Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкентда фельдшер аёл калтакланди

Тошкентда фельдшер аёл калтакланди

Кеча соат 16:27да Яккасарой туманининг Бобур кўчасида жойлашган хонадонларнинг биридан тез тиббий ёрдам хизматига чақириқ келиб тушган. Шундан сўнг шифокор Б.М. ва фельдшер аёл Ж.И. дан таркиб топган «103» бригадаси чақириқ манзилига етиб бориб, бемор Б.Ж.га тиббий ёрдам кўрсатган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, аҳволи ўта оғир бўлганлиги сабабли Б.Ж.ни зудлик билан шифохонага олиб кетишга қарор қилинган. Беморни транспортировка қилиш чоғида унинг ўғли асосли сабаб бўлмаса-да, тиббий бригада ходимлари билан тортишиб, қўл кўтариш даражасигача борган.

Оқибатда фельдшер Ж.И. кўкрак қафасига зарба олган ва аҳволи ёмонлашган. Шунга қарамай, тиббий бригада ўз хизмат бурчига масъулият билан ёндашиб, чақириқни якунлаган, яъни беморни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг қабул бўлимига олиб борган.

Шундан сўнг «103» фельдшери Ж.И. мазкур шифохонанинг хирургия  бўлими шок залига «Кўкрак қафасининг ёпиқ жароҳати» ташхиси билан ётқизилган.

Ҳозир фельдшер Ж.И. мазкур бўлимнинг интенсив палатасида тегишли даво муолажаларини олмоқда. Аҳволи ўрта оғирликда.

Ҳолат юзасидан ички ишлар органлари томонидан терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда, деб хабар берди Бош прокуратура матбуот хизмати.

Қайд этилишича, суриштирув ҳаракатлари Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан назоратга олинган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг