Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бурак Ўзчивит ва Нургул Яшилчай турк актёрларига қарши: Тошкентдаги фестивалда можаро юзага келди

Бурак Ўзчивит ва Нургул Яшилчай турк актёрларига қарши: Тошкентдаги фестивалда можаро юзага келди

Фото: Facebook.

Хабарингиз бор, Тошкент шаҳрида шу кунларда Халқаро филм фестивали ўтказилмоқда. Куни кеча фестивал доирасида турк киноси кечаси ҳам бўлиб ўтган. 

Аммо кечада турк актёрлари иштирокида содир бўлган воқеа бутун ўзбек тилли сегментда катта акс-садо келтириб чиқарди. 

Журналист Шоира Рауфбоева ёзади: «Ҳозиргина ҳаётий сабоқнинг энг каттаси рўй берди. Яна қаерда денг? Турк киноси кунлари ўтаётган Форумлар саройи саҳнасида! Юзлаб ўзбек мухлислари кўз ўнгида! Бизнинг «юлдузлар»нинг ҳам баъзилари залда эди, зора улар учун ҳам сабоқ бўлса.

Хуллас, биринчи суратда кўриб турганингиздек, Туркиядан ташриф буюрган 9 та актёр саҳнага чиқиб, ҳурмат сақлаб томошабин билан юзма-юз бўлишди. Лекин ўзбек «буракшунослари» ва Яшилчой мухлислари тадбирни ярмини уларни кутиб, кўчада ўтказишганига қарамасдан ва саҳнада бошловчилар икки қайта тантана билан эълон қилишсада, бу иккиси чиқмади. Ва ниҳоят Нургул Яшилчой саҳнани бир бурчагидан чиқиб, ўша ерда қотди. Ҳамюрт ҳамкасбларига бир қур назар ташладию, икки қўлини икки чўнтагига солиб, ғоз туриб олди. Узатилган микрофонни ҳам қўлига олишни эп кўрмай, бошловчининг қўлидаги микрофонга эгилиб, салом, яхшимисизлар» — дедию, бошқа актёрлар ёнига бориб ўтирмасдан, саҳна ортига ўтиб кетди.

Ойбек Вейсал ўғли тўққизта актёр билан бирма-бир самимий суҳбат қилдилар, лекин Яшилчой қайтмади. Буракку умуман кўринмади. Кўнглимнинг бир чеккасидан «у шунчалик машҳурмикан, тўққизта ҳамкасбини менсимадия» — деган фикр йилт этиб ўтди. Бундай ўйлаган бир мен эмас эканлигим кейинроқ маълум бўлди. Саҳнадагиларни совға-саломлар билан ўринларига кузатиб қўйишгачгина Нургул саҳнага чиқиб келди ва унинг бошига бошловчининг бошидаги тожини кийдириб, энди шоу бошланаётган эди, 58 йилдан бери кино санъатига ҳалол хизмат қилиб, сочи оқарган, ўзининг таъбирича «подшодан қулгача» барча ролларни ўйнаган Сардор Гёкхан саҳнага отилиб чиқдию, микрофонни олиб «томошамизни бузди деб мендан хафа бўлманглар. Минг афсус, мана бу оёғи ердан узилган икки ҳамкасбимиз саҳнада биз билан бирга ўтиришдан ор қилди, аслида улар бизнинг сафимизда бўлишга нолойиқ. Сиз одамнинг қиёфасига қараб баҳо берманг, унинг кимлигини ҳатти-ҳаракатлари билдириб туради. Биз ортиқ бу иккисининг ахмоқона томошасини кўриб, ҳақоратни жимгина ютиб кета олмаймиз. Биз бу ерни ҳозироқ тарк этамиз» — дедию, тўққиз турк ижодкор зални тарк этди.

Уларнинг ортидан элчихона вакиллари ҳам чиқиб кетишди ва шу билан бугунги тадбирнинг файзини ҳам олиб кетишди. Яшилчой ҳам ортиқ залда қола олмади».



Ушбу мавзу остига кўплаб ўзбек интернет фойдаланувчилари норозилик фикрларини билдиршган. Жумладан улар Бурак Ўзчивит ва Нургул Яшилчай қайси маблағлар эвазига Тошкентга келишганини очиқлаш масаласини қўйишган. Шунингдек, ташкилотчилик масаласидан норозилар ҳам анчагинанини ташкил қилади. 

«Менимча, Тошкент кинофестивалида Нургул Яшилчой ва Бурак Ўзчвит сабаб юзага келган можарога ташкилотчилар айбдор.

Яшилчойга тож кийдиришга бало борми? Аҳмоқликнинг чегараси йўқ дейишармиди. Шоу шоудек бўлиши керакмасми? Ташкилотчилар нима қилишди? Шахсга сиғинишворди. Эълон қилишга ҳам эътибор қилинг», дея ёзади фойдаланувчи Бахтиёр Мирзо. 

«Фалон пул бериб турк актёрларини чақир, улар эса бировнинг байрамини расво қилишсин. Гонорарни жарималари билан қайтаришсин, маънавий зарарлари билан. Шунча томошабин бир тийинми?», дея ёзди блогер Шаҳноза Соатова. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг