Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкент вилоятида ноозиқ-овқат бозорлари ёпилади

Тошкент вилоятида ноозиқ-овқат бозорлари ёпилади

Бугун Нурафшон шаҳрида Рустам Холматов раҳбарлигидаги коронавирус пандемиясига қарши курашиш фавқулодда комиссиясининг ишчи йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Йиғилишда вилоятимизда бу йўналишда амалга оширилган ишлар таҳлил қилинди. Штаб аъзоларининг ахбороти эшитилди, мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, галдаги вазифалар белгиланди.

Унга кўра, эртадан бошлаб Тошкент вилояти ҳудудида жойлашган ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари савдоси билан шуғулланадиган барча бозорларнинг фаолияти тўхтатилади.

Карантин талабларига риоя этмай, хўрандаларни қабул қилишда давом этаётган умумий овқатланиш шохобчаларига нисбатан чоралар кучайтирилади.

Корхона ва ташкилотлар томонидан ўз ишчи-ходимлари учун тиббий-гигиеник воситалар жамғарилиши, ҳудудда санитар-тозалаш, дезинфекция ишларини амалга оширилиши мажбурий ҳисобланади.

Шаҳар ва туман ҳокимликлари томонидан уй шароитида карантинда сақланаётган фуқароларни зарур озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш чора-тадбирлари кўрилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг