Тўлов ташкилотлари учун янги чеклов ўрнатилмоқдами? Марказий банк изоҳи
Ижтимоий тармоқларда тўлов ташкилотлари учун трансчегаравий пул ўтказмаларига доир ўрнатилаётган чекловлар юзасидан тарқатилаётган хабарлар бўйича Марказий банк қуйидагиларни билдирди.
«BRIO GROUP» МЧЖ тўлов ташкилоти томонидан Ички назорат қоидаларининг (рўйхат рақами 3266, 2020 йил 30 июнь) 31¹-банди талаблари, яъни олувчиси ва (ёки) жўнатувчиси ҳақидаги талаб қилинган маълумотларни акс эттирмасдан ва ушбу турдаги халқаро пул ўтказмаларини аниқлаш бўйича асосли ва имкони мавжуд бўлган зарурий чоралар кўрилмаганлиги маълум қилинади.
«Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ, резидент юридик шахсларга чет элда ҳисобварақлар очиш ва ундаги валюта маблағларини тасарруф этиш Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ҳукуматининг қарорлари доирасида амалга оширилиши мумкин.
Бироқ, амалиётда «BRIO GROUP» МЧЖ (OSON) тўлов ташкилоти хорижий банкда ҳисобварақ очиб, мазкур банк ҳисобварағи орқали юқоридаги Қонун талабларига зид равишда амалиётлар ўтказган.
Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг «Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида»ги Қонуни 4-моддасига асосан тўлов ташкилоти – банк ҳисобланмайдиган, тўлов хизматларини кўрсатиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи юридик шахсдир. Шунингдек, тўлов ташкилотлари Марказий банк лицензияси асосида республика ҳудудида тўлов хизматларини кўрсатиш ҳуқуқига эга.
Шу билан бирга, тўлов хизматлари – тўлов етказиб берувчининг (тўлов ташкилоти) тўлов хизматларидан фойдаланувчига (мижозга) кўрсатадиган хизмати бўлиб, бунда тўлов ташкилотлари бевосита товарларни (хизматларни) сотиб олувчи ёки сотувчи сифатида иштирок этмайди ва тўловларини чет элдаги бенефициарларга етказиб бериш ҳамда улардан қабул қилиш хизмати улар учун ташқи савдо операцияси ҳисобланмайди.
Шу муносабат билан, тўлов ташкилотлари ўз мижозларининг тўловларини чет элдаги бенефициарга етказиб бериш амалиётларини ташқи савдо операцияси сифатида таснифлаб, қабул қилинган маблағларни бошқа валюталарга айирбошлашлари, шунингдек, трансчегаравий ва давлатлараро транзит ташкилоти сифатидаги операцияларда иштирок этишлари қонунчиликка мувофиқ эмас.
Ўзбекистон Республикасида халқаро тўлов хизматлари ва трансчегаравий пул ўтказмалари, шунингдек, халқаро онлайн хизматларга тўловлар бўйича ҳеч қандай чекловлар ўрнатилмаган бўлиб, тижорат банкларининг платформалари орқали тўловларни амалга оширишлари мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бундан кейин ҳам тўлов ташкилотлари фаолиятида қонунчилик бузилиши ҳолатларини мунтазам равишда назорат қилиб, тўлов ташкилотлари қонунчилик доирасида фаолият юритишлари борасида барча чораларни кўради, дейилади Марказий банк хабарида. (https://t.me/markaziybank_matbuotkotibi/4842).
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter