Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкентда Судьялар миллий конференцияси бўлиб ўтди

Тошкентда Судьялар миллий конференцияси бўлиб ўтди

Фото: Олий суд матбуот хизмати

Олий суд, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ҳамда “East-West Management Institute” (EWMI) нодавлат нотижорат ташкилотининг Ўзбекистондаги филиалининг “Суд тизимини мустаҳкамлаш” (JSSA) қўшма лойиҳаси билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу икки кунлик анжуманда Олий суд, Судьялар олий кенгаши ва Судьялар олий мактабининг вакиллари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг барча судларидан юздан зиёд судьялар иштирок этишди.

Фото: Олий суд матбуот хизмати

Замонавий дунёда мамлакатнинг ривожи – жамиятда айнан қонун ва адолат устуворлиги таъминланиши, мустақил ва адолатли суд мавжудлиги билан ўлчанади. Ташкилотчилар бу каби конференцияларнинг ўтказилиши одил судловни амалга оширишнинг долзарб масалаларини ҳамда амалиётда юзага келаётган муаммоларни кенг муҳокама қилиш учун яхши имконият ва қулай майдон эканлигини таъкидлаган.

Бахтиёр Исломов
Фото: Олий суд матбуот хизмати

«Биз судьялар ва барча суд ходимлари катта жамоа – муҳим ҳамжамият сифатида давлатимизнинг ривожи ва юксалиши учун ўз ҳиссамизни қўшишимиз керак. Бу эса бизнинг адолатли, қонуний ва асосли қарорларимиз орқали ифодаланади. Агар ҳар қандай қонунбузилиши ёки адолатсизлик юзасидан ўз вақтида ва тўғри муносабат билдирсак, давлат органлари ҳамда мансабдор шахсларни қонун асосида ишлашга ўргатиш орқали фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга эришамиз. Бундай имкониятдан кенг фойдалансак, айнан шу, мамлакат ривожига ҳиссамиз бўлади.

Бугунги кунда, суд тизимини мутлақо янги босқичга олиб чиқиш, фуқароларнинг судга мурожаат қилиш имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Мазкур ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсадлар – судьяларнинг масъулиятини ошириш, ишларнинг сифатли ва ўз вақтида кўрилиши таъминлаш, суд қарорларини қайта кўришда вилоят судларининг имкониятларидан самарали фойдаланиш, фуқароларнинг шикоят қилиш имкониятларини кенгайтириш, муаммоларини жойида ҳал қилиш ва ортиқча сарсонгарчиликларга йўл қўймасликдир», – деган Олий суд раиси Бахтиёр Исломов.

Фото: Олий суд матбуот хизмати

Конференциянинг биринчи кунида иштирокчилар маъмурий, фуқаролик, жиноят ва иқтисодий судларда одил судловни амалга оширишнинг долзарб масалалари юзасидан ўзаро тажриба алмашиб, мавжуд муаммо ва вазифаларни атрофлича муҳокама қилишган.

Жумладан, судьялар суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан процессуал қонунчиликка киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар мазмун-моҳияти, судларда конституциявий нормаларни тўғридан-тўғри қўллаш амалиёти ҳамда судлар амалиётида гендер дискриминацияси ва зўравонликнинг олдини олиш бўйича ҳалқаро стандартларни жорий қилиш каби масалалар юзасидан фикр-мулоҳаза юритган.

Фото: Олий суд матбуот хизмати

«Иштирокчилар суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан процессуал кодексларга киритилган янгиликлар, конституциявий нормаларни судлар томонидан тўғридан-тўғри қўллаш амалиёти, маъмурий, жиноий, фуқаролик ва иқтисодий судларда одил судловни амалга оширишнинг долзарб масалалари ҳақида кенг қамровли маъруза ва тақдимотлар билан танишишди», деб хабар бермоқда Олий суд махбуот хизмати.

Фото: Олий суд матбуот хизмати

Конференциянинг иккинчи кунида судьяларнинг маънавияти, одоби ва масъулияти ҳақида ҳамда судларда ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, суд иш юритувини рақамлаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг