагина овқат қила олмасаларинг? Мен беш соатда қайтаман.
— Беш соатга? Сен «гап»га борасанми ёки мажлисгами?
— Бешта аёл борамиз. Ҳар биримиз бир соатдан гапирсак, беш соат бўлади-да! Сиз ўзи бугун хотин-қизлар байрами эканлигини эсдан чиқаряпсиз, шекилли? Ҳеч бўлмаса, байрамда бундоқ яйраб ўтирай! Ҳалиям раҳмат, денг, масаллиқларни келтириб қўйганман, овқат қилсангиз бўлди.
Саидолимнинг энсаси қотди:
— Хўп...
— Мабодо саволлар бўлса, мендан сўраб туринг, Одилнинг телефонини олиб кетаман. Нима овқат қиласиз ўзи?
— Ўзим биламан, — катта гапирди Саидолим.
Орадан ярим соат ўтди. Саидолим ошхонада бўм-бўш қозонга тикилганча бош қашлаб турарди. Кейин қўлига капгирни олди. Хўш, нима овқат қилса экан? Қайсини билади ўзи? Э, бошлайверсин-чи, бир гап бўлар! Ажаб эмас, янги овқат кашф этса!
Биринчи бўлиб пиёз тўғралади: буни аёллар ҳам, эркаклар ҳам билади.
Саидолим иккита пиёзни олди-ю, тахтачани тополмай, жинниси чиқди. Ўғлини чақирди. Ота-бола роса излашди.
Саидолим хуноб бўлиб, ўғлига буюрди:
— Ойингга телефон қил. Яшириб қўйган жойини айтсин.
Зулайҳо, «тахтакач ошхона деворида илинган сочиқнинг орқасида» эканлигини айтди. Тахтакач топилгач, пичоқни излашди. Қани энди топилса!
— Онанг пичоқни олиб кетган, — деди бўғриқиб Саидолим. — Атайин қилган. Тилла соат олиб берсин, деяпти-да!
Одил яна онасига қўнғироқ қилди. Кейин қошиқ ва санчқилар турадиган жойдан битта эмас, бешта пичоқ олиб, отасига узатди. Саидолим пиёзларни арчиб, тўғраб бўлгунича ичидаги бор кўз ёшлари чиқиб кетди. Сўнг аламидан бақирди:
— Ойинг жўрттага аччиқ пиёз қолдириб кетган!
Саидолим балкондаги деразаларни очиб қўйгач, кўз қорачиқлари жойига тушгандек бўлди. «Йиғлаб ҳам туриш керак, — деди у ўз-ўзига, — айниқса, байрам куни, хотининг хўрланганида!»
— Ойингдан ёғ қаердалигини сўра, — буюрди сўнг Одилга. Қозон бошида ўйга ботди: «Ёғ қанча қуйилади ўзи? Кейин нима соламан? Картошка, шекилли?..»
Одил онаси билан гаплашиб келиб, банкадаги ёғни топиб узатди.
— Картошкани тозала, — деди Садолим.
— Укам йиғлаяпти, — баҳона излади Одил.
— Бугун ойингдан бошқа ҳаммамиз йиғлаймиз. Тез бўл!
Саидолим қозонга ёғ қуйиб, Одил картошка арчиб бўлгунча ичкари хонадан Алижон ўрмалаб чиқди. Одил унинг афт-ангорига қараб додлаб юборди:
— Дада, бу «А» деяпти.
Саидолим асабийлашди:
— Тувагига югур! Йўқ, ўзини олиб бор! Тезроқ!
Қозонга гўшт солиниб, шунча аралаштирилса ҳамки, «жиз» деган овоз эшитилмасди. Саидолим пешанасига битта чертди-да, газни ёқди. Бироздан сўнг ошхонани ёқимли ҳид тутиб кетди. «Тезроқ зира солиш керак, — деб ўйлади Саидолим ўзича. — Кейин эса гуруч... Телевизорда шундай қилишарди, шекилли? Яна майизга ўхшаган алланима солишарди... Оббо, гуруч қаерда экан?..»
Одил яна онасига телефон қилди. Гуруч солинган халтача балконга осиб қўйилган экан. Гўшт тагига олиб кетмаслиги учун Саидолим шошилганча гуручни халта-палтаси билан қозонга солиб юборишига бир баҳя қолди. Кейин тозаланган картошкани босди. Қозон қопқоғини ёпди. Шундан сўнг пешанасида пайдо бўлган реза-реза терни артиб, ичкари хонага кирди-да, диванга беҳол чўкди. Телевизорга қараб ўтириб... кўзи илинди. Қанча ухлади, билмайди. Кимдир елкасидан секингина туртди.
— Дада, укам очқабди, — деди Одил. — Картошка эзиб бериш керак, ойим шундай қилардилар.
Саидолим ўрнидан туриб, ошхонага ўтди. Қозонни кавлаштириб, картошка олиб берди.
— Бу нима? — ҳайрон бўлди Одил. — Тош-ку, дада! Қаранг, пичоқ синиб қолди.
— Картошка бу! — тушунтирди Саидолим. — Яхши пишган бўлса, ана шундай қотади.
— Таъмиям аллатовур, — деди Одил «тош»ни ялаб.
— Ие! Туз солмабмиз-ку!
Тузни нақ йигирма дақиқа излашди.
— Бор, ойингга телефон қил, — бақирди Саидолим.
Одил бўйнини қийшайтирди:
— Дада, ўзингиз сўрай қолинг. Ойим менга бақириб беряптилар. Боя Алижоннинг иштонини ҳам сўровдим.
Саидолим хотинига ўзи қўнғироқ қилди:
— Узр, безовта қилган бўлсак. Бир савол берсак майлими? Хизматчилик, хотин! Бугун биз хизматкормиз-ку, йўқ, бир умр хизматкормиз аслида. Туз қаерда, айтиб беролмайсизми?..
— Ғаладонда! Сал ичкарироғини кўринг. Ўша ердаги қутилар... Вой, туз солаётган бўлсангиз, овқатни энди бошладингизми?
— Йўқ... Ҳа... Шундай десаям бўлади, — Саидолим телефон гўшагини қўйди. Ошхонага югурди. У ерда кичкина Алижон йиғлай бошлаган, Одил овутиш билан овора эди. Саидолим ғаладонни очиб, қўлини ичкарига тиқди ва қути олиб, қопқоғини очди. Кафтини тўлдириб, туз оларкан, қозонга ташлади. «Майда туз экан, шўрлиги кам», — деди-ю яна солди...
* * *
Зулайҳо «гап»да ўтирса-да, икки ҳуши уйда бўлди. Эрининг нималар қилаётгани билан қизиқарди у. Ниҳоят, «гап» тугади (аслида қўштирноқ ичидаги гап якун топди, аёлларнинг гапи сира тугамайди).
Подъезддан учинчи қаватга чиққан Зулайҳо ичкарида йиғлаётган Алижоннинг овозини эшитди. Эшик қўнғироғини босди. Эшик очилиб, Алижонни кўтарган Саидолим, орқа томонида эса Одил кўринди. Зулайҳо кира солиб, Алижонни бағрига олди.
— Нега йиғлаяпти? — сўради у. — Қорни оч-ку, овқатингиз пишмадими ҳалиям?
— Ҳамма жой кўпик бўлиб кетди, — ҳозиржавоблик қилди Одил.
— Нима?
— Анови... туз деб ош содасини солиб юборибман, — деди Саидолим.
— Қозондан фақат кўпик тошиб чиқаверди, ойи!
— Таъмини кўраман, деб ичимгаям кўпик кетиб қолди, хотин, — тиржайди Саидолим. — Мазаси нордонми-ей!.. Хуллас, бу байрамда... қозон-товоғингни чиройли қилиб, озодагина қилиб ювиб қўйдим. Келгуси йили овқат қилиб бераман, хўпми, хотинжон?.. Ахир, сенга бўлган муҳаббатим абадий...
Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии
Вход
Заходите через социальные сети
FacebookTwitter