Туркия Авлиё София ибодатхонасини масжидга айлантириш учун кимдан рухсат сўраши керак?
Туркия Истанбулдаги Авлиё София ибодатхонаси мақомини ўзгартиришга ва уни масжидга айлантиришга ҳақли. Бунда бошқа давлатларнинг фикри билан ҳисоблашиб ўтирмайди. Бу ҳақда Туркия ташқи ишлар вазири Мевлют Чавушоғлу NTV телеканали орқали маълум қилди.
«Бу халқаро мавзу эмас. Авлиё София Усмонлилар мулкига айлангач, масжид сифатида фойдаланилган. Бу суверенитетимиз масаласидир», — деб ҳисоблайди вазир. Унинг таъкидлашича, ибодатхонани ЮНЕСКО бутунжаҳон мероси объектлари рўйхатига киритиш тўғрисидаги битимда унинг мақоми ҳақида ҳеч нима дейилмаган. Чавушоғлунинг фикрича, Анқара фақат унинг сақланиши ҳақида қайғуриши керак.
5 июнь куни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Авлиё София ибодатхонасини расман масжидга айлантириш учун тайёргарлик кўришга топшириқ берди.
Авлиё София ибодатхонаси милодий VI асрда император Юстиниан буйруғига биноан барпо этилган. Турклар Константинополни забт этгач, ибодатхонани масжидга айлантиришган. Бироқ 1935 йилда замонавий турк давлати асосчиси Мустафо Камол Отатурк унга музей мақомини берган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter