Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Яна ДТМ ва абитуриент судлашуви ҳақида: МИБдан эътироз келди. Кейин-чи?

Яна ДТМ ва абитуриент судлашуви ҳақида: МИБдан эътироз келди. Кейин-чи?

Фото: «Xabar.uz»

Бош прокуратура, унинг таркибидаги тузилмалар оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган соҳага оид хабар-мақолаларга тезкор муносабат билдираётгани бор гап. Шу маънода Давлат тест маркази судда яна бир абитуриентга ютқазганига доир мақола юзасидан тегишли муносабат кўпам ҳаялламаслиги эҳтимоли юқори эди. Чунки унда ўша абитуриентнинг Тошкент тиббиёт педиатрия институтида талабаси бўлишга ҳақли экани қонун билан эътироф этилганига қарамай, суд қарори ижроси «туя гўшти еб ётгани»дан келиб чиқиб, Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси (МИБ) манзилига жиндек нордонроқ гаплар айтилганди-да.

Кутилганидек, мақола жойланган куннинг эртасигаёқ Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси масъул ходими биз билан боғланди. Ва айтдики, мақолага гап бўлиши мумкин эмас, ўз ҳуқуқини ҳимоя қилиб, судда ғолиб бўлган ўша йигитга тасанно, бунақаси амалиётда кам учрайди, бироқ бизнинг идорага нисбатан айтилган гапларга эътирозимиз бор, нега десангиз, сизлар ёзган суд қарори ижро учун МИБга келиб тушмаган, бу ҳақда ижро ҳужжатининг ўзи йўқ, ахир?!

Масъул ходим исбот тариқасида қуйидаги ҳужжатни юборди:

Юнусобод маъмурий судининг ДТМга жўнатга хати нусхаси. Фото: «Xabar.uz»

Кўриб турганингиздек, Юнусобод тумани маъмурий суди раиси Д.Б.Эргашев ҳал қилув қарорини ижро этиш учун Мажбурий ижро бюросига эмас, Давлат тест марказининг (ДТМ) ўзига юборган экан! ДТМ эса, кўриб-билиб турганингиздек, ҳал қилув қарори қонуний кучга кирганига бир ярим ой тўлаётганига қарамай, уни ижро этгани йўқ.

Суд қарорларини ижро этиш учун МИБ ёки жавобгар томоннинг ўзига юбориш — судьянинг хос ҳуқуқи албатта, бу ҳақда баҳс ортиқча. Бироқ бизнинг мисолда ижрони бевосита ДТМга юклаш нечоғли мақсадга мувофиқ? Шубҳасиз, суд қарорлари сўзсиз ижро этилиши шарт. Акс ҳолда, бунинг ҳуқуқий оқибатлари мавжуд. Иши бошидан ошиб ётган судларда чиқарган суд қарори ижроси орқасидан чопиб юришга вақт ҳам, иштиёқ ҳам бор дейсизми? Агар бор бўлса, нега шу пайтгача суд қарорини вақтида ижро этмагани учун ДТМ мутасаддиларига тегишли чора кўрмади? Эҳтимол, Юнусобод туман маъмурий суди ҳал қилув қарорини ДТМга эмас, бевосита МИБнинг ўзига юборганда судда ютиб чиққан йигитнинг тиллога тенг вақти бу қадар исроф бўлмасмиди?! Шундоғам ўқув йили оёқлаб бормоқда, бу — ўтаётган ҳар дақиқа қонунан — талаба, амалда эса ҳамон абитуриент мақомидан нарига ўтолмаётган Даврон Турсуновнинг зарарига ишлаётганини такрор-такрор англатади. ДТМ эса юзи шувут қилинган суд қарорини катта мамнуният билан қабул қилиб, ижроси учун шошмаслиги аниқ. МИБда эса тартиб ўзгача: бу даргоҳда суд қарори муҳокама қилинмайди, асосий эътибор унинг (суд қарорининг) қонунда кўрсатилган муддатда ижро этилишига қаратилади. Бу жараёндаги тўсиғ-у тушовларга нисбатан чора кўриш учун МИБда етарлича ваколат бор.

Қисқаси, ҳолат бир қадар ойдинлашгач, мақолада бюро манзилига айтилган гаплардан жиндек xижолатга тушдик, рости. Суд ҳужжати ижро учун бошқа манзилга юборилса-ю калтакнинг бир учини МИБ бошидан синдириш ҳақиқий вазиятни акс эттирмайди, тўғри.

Ушбуни ёзиб, сайтга жойлаштиришга тайёргарлик кўрилаётган пайтда, ниҳоят, тегишли ҳал қилув қарори Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий бюронинг Юнусобод туман бўлими иш юритувига келиб тушгани, бўлим давлат ижрочиси енг шимариб, ижро ҳаракатларини бошлаб юборганини тасдиқловчи ҳужжатни қўлга киритдик.

МИБдан келган ҳужжат. Фото: «Xabar.uz»

Ушбу ҳужжат  ёзишмаларимизни бошқатдан кўриб чиқиб, тегишли таҳрир киритишни талаб этади аслида. Бироқ биз тайёр матнни кесиб-қайчилашдан тийилдик. Зеро, жараёндан  бизгина эмас, ўқувчилар ҳам воқиф бўлгани маъқулдай.

 Мана энди, МИБ ходимига куч-қувват тилаган ҳолда, ёзмишимизга охирги нуқтани қўйсак бўлади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг