Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкентдаги Ғалаба боғида «Хотира нури» номли янги мажмуа очилди

Тошкентдаги Ғалаба боғида «Хотира нури» номли янги мажмуа очилди

«Хотира нури» — бу тарихий мерос, табиат манзараси, санъат ва замонавий рақамли технологиялар уйғунлигини ифодаловчи ноёб лойиҳа ҳисобланади. Унинг асосий мақсади — Ўзбекистон Республикасида мутлақо янги шаклдаги ёдгорлик маконини яратишдир. Бу масканда қаҳрамонлар хотираси абадий яшайди.

Мамлакатда илк бор тарихий хотира нафақат монумент обида орқали, балки рақамли шаклда ҳам абадийлаштирилмоқда. Бу эса Иккинчи жаҳон уруши фахрийлари хақидаги маълумотларга кенг оммавий кириш имконини яратади.

«Хотира нури» китоби — бу ёш ижодкорлар, Ўзбек тили ва адабиёти институти талабаларининг қаламига мансуб қаҳрамонлик ҳикоялари тўпламидир. Китоб авлодлар давомийлигини ифодалайди. Унда Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудидан биттадан бўлиб, жами 14 нафар фахрийнинг таржимаи ҳоли ва архив фотосуратлари жамланган. Лойиҳа кейинги йил давомида барча тирик фахрийларни қамраб олиб, уларнинг ҳаётий йўлларини «хотира китоби»га киритиш, миллий қаҳрамонлик архиви яратишни режалаштирган.

«Хотира нури» мажмуаси — бу Ғалаба боғи ҳудудида жойлашган ёдгорлик макони бўлиб, у гулли дарахтлар, буталар ва ёрқин гулзорлар билан ўралган. Бу жойда хотира, ҳурмат ва миннатдорчилик туйғулари акс этган ўзига хос муҳит яратилган. Мажмуанинг марказида жойлашган ёдгорлик очиқ саҳифадек ясалган китоб шаклида бўлиб, у абадий мерос ва ҳаётини Ватан учун фидо қилганлар хотирасини ифодалайди. Яшил ҳудуд уч томондан ёдгорлик томон олиб борувчи сайр йўлаклари билан безатилган. Монумент макети устида мамлакатимизнинг етакчи ҳайкалтарошлари ҳамда Ўзбекистон Бадиий академияси талабалари ишлади.

Рақамли платформа — бу фахрийлар ҳақидаги фото, видео ва аудио материаллардан иборат архив базасидир. У «хотира китоби»да келтирилган ҳикояларни бойитади. Замонавий технологиялар орқали илк бор Ўзбекистонда очиқ осмон остида рақамли музей яратилмоқда. Ҳар бир ташриф буюрувчи марказий монументга ўрнатилган интерактив QR-код орқали бу бой хотираларни тинглаши, кўриши ва ҳис қилиши мумкин бўлади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг