Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни: Ўзбекистондаги вазият факт ва рақамларда (видео)
26 июн — “Халқаро гиёҳванд моддаларнинг суиистеъмоли ва ноқонуний айланишига қарши курашиш” куни. Шу муносабат билан Тошкент шаҳрида ташкил этилган тадбирда ноқонуний муомаладаги мусодара этилган 2 тонна 51 кг 644,96 гр. гиёҳвандлик воситалари махсус печларда ёқилди.
Бундан ташқари, 496 марка ЛСД, 22 789 туп кўкнор ўсимлиги, 3 977 туп каннабис ўсимлиги, 77 201 дона таблетка, капсула, ампула кўринишидаги гиёҳвандлик ва психотроп моддалар ва таркибида гиёҳвандлик воситалари мавжуд бўлган 9 л 976,42 мл. турли аралашмалар ёқиб йўқ қилиш учун тайёрланган.
Гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи кенгайиб бориши, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларни нотиббий мақсадларда суиистеъмол қилинишининг ортиши, афғон опиатларини “Шимолий йўналиш” орқали транзитининг янги каналларини шаклланиши ва мавжудларининг фаоллашуви ортидан, бутун дунёда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам кузатилаётган нарковазият кескинлигича қолмоқда.
Мамлакатимизга афғон наркотикларини, асосан, Тожикистон ва Қирғизистон орқали жануби-шарқдан — Самарқанд ва Сирдарё вилоятларига, шимоли-шарқдан — Фарғона водийси вилоятларига ва Тошкент вилоятига ҳамда тўғридан-тўғри Афғонистондан Амударё орқали Сурхондарё вилоятига олиб кириш ҳолатлари учрамоқда.
Ўзбекистон Республикаси Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази (Марказ) маълумотига кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар амалга ошираётган тезкор-амалий ва тезкор профилактик тадбирлар натижасида 2022 йилда гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ 8 681 (7 142) та жиноят аниқланган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасининг анъанавий тажрибасига мувофиқ, суд жараёнида ашёвий далиллар сифатида ўтган гиёҳвандлик воситалари, суд ҳукуми қонуний кучга киргач, махсус печларда ёқиб юборилади. Ушбу тадбирда мутасадди идоралар ходимлари, халқаро ташкилотлар, дипломатик корпус, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter