«Тошкент Сити»да яна ишкал: битта «Love Story» учун юзлаб одамлар қувиб чиқарилди

"Адолат" партияси депутати Обиджон Латипов Тошкент Ситига пул тўлаб киргани, янги қурилган амфитеатрни томоша қилаётганда қўриқчилар асосли сабабсиз қувиб чиқарганини ёзди.
"Тошкент Cити лойиҳаси жуда кўп муҳокамаларга сабаб бўлган лойиҳалардан бири ҳисобланади. Бунга сабаб лойиҳани амалга ошириш бизга жуда қимматга тушгани билан бирга кўплаб меъморий обидалар бузиб ташланиши эвазига бунёд этилганидир. Буларнинг бари бюджет маблағлари, яъни сиз ва биз солиқ тўловчиларнинг маблағлари ҳисобидан амалга оширилди. Камига Тошкент Cити лойиҳасини амалга оширувчи қурувчи ва бошқа компаниялар божхона, солиқ ва бошқа имтиёзларга эга бўлди. Бу ушбу компаниялар ҳамма тўлайдиган солиқ ва бошқа тўловларни тўламагани натижасида жуда катта миқдордаги маблағ бюджетга келиб тушмаган дегани.
Майли, нима бўлса ҳам Тошкент Cитида парк бунёд этилиб, барчанинг ушбу паркка бепул кириши мумкинлиги эълон қилинди. Aммо, бу ҳолат узоқ чўзилмади, яъни Тошкент Cити паркнинг сақлаш харажатларини қоплаш мақсадида деган важ билан аҳолига кириш пуллик қилиб қўйилди.
Aммо, кеча мен бир қизиқ ҳодиса гувоҳи бўлдим. Эл қатори паркка пул тўлаб кириб, парк марказида жойлашган амфитеатрда фавворани томоша қилаётган юзлаб юртдошларимиз қаторида суҳбат қуриб ўтирган эдик. Бирдан парк қўриқчилари келиб, амфитеатрни бўшатиб қўйиш талаби билан ҳаммани ташқарига ҳайдаб чиқарди ва рация орқали "тозаланди" деб ҳисобот берди. Тозалаш нима мақсадда амалга оширилаётгани билан қизиққанимизда, "Бу ерда ҳозир тадбир бўлади" деган жавобни олдик.
Бироздан сўнг 4 киши пайдо бўлиб, икки севишганларни видеога ола бошлади, орада улар учун махсус буюртма мусиқа билан фаввора қайта ишга туширилди. Aйтилган тадбир шу экан. Бемаънилик. Икки севишганнинг "Love Story"си сабаб, паркка пул тўлаб кирган бир неча юз киши дам олиб ўтирган ўрнидан турғизиб, амфитеатрдан ҳайдаб чиқарилди. Йўлаклар ҳам қўриқчилар томонидан тўсиб қўйилди. Бу ҳолат жаҳлимни чиқарди, чунки ҳайдалганлар орасида ота-онам тенги ёши катта инсонлар ҳам бор эди. Табийки, бундай бетамизлик қандай асосга кўра амалга оширилаётганини билиш мақсадида масъулларни чақириб изоҳ талаб қилдим.
Маълум бўлишича, бўлажак куёв, ўзини "тадбир" бўйича менежер деб таништирган Даврон исмли йигитнинг дўсти экан. Энг қизиқ томони, 300дан ортиқ кишининг ҳайдаб чиқарилишига сабаб бўлган севишганлар "тадбир"и учун пул тўланмаган бўлиб чиқди. "Мен булар пул тўлаганми? Нега бир мижозни деб бошқа мижозлар камситиляпти? Қаерда шундай белгиланган?", деб талаб қилиб туриб олганимдан сўнг тўлов амалга оширилди ва менга кечикиб (мажбуран) тўланган чекни кўрсатишди.
Катта эҳтимолки агар мен талаб қилмасам, ўша тўлов амалга ошмай, кимларнингдир чўнтагига кириб кетишига ҳеч ким шубҳа қилмаса керак. Севишганларнинг буюртмаси билан янграган мусиқа ва улар учун бир неча маротабадан қўйилган фавворанинг аллақанча миллионлик харажатини эса паркка пул тўлаб кириб амфитеатрдан ҳайдаб чиқарилганлар "ахмоқ" бўлиб тўлаб юриши керак шекилли. Парк ҳодимларининг айтишича, айрим кунлари "Love Story"лар сони 10 тагача бўлар экан. Бу дегани мусиқали фаввора, махсус чироқлар....
Хуллас, катта харажат. Яқин орада Тошкент Cитига кириш нархи оширилса ажабланмайман. (Ўзи паркдаги пул айланмаси ва кирим қилинмаётган пуллар масаласида Давлат солиқ идоралари ўрганиш ўтказишса, яхши бўлар эди. Ҳар ҳолда паркда видеокузатув йўлга қўйилган.)
Паркни тарк этар эканмиз, пост олдида турган қўриқчининг рациясидан "698 эслаб қол" деган овозни эшитиб қолдим, "698" эса бу менинг автомобил рақамим. Менга бу таҳдиддек туюлди.
Дам олишга бориб, расво кайфиятда уйга қайтар эканман бир қатор саволлар менга уйқу бермади.
- Кимлигини тасдиқловчи на гувоҳномаси, на бейжиги бўлган кимсалар ким ўзи? Қаердан келган? Ким буларга ҳуқуқ берган?
- Халқ пулига қурилган паркка бир юмалаб эга чиққани етмаганидек, нега одамларни сарсон қилади, камситади? Ўзини мулк эгасидек тутади? Парк қандай шартлар асосида уларга берилган? Нега айнан шу корхонага берилган?
- Нега доим халқ пулига қурилган иншоотлар кимларнингдир шахсий томорқасига айланиб қолаверади? Нега харажати халқ бўйнидаю, тушуми чўнтакка?
- Нега паркка пул тўлаб кирилиши керак ўзи? Бу қонунчиликка қанчалик тўғри келади? Дейлик истеъмолчи қайси кўрсатилган хизматга пул тўлайди? Aгар хизмат кўрсатилмаса нега пул тўлаш керак?
- Пул тўламасак киргизмайдиган, пул тўласак ҳам исталган вақтда ҳайдаб чиқариб юборишлари мумкин бўлган шундай парклар бизга керакми?
- Бундай лойиҳаларга халқ пулини, яъни биз тўлаган солиқлардан шаклланган бюджет маблағларини сарфлаш тўғрими? Охирида роҳатини тадбиркор кўрар экан, пулни бошидан ўзи тикса бўлмайдими?
Тошкент шаҳар ҳокимияти ва Тошкент Cити Парк маъмуриятидан юқоридаги саволларга жавоб берган ҳолда ҳолат юзасидан изоҳ беришларини сўраб қоламан.
Ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида парк маъмурияти билан боғланишга бўлган уринишим натижа бермади. Парк раҳбариятининг мижозларга бўлган муносабати аянчли аҳволда", деб ёзган депутат.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter