Хитойлик профессор «Ипак йўли» халқаро туризм ва маданий мерос университетига проректор этиб тайинланди
Хитойлик профессор Тонгкиан Зоу Самарқанд шаҳридаги «Ипак йўли» халқаро туризм ва маданий мерос университетининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори лавозимида иш бошлади.
Профессор Тонгкиан Зоу Пекин халқаро тадқиқотлар университети президенти маслаҳатчиси, Миллий ижтимоий фанлар фонди бош эксперти, Хитой маданият ва туризм академияси декани лавозимларида ишлаган. Хусусан, 2006 йилдан 2013 йилгача Пекин халқаро тадқиқотлар университетининг туризм менежменти кафедраси декани лавозимида фаолият олиб борган. 2013 йилдан ҳозирга қадар Пекин халқаро тадқиқотлар университети президенти маслаҳатчиси лавозимида ишлаб келмоқда.
Шунингдек, 2019–2020 йилларда «Ипак йўли» халқаро туризм ва маданий мерос университети ректори маслаҳатчиси лавозимида ишлаган, 2020 йил октябр ойида «Туризм фидойиси» кўкрак нишони билан тақдирланган.
Маълумот учун: «Ипак йўли» халқаро туризм ва маданий мерос университети Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан 2018 йил июн ойида ташкил этилган. Ўзбекистонда халқаро туризм соҳасида профессионал кадрлар тайёрлаш мақсадида университетга хорижий олий таълим муассасаларида (АҚШ, Хитой, Ҳиндистон, Франция, Япония, Австралия, Туркия) туризм ва маданий мерос соҳасида ишлаган 10 дан ортиқ хорижий профессор-ўқитувчилар жалб қилинган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter