Термизлик ўқитувчи Тошкент томон пиёда йўлга тушди
Ҳозирги глобал, хусусан, глобал исиш, йўқолаётган флора ва фаунага беъэтибор бўлмаган дўстларим кўпчиликни ташкил қилади. Аёлларга нисбатан зўравонлик, ноёб ҳайвонлар ва ўсимликларнинг бетартиб талон-тарожи, ижтимоий нотенглик, нафақат қайсидир муайян озчиликнинг, балки бутун инсоният, тириклик ҳуқуқлари ҳақида қайғурувчи анча-мунча кишиларни ҳам танийман.
Шундай бўлсада, бугунги кунда ижтимоий тармоқларда дунёдаги аксарият аҳолининг, жумладан Ўзбекистонда ҳам бу каби глобал муаммолар ҳақида кўпчилик маълумотга эга эмаслигини тушуниш қийин эмас.
Айниқса, охирги йилларда юз бераётган юзлаб коррупция ҳолатлари, катта-катта монопол ташкилотларининг, ҳокимиятнинг барча бўғинларида аҳоли билан коммуникатив жараён жудаям ҳунук ишлаётганлигини ҳам бемалол кузатиш мумкин.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳукумати томонидан жаҳон ҳамжамияти билан ушбу йўналишларда анча-мунча келишувларга эришилган, анча-мунча йўналишлар белгилаб олинган бўлсада, бу ишларнинг эволюцион инерцияга қўйиб берилаётганлиги менга ўхшаган одамларни доимий руҳий зўриқишда яшашига олиб келмоқда.
Охирги вақтларда шу даражада руҳан зўриқаяпманки, миллионлаб аҳолимизнинг ишсиз, ўз ҳолига, тақдир зайлига қўйиб берилаётгани мени қийнамоқда. Ҳукумат томонидан етарли эътибор, етарли кенг қамровли дастурлар йўқ, юртда ягона коммуникация ўрнатилмаган, айтилган баландпарвоз гаплару қабул қилинаётган ҳужжатлар аро йўлда қолиб кетмоқда. Кўплаб одамларимиз ўта қашшоқликда, ўта кам иш ҳақига ишлаб, яшаб келаётганликларини, шу муаммолар билан ҳатто вафот этиб кетаёганликларини кўриб ўзимни шарт-шароитли муҳитда яшашга ҳаққим йўқ деб ҳисоблаб қолаяпман.
Буни 1 800 000 сўм ойликка ишлаётган, касал бўлса даволана олмайдиган бир ўқитувчи айтаяпти. Биласизми, қишлоғимда қанчадан-қанча киши билан ҳеч ким қизиққани йўқ — ўзлари бир умр ер тирнаб, мол боқиб яшаб яна давлатга солиқ тўлайди, хизмат қилади. Охирги вактларда экологик ҳолатнинг бузилиши, устига-устак сув танқислиги уларни яна «тупик»ка тиқиб қўймокда. Менку касбим бор, яшайман десам қила оладиган ишим ҳам кўп, аммо улар нима қилиши керак? Улар аламзадаликни зўравонлик каби ишлар билан чиқариб боради, жиноят ортадида.
Бугунги кунда дунёдаги урушлар ва экологик катастрофа, маҳаллий ҳокимиятларнинг таназзули оқибатида кўчишга мажбур бўлаётган, оч қолаётган, ўлдирилаётганларни кўриб, унинг устига ўз юртимда бўлаётган ишлардан хотиржам яшай олмадим, қисқаси.
Шу учун бугундан бошлаб мен Термиздан Тошкентга пиёда юриб бормоқчиман. Йўлимда турли ҳудуд, жинс, ёш, соҳа ва қатлам вакиллари билан самимий суҳбатлашиб фикрларини ёзиб бормоқчиман.
...Йўл-йулакай ердаги пиво, пепси, кола, энергетик ичимликларнинг банкаларини, чиқиндилар йиғиб юрибман. Бекор кетгим келмади уларни кўриб.
Шариф Худойбердиев,
ўқитувчи
Манба: facebook.com
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter