«Тошкент вокзалида гўдаклари билан кўчада ётган» оила: «Томи олтиндан қурилган уй берилса ҳам Бухорога қайтмаймиз»
Уйи бузилишга тушмаган, аммо «снос» важи билан Бухородан чиқиб кетган оила нимадан норози?
Ижтимоий тармоқларда блогер Насим Холов томонидан «Тошкент вокзалида гўдаклар кўчада ётибди» сарлавҳаси остида тарқатилган видео кўпминг сонли фойдаланувчилар эътиборини тортди.
Видеода жорий йилнинг 8 июлига қадар Когон тумани «Ўзбекистон» маҳалла фуқаролар йиғини, Дечаобод қишлоғида яшаб келган Раҳимовлар оиласининг бир ўғли ва бир қизи ҳамда вояга етмаган икки нафар невараси билан Тошкент автовокзали – автошоҳбекатида сарсон-саргардонликда ётиб юргани акс эттирилган.
Лавҳа намойишида автовокзал олдидаги ўриндиқларда қўним топган оила аъзолари блогер билан суҳбатда яшаш хонадонлари «снос»га тушгани, уларнинг мурожаатига Бухоро мутасаддилари эътибор қаратишмагани ва шундан сўнг нажот излаб, Тошкентга боришга мажбур бўлишганини айтишган. Видео давомида ночор оиланинг аҳволига ачинган блогер уларни пойтахт меҳмонхоналаридан бирига олиб бориб жойлаштирилганини кўриш мумкин. Xabar.uz мухбири ҳолатни ўрганди.
«Бир қарашда, бутун бошли оиланинг, устига-устак, «Даун синдроми» билан хасталанган вояга етмаган фарзанди билан иложсизликдан кўчада ётиб, кун кечириб юргани, жуда аянчли туюлади. Уларнинг ижтимоий тармоқлардаги чиқишидан сўнг ҳолат зудлик билан вилоят ва Когон тумани ҳокимлиги масъуллари томонидан ўрганилди. Ўрганиш давомида улар яшаб келаётган манзилдаги бирор кўча ёки уй-жой ҳеч қандай «снос»га – бузилишга тушмагани, бошида бир эмас, икки бошпанаси борлиги аниқланди», — дейди Когон тумани ҳокими матбуот котиби Азиз Қаҳҳоров.
Бир оиладан 407 маротаба мурожаат рўйхатга олинган
Маълум бўлишича, узоқ вақт Бухоро шаҳрида яшаган ушбу оила 2012 йилда Когон туманидаги «Геофизика» маҳалласига кўчиб келган. 57 ёшли уй бекаси Хуршида Раҳимова ҳеч қаерда ишламайдиган 27 ёшли ўғли Маҳмуджон Раҳимов билан жуда кўп бор уйсизлик важи билан мурожаат қилишиб, туман ҳамда вилоят масъул мутасаддилари фаолиятидан доимий норози бўлиб келишган.
Юқори идораларга муттасил қилган мурожаатларидан сўнг ушбу оилага 2019 йилда вилоят ҳокимлиги ва Республика Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Когон шаҳар марказий кўчаларида жойлашган кўп қаватли уйларнинг биридан бозор баҳоси 125 миллион сўмга баҳоланган уч хонали уй имтиёзли тартибда олиб берилган. Бунга Ўзбекистон Республикаси Президентнинг 2017 йил 12 сентябрдаги «Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-3268-сонли қарори қонуний асос қилиб олинган. Ва мазкур уч хонали уй Хуршида Раҳимованинг турмуш ўртоғи Шавкат Раҳимов номига расмийлаштирилган.
«Жорий йил 7 май куни туман ҳокими ва сектор раҳбари бошчилигида айнан Хуршида Раҳимованинг навбатдаги мурожаатини жойида ўрганиш юзасидан «Геофизика» маҳалласида йиғилиш ўтказилди. Аммо мурожаат эгаси Когон шаҳрида яшаб келаётганини важ қилиб келмади. Маъмурий-демографик ўрганишлар сабабли «Геофизика» маҳалласи халқ депутатлари Когон тумани Кенгашининг 2019 йил 4 февралдаги 157/48-сонли сонли қарорига мувофиқ, иккига бўлинган. «Геофизика» маҳалласи негизидан иккинчи маъмурий ҳудуд, яъни «Ўзбекистон» маҳалла фуқаролар йиғини ажралиб чиққан. Хуршида Рахимова оиласи билан яшаган Дечаобод қишлоғи айни пайтда «Ўзбекистон» маҳалласи тасарруфига ўтказилганига қарамасдан, у яшаш жойи тўғрисида Геофизика маҳалласи фуқаросиман, дея доимий ноўрин норозиликлар билдириб келади. Унинг бундай эътирозини намойиш этиб келаётганини қандай тушуниш мумкин?!» — дейди Когон тумани «Ўзбекистон» маҳалласи раиси Акмал Саидов.
Когон тумани ҳокими матбуот котибининг сўзига кўра, Хуршида Раҳимова 2018-2022 йиллар давомида Президент ишонч телефони, Бош прокуратура, Халқ қабулхонаси орқали турли масалаларда юқори идораларга 145 маротаба мурожаат қолдирган. Маҳмуджон Раҳимовнинг эса 4 йил давомида 262 та мурожаати рўйхатга олинган.
«Пул зарб этиладиган завод очиб беринг...»
«Афсуски, уларнинг мурожаатларининг аксарият қисмини туман ҳокимлиги, балки вилоят ҳокимлиги даражасида ҳал этишнинг иложи йўқ. Масалан, туман ҳамда вилоят сектор раҳбарлари, Президентнинг Халқ қабулхонаси мансабдорларини эгаллаб турган вазифасидан бўшатиш ва уларга чора кўриш, яна шунга ўхшаган мурожаатлар. Аёлнинг ўғли Маҳмуджоннинг мурожаатларида Бухоро халқаро аэропортини бошқа ҳудудга кўчирилиши, аҳолини камбағалликдан чиқариш учун пул зарб этиладиган завод очиб берилиши, ўзининг эса тадбиркорлик билан шуғулланиши учун 10 триллион сўм миқдорида маблағ ажратиб берилиши талаблари қайд қилинган», — дейди Азиз Қаҳҳоров.
Маҳалла раиси Акмал Саидов Раҳимовлар оиласи яшаб келган хонадон ҳам, унинг атрофидаги бирорта ҳовли-жойлар ҳам ҳеч қандай «снос»га – бузилишга тушмаганини билдирган.
«Ҳозирга қадар айнан Когон тумани «Геофизика» ёки «Ўзбекистон» маҳаллалари ҳудудидаги ижтимоий объектлар ёки аҳоли хонадонларини «снос» қилиш билан боғлиқ ҳеч қандай қарор қабул қилинмаган. Буни маҳаллий аҳоли яшаш манзили, турмуш тарзи мисолида ҳам яққол кўриш мумкин», — дейди Акмал Саидов.
Маълум бўлишича, ушбу оилага мунтазам моддий, амалий ёрдам бериб келинган. Оиладаги вояга етмаган невараларнинг суннат тўйлари ўтказиб берилган.
«Хуршида Раҳимова айни пайтда нафақахўр, 690 минг сўм нафақа пули олади. «Даун синдроми» билан хасталанган неварасига 698 минг сўм миқдорида ногиронлик нафақаси тайинланган. Турмуш ўртоғи Шавкат Раҳимов ўтган аср саксонинчи йилларида Чернобиль атом электр станциясида юз берган авариядан жабрланганлар тоифасидан бўлгани боис, 2-гуруҳ ногирони сифатида 1 миллион 369 минг 551 сўм миқдорида пенсия ҳамда 145 минг 800 сўм миқдорида компенсация олиб келмоқда»,— дейди маҳалла раиси сўзида давом этар экан.
Xabar.uz мухбири ҳолатни ўрганиш давомида Раҳимовлар оиласи яшаган — Когон тумани ҳамда Когон шаҳридаги манзилларда яшовчи бир нечта қўни-қўшнилари билан суҳбатда бўлган.
«Қўни-қўшнилар «дод» дейишади»
«Шу маҳаллага кўчиб келганимга тўққиз йил бўлди. Шунча йилдан буён она-ўғилнинг бўлмағур важлар билан ёзмаган жойи қолмади. Дарвозаси олди ҳар кун жанжал, ҳар кун тўполон. Қўни-қўшнилар «дод» дейишади улардан. Уй-жойи йўқ эмиш, мана, уй-жойи. Фақат қаровсиз ва ташландиқ аҳволда. Сабаби ўзлари, бошқалар эмас. Агар шулар феъл-атвори яхши бўлганда, қўни-қўшничилик адабини билишганда, ўзимиз бош-қош бўлиб, ҳашар йўли билан ҳовли-жойини обод қилишга қарашардик», — дейди фуқаро Нусрат Атоев.
Ушбу оиланинг ён қўшниси Ҳамид Файзуллаев эса маҳалладаги уй-жойларнинг «снос»га тушмаганини билдирган. Унинг сўзига кўра, маҳалладошлар ҳашар йўли билан кўчани асфальтлаштириш ишларини амалга ошириш жараёнида Раҳимовлар оиласи «ҳовлим тарафидан машиналар ўтказмайсанлар» деб автомашиналар қатновига тўсқинлик қилишган.
«Айни кучга тўлган йигитнинг ўзи ҳеч қаерда ишлашни истамайди. Тиланчилик қилиб, кун кўришми мақсади? Бу ҳолат бизни, шу оиланинг қўни-қўшниларини ҳам изза қилди. Нотўғри ва ёлғон кўрсатмалар билан шукурни ўрнида уй-жойи ташлаб чиқиб, ўзини бечораҳол тутиш орқали вилоят шаънини, Ўзбекистон номини булғаётганларнинг ўзини жазолаш керак», — дейди Ҳамид Файзуллаев асабий ҳолатда.
Шундан сўнг Раҳимовлар оиласига мулкий тегишли бўлган Когон туманидаги «Ўзбекистон» ҳамда Когон шаҳридаги «Арабхона» маҳалласи ҳудудидаги яшаш хонадонлари қўни-қўшнилари Қаҳрамон Рустамов, Сиддиқа Бафоева, Гулнора Азимова, Клавдия Сафарова каби фуқаролар билан суҳбатлашилган.
Блогер: «Ушбу оилага психологик ёрдам керак...»
Фуқаро Аллома Шарипова «Нега блогер ҳар икки томонни ўрганмай туриб, бир оиланинг ёлғон кўрсатмаларини олиб чиққан?» деган важ келтирган.
Xabar.uz мухбири блогер Насим Холов билан телефон орқали мулоқотда бўлган.
«Менинг босаётган қадамларимни, қилаётган ишларимни кўпчилик тўғри тушунмаслиги мумкин. Мен икки тарафга ўйнайдиган инсон эмасман, ўз чиқишларим билан фақат йўл кўрсатаман. Ваҳоланки, ушбу оила билан боғлиқ ҳар бир ҳолатни изоҳи билан ёритдим: ёмониниям, яхшисини ҳам, ёлғониниям, ростини ҳам кўрсатдим. Фойдаланувчи эса ўзи хулосалайди. Ҳатто, Тошкент автовокзали раҳбарининг шахсан ўзи миннатдорлик билдирди. Чунки аслида улар ҳам бир ярим ойдан кўпроқ вақт давомида бу оилага қарашиб, ёрдамлашиб келишган экан», — дейди блогер.
Блогернинг сўзига кўра, «Зўр ТВ» телеканали орқали намойиш этиладиган «Юракдан гапирамиз» кўрсатувда ҳам оила аъзолари оддий саволларга жавоб беришни исташмай, саҳнадан чиқиб кетишган.
«Оиланинг қўлидаги аризасига кўра, уларнинг Бухорода яшаш нияти йўқ. Вилоятнинг қайси манзили бўлишидан қатъи назар, ҳатто, устунлари тиллоли, ўнта қимматбаҳо ҳашаматли ҳовли-жой бўлса ҳам Бухорода яшашни қатъий исташмаяпти. (кулиб) Уларнинг муддаоси остида Президентга учрашиб, оиланинг ҳар бир вакилига Тошкент шаҳридан уй, невараларининг Президент мактабига ўқишининг таъминланиши ва ҳоказоларни сўраш истаги ётибди. Психологларимизнинг аниқлашича, ушбу оилага психологик ёрдам керак. Буларга қанча ёрдам беришса, уларга фарқи йўқ. Ачинганман, раҳмим келгани учун ҳам уларга ёрдам қўлини чўзганман. Таниш-билиш, дўст-оғайнилар орқали ярим соат ичида ушбу оилага меҳмонхона топиб, ўн кундан ортиқ бошпанали бўлишларига кўмаклашганман», — дейди блогер Насим Холов мухбир билан суҳбатда.
Ўрганиш жараёнида Раҳимовлар оиласи билан суҳбатлашиш имкони бўлмаган. Видео-тасвирларга кўра, улар томонидан вилоят мутасаддилари ёлғончилик ва ваъдабозликда айбланмоқда. Улар видео-тасвирда «Ҳатто, бизга Бухоро шаҳар марказидан томи олтиндан уй қуриб берилса ҳам Бухорога қайтмаймиз», дейишган.
Xabar.uz воқеалар ривожини кузатишда давом этади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter