Америка технологиялар университети учун Тошкентнинг Бешёғоч кўчасидаги бинолар ижарага берилади
Бир муддат олдин Тошкент шаҳрида Америка технологиялар университети ташкил этилиши ҳақида хабар қилинган эди.
Президентнинг тегишли қарорига мувофиқ, Тошкент шаҳридаги Америка технологиялар университетининг таълим жараёнини ташкил этишда Америка Қўшма Штатлари томонидан «Cintana Education» компанияси ҳамкор этиб белгиланган.
Университет ташкил қилиш учун мазкур компанияга Тошкент шаҳри, Бешёғоч кўчаси, 1-уй манзилида жойлашган бино-иншоотлар унга бириктирилган ҳудуд билан биргаликда 49 йил муддатга ижарага берилади.
Университет нодавлат олий таълим ташкилоти ҳисобланади ҳамда ўз фаолиятини 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг таълим соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари талаблари асосида амалга оширади.
Университетда талабаларни ўқитиш тўлов-контракт асосида амалга оширилади ҳамда қабул параметрлари ва талабаларни ўқитиш учун тўлов-контракт суммаси Университет томонидан белгиланади.
Университет битирувчиларига Aризона давлат университетининг ёки Америка Қўшма Штатларида тан олинадиган ҳамкор хорижий олий таълим ташкилотининг дипломи берилади. Бунда, битирувчиларга берилган диплом Ўзбекистон Республикасида тан олинади;
Университетда қўшма таълим дастурларининг хорижий университетда ўқиш қисмини бакалавриатда «3+1», магистратурада «1+1» ва бошқа шаклда, жумладан, масофавий тарзда амалга ошириш имконияти яратилади.
Университет фаолияти таъсисчилар маблағлари, тўлов-контракт асосида талабаларни ўқитишдан тушган маблағлар, ҳомийлик хайриялари, грантлар ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.
Эслатиб ўтамиз, Президент ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги, Aризона давлат университети (АҚШ) ҳамда «Cintana Education» компанияси (АҚШ) ўртасида 2023 йил сентябрь ойида Тошкент шаҳрида Америка технологиялар университетини ташкил этиш тўғрисида аҳдлашув меморандуми имзоланган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter