Дунё бойлигига тўярми инсон?!
Бир маросим олдидан қўй сўйилди. Қассоб қўчқорни шишириб, дум-думалоқ қилганида кимдир «ваҳ, шунақа семиз қўй бўлсайди» деб юборди. Шунда бир ҳожи ака «э биродар, шунақа қўй бўлган тақдирда ҳам яна битта бўлсайди дейсиз, дунё молига тўйиб бўларканми», деди насиҳатомуз.
Дарҳақиқат, қайси бой-бадавлат одам ўзини ҳаммасига эришдим, деб ҳисоблайди. Бой бўлса-да, тинмаётганларни қўятуринг, озгина бойлигидан ажралаганида умри азизга — ўз жонига қасд қилганларга нима дейсиз?! Дунёни қамраб олган инқироз пайтида ана шундай ҳолатлар, айниқса, кўп кузатилди.
Ҳар йигирма сонияда бир инсон ўз жонига қасд қилади. Одатда бу ишга қўл урганлар муҳаббат қурбонлари, руҳий зарбани бошдан кечирганлар ёки чорасиз қолганлар бўлади. Лекин шунча пули бўлса-да, бойликка куюниб, ўз ихтиёрига кўра ҳаёт билан видолашганларни нима деб аташ мумкин?
Германиялик Адолф Меркл инқирознинг дастлабки номдор қурбонларидан бўлди. 2008 йилда «Forbes» журнали рўйхатида 94-ўринни олган немис бойи бор-йўғи 80 киши ишлайдиган фармацевтик компанияни мерос тариқасида олиб, уни 70 000 киши фаолият юритадиган қудратли «Ratiopharm» концернига айлантирганди. Лекин биржа ўйинларига қизиқиб кетган ва пулларини ҳар жойга тикаверган миллиардер акциялар нархлари тушиши натижасида анчагина маблағидан айрилди. Бунга чидай олмаган Меркл Улм шаҳарчаси ёнида ўзини поезд тагига ташлаб ўлдирди. Энг ажабланарлиси, унинг қолган-қутган бойлиги ҳам бола-чақасигача бемалол етарди. Янада қизиғи, унинг ўлимидан икки кун ўтиб, ўттиздан ортиқ банк Меркл тириклигида кўзида ёш билан сўраган катта миқдордаги қарзни беришга тайёр эканликларини билдиришди.
АҚШлик Стивен Гуд «Sheldon Good» компаниясининг эгаси, қимматбаҳо кўчмас мулклар ва ҳисоби йўқ пуллар соҳиби эди. 1965 йилдан буён унинг компанияси умумий қиймати 10 млрд. долларга яқин 40 мингдан ортиқ объектни сотишга муваффақ бўлганди. У ҳам кўчмас мулклар арзонлаб кетишига чидолмай, 52 ёшидаёқ тўппонча орқали ўзини отиб қўяқолди.
Мумбайлик 34 ёшли Параж Танна брокерлик ортидан кун кечирар, анча-мунча пул ҳам тўплаб қўйганди. У биржа ўйинларида бор-будини йўқотди. Алам устида аввал етти ойлик ҳомиласи бўлган хотини Нехуни ўлдириб, ортидан ўзини осди. Ўлим олдидан қолдирган хатида «Ота-онам мени ўқитиш учун уйимизни сотишганди. Мен эса ўқиб, ишлаб ҳам бошпана ололмадим. Боламнинг келажагини ўйласам, даҳшатга тушаман, мени кечиринглар», деб ёзганди. Бу инқироз қулоч ёйган дастлабки 10 кун ичида Ҳиндистондаги тўртинчи инсоннинг айнан шунақа муаммолар туфайли ўз жонига қасд қилиши эди.
Исми ошкор қилинмаган бомбейлик 40 ёшли ака ўз синглиси билан аввал ота-оналарини, сўнг ўзларини ўлдиришди. Шу йўл орқали улар ота-оналарини кредиторлардан қутқаришни мўлжаллашганди. Чунки тириклигида ака-сингил 72 жойдан қарздор бўлишга улгуришган, бу қарзни тўлаш имкониятлари мутлақо йўқ эди.
Рокфеллер оиласининг 28 млрд. долларлик бойлигини бошқарган 54 ёшли Жеймс МакДоналднинг автомобилда ўзини отиб ташлагани ҳаммани ажаблантирди. Бу суиқасд инсоннинг нақадар ожиз ва ҳар қандай аҳмоқгарчиликлардан қайтмайдиган мавжудот эканининг яна бир исботи бўлди. Чунки молиявий инқироздан ҳаммаям озми-кўпми зарар кўрган бир пайтда, унинг ишлари ҳарқалай бир текис кетаётганди. Озгина ютқазганидан қолгани ҳам шунча сарфласа-да, тугамайдиган одамнинг бойлик дардида умри азизга нуқта қўйишига яна қандай таъриф бериш мумкин?
Молиявий эҳром орқали америкаликлар билан бирга бошқа давлат фуқароларини ҳам 50 млрд. долларга туширган Бернард Мэддоф ҳибсга олиниб, 150 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинганида кўпчилик унинг виждон азобида ўз жонига қасд қилишини кутганди. Лекин Мэддоф бу ишни қилмади. Товламачи у дунёда ўзини бундан яхшироқ ҳаёт кутмаётганини англаб етган бўлса, ажабмас.
Лекин Мэддоф чув туширганлардан бири, француз Тьерри де ля Виллюше бу эҳром ортидан 2,1 миллиард долларга алданганида чидай олмади ва саҳифамиз қаҳрамонларидек йўл тутди.
Дарҳақиқат, Искандарнинг очиқ кетган қўллари ибрат бўлмаганидан кейин...
Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии
Вход
Заходите через социальные сети
FacebookTwitter