Довондаги асаббузарликлар ёхуд Фарғона водийси бошқа давлатми?
Маълумки, 2012 йилда мамлакатимизда янги ҳужжат тизими — биометрик паспортларга ўтиш бошланди. Бу жараёнга аввало узоқ тайёрланилди, тушунтириш ишлари олиб борилди, янги тизимнинг афзалликлари бирма-бир санаб ўтилди. Шунча ҳаракатга қарамай, барибир ўз вақтида амалга оширилмаган, йўлга қўйилганда ҳам даҳшатли навбатлар ҳосил бўлган биометрик паспорт тизими ҳақида ички ишлар ходимларининг оғизларидан бол томиб сўзлаганлари, айниқса, бу паспортнинг дунёвий меъёрларга мослиги-ю, бармоқ изларига кўра паспорт эгасини бир зумда топиш мумкинлиги асосий ютуқ сифатида эътироф этилгани яхши эсимизда.
Бу тизим жорий этилди, янги паспортни олмаганлар ҳам деярли қолмади ҳисоб. Аммо бу билан соҳадаги муаммолар ҳал бўлиб қолдими? Масалан, пойтахтга вилоятдан келган одам беш кундан ортиқ қолса, албатта вақтинча рўйхатдан ўтиши лозим. Бунинг учун ўнлаб ҳужжатлар қаторида бармоқ изларини топшириш ҳам шарт. Бармоқ изларини олувчи ходимни ҳадеганда топа олмайсиз, топсангиз ҳам анчагина навбат кутасиз ва қўлларингиз ўчмас бўёққа бўялиб, қоғозда из қолдирасиз. Шу ўринда савол туғилади — нега шу маълумот зарур экан, паспортнинг ўзидан олиб қўя қолинмайди? Ёки бир ҳудуд (масалан, Сирдарё вилояти) паспорт столи тайёрлаган маълумотга Тошкент шаҳридаги нозир ишонмайдими? У ҳолда бутун аҳоли фойдаланадиган давлат миқёсидаги ҳужжатнинг аҳамияти қаёқда қолди?!
Ёки «Овир» дея аталувчи жараён учун паспорт топширилади ва тайёр бўлиши баъзан ойлаб кутилади. Шу даврда эгасига шахсни тасдиқловчи ҳужжат зарур бўлиб қолса нима бўлади? Тайёрланиш жараёнида ички ишларнинг маълумотларидан фойдаланиб, тайёр бўлган стикер охирги кунда мурожаат қилувчининг паспортига ёпиштириб берилса, фуқарога анча осон бўлмайдими?
Яна бир мисол: водийга йўли тушганлар яхши билишади, довонда паспорт текширув тизими йўлга қўйилган. Албатта, хавфсизлик нуқтаи назаридан бу чора керакдир. Аммо бунинг ортидан туғилаётган асаббузарликларни наҳотки ҳеч ким кўрмаяпти? Дейлик, Бухородан бир киши Андижон сари йўл олди. Бухорода ҳам, йўл давомида ҳам «Паспортинг бўлмаса йўлга чиқма!» деган мазмундаги огоҳлантирувчи ёзув йўқ, шунингдек «республиканинг бир вилоятидан иккинчи вилоятига ўтувчи фуқароси албатта паспорт олиб юриши шарт», деган қонун борлигидан ҳам бехабармиз. Бухоролик йўловчи Қамчиқ довонига чиққанида бу талабдан ҳайратга тушади. Энди у на ортга қайта олади, на олдинга кета олади.
Оддий хомчўт қилиб кўрамиз: Қамчиқ довонидан бир кунда 10 мингта машина, 30 минг нафар йўловчи ўтади. Шулардан ҳар 500 кишидан бири мазкур талабдан бехабар ёки паспортини унутиб қолдирган бўлса, камида 60 киши қишда изғирин совуқда, ёзда иссиқда назорат пунктида шерикларидан ажралиб қолиб кетадими? Буларнинг тақдири энди мавҳум, кимдир тўйдан, кимдир азадан, яна кимдир зарур ишидан қолиб кетади. Ягона чора уйига қўнғироқ қилиб, бирор такси ҳайдовчисидан паспорт бериб юборилади. Унгача икки карра йўлкирага тушиб кутишга мажбурсан...
Савол туғилади: янги тизим жорий қилингандан буён ўтган беш йил давомида наҳотки довондаги назорат пунктига бармоқ изларидан кишининг шахсини аниқлайдиган биттагина мослама қўйишнинг иложи бўлмади? Ахир ҳар қандай янгилик инсонларнинг оғирини енгил қилмайдиган бўлса, ундан нима наф? Ёки бу ерда ҳам юқоридаги каби ҳолатми, чегарачилар (қизиғи, бу назорат пункти чегара ҳудуди эмас) қўлдаги паспортга ишонишади-ю, ички ишлар тизими томонидан тақдим этилган маълумотга ишонишмайдими? Ҳужжатлар ҳақиқийлиги назорат қилиниши шарт экан, бутун тизимнинг маълумотларини сохталаштиришдан кўра, биттагина ҳужжатни сохталаштириш осонроқ эмасми?
Санобар Т.: — Наманганда яшовчи аммамнинг тўсатдан вафот этгани тўғрисидаги хабар келиши билан Самарқанддан кун ботганда йўлга чиқдик. Шошилинчда паспортимни олиш эсимдан чиқибди. Ярим тунда Қамчиқ довонидаги назорат пунктидан мени ўтказишмади. Телефонимда нусхаси бор эди, кўришни ҳам исташмади, уйимдагилар IMO орқали онлайн видео тарзида кўрсатишларини таклиф қилдим, эшитишни ҳам хоҳламадилар. Таъзияга кетаётганимни йиғлаб тушунтирдим, қани озгина ён босишса... Наҳот одамнинг қадри бир парча қоғозчалик эмас. Ахир мен чегара ошиб бошқа давлатга кетаётганим, водийга ҳам саёҳатга бораётганим йўқ эди-ку!
Бу мавзуни кузатишда давом этар эканмиз, таклифларимиз инобатга олинишини, хавфсизлик чораларини қўллаш билан бирга фуқароларимизга қулайлик яратиш ҳам муҳим эканлигини яна бир бор эслатиб ўтишни жоиз деб билдик.
Аброр Зоҳидов
Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии
Вход
Заходите через социальные сети
FacebookTwitter