Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Трампни яна судга беришди

Трампни яна судга беришди

Фото: AP

АҚШдаги нуфузли таълим масканларидан бири Ҳарвард университети президент Доналд Трамп маъмурияти устидан судга даъво аризаси киритди. Университет раҳбарияти фикрича, Оқ уйнинг бир неча миллиардлик грантни музлатиши ноқонуний ҳисобланади ва бу ҳаракат билан ҳукумат таълим масканининг академик эркинлигини таҳдид остига қўймоқда.

Даъво аризасини Бостон федерал суди кўриб чиқади.

Аввал хабар берганимиздек, Ҳарвард университети президент Трампнинг талабларини бажаришдан бош тортгани ортидан Оқ уй маъмурияти мазкур университетни 2,2 млрд доллар миқдоридаги федерал грантлардан маҳрум қилганди.

Маълумки, сўнгги бир ярим йил мобайнида АҚШдаги кўплаб университетлар қатори Ҳарвард университетида ҳам Ғазо секторидаги урушга қарши кўплаб норозилик намойишлари ўтказилди.

Намойишчи талабалар Фаластин давлати тузилишига имкон бериш, Исроилнинг Ғазодаги хунрезлигини тўхтатиш, шунингдек, Вашингтондан яҳудий давлатини бир томонлама қўллаб-қувватлашни бас қилиш каби талабларни илгари сурганлар.

Трамп жорий йил 20 январь куни президентлик лавозимига киришгач, аксилисроил намойишлари ўтказилган университетларга босимни кучайтирди. Оқ уй маъмурияти уларни яҳудийлар ҳуқуқини бузиш ва антисемитизмда айблади.

Жумладан, 11 апрель куни Оқ уй мулозимлари томонидан Ҳарвард университети раҳбариятига йўлланган мактубда ижтимоий фаол талабаларнинг таъсирини камайтириш, ходимларни ишга қабул қилишда уларнинг ирқи, жинси, эътиқоди ва мамлакатини инобатга олишни бас қилиш, «американча қадриятларга душманларча кайфиятдаги» талабаларни ўқишга қабул қилмаслик, ходимлар ва талабаларнинг қарашлари ҳамда ўқув дастурлари юзасидан аудит ўтказиш каби талаблар қўйилган эди.

Ҳарвард раҳбарияти ушбу талабларни академик эркинликка таҳдид сифатида рад этган.

The Wall Street Journal нашри ёзишича, Оқ уй Ҳарвард университетини соғлиқни сақлаш йўналишидаги яна бир миллиард доллар грантдан маҳрум қилиши мумкин. Университет маъмурияти эса пул эмас, балки таълим масканининг мустақиллиги ва қонуний ҳақ-ҳуқуқлари бирламчи экани ҳақида баёнот берган. 

Трампнинг кескин фармонлари ортидан сўнгги ойларда унинг маъмурияти устидан турли инстанциядаги судларга даъво аризалари киритилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг