Янгийўл шаҳрида ўқувчи қизни ўғирламоқчи бўлган шахс қўлга олинди. У муқаддам ҳам оғир жиноятлар содир этган
Куни кеча Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳрида ўқувчи қизни ўғирламоқчи бўлган ва қочиб кетган нотаниш шахс тўғрисида маълумот тарқалган эди.
Бугун ушбу номаълум шахс Миллий гвардия ходимлари томонидан қўлга олинди. бу ҳақда МГ матбуот хизмати хабар берди.
2021 йил 29 январь куни соат 12:10ларда, Янгийўл шаҳар 10-сонли умумий ўрта таълим мактаби 1-синф ўқувчиси А.С.ни мактабдан чиққан вақтида номаълум шахс қўлидан ушлаб, «Юр, сени онанг кутиб турибди, мен олдига олиб бораман» деб алдаб, Янгийўл шаҳар Вокзали томонга олиб кетган. Вокзал кўчасида жойлашган кабобхона ишчиси фуқаро Абдулазиз Абидов ёш қизчанинг йиғлаб қаршилик кўрсатишига қарамасдан, қўлидан етаклаб кетаётган эркак кишига эътибор қаратиб, улар томон югуриб борган. Буни кўрган номаълум шахс қизчани қолдириб қочиб кетган.
Фуқаро Абдулазиз Абидов қизалоқни соғ-саломат таълим олаётган мактабига етказиб, синф раҳбарига топширган. Мазкур ҳолат юзасидан ноъмалум шахсга нисбатан Янгийўл шаҳар ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 137-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қидирув эълон қилинган.
Тезкор чора-тадбирлар натижасида жорий йилнинг 4 февраль куни соат 10-00 ларда Миллий гвардия Қўриқлаш хизмати ходимлари қидирувдаги шахсни Оққўрғон тумани марказий тиббиёт бирлашмасига қарашли оилавий поликлиника ҳудудида қўлга олиб, Қуйичирчиқ тумани ИИБга топширган.
суриштирув ишлари мобайнида ушбу шахс Тошкент вилояти, Оққўрғон туманида яшовчи, муқаддам Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 2-қисми, 164-моддаси (Босқинчилик) 2-қисми билан судланган, 1983 йилда туғилган фуқаро Х.Т. эканлиги маълум бўлган. Ҳозирда ҳолат юзасидан суриштирув ишлари давом этмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter