Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ТАТУда Пресс-клуб иш бошлади (фото, видео)

Бугун, 28 июль куни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Пресс-клубининг очилиши бўлиб ўтди. Унда ахборот технологиялари соҳаси корхона ва ташкилотлари раҳбарлари, блогер ҳамда журналистлар иштирок этди.

Тадбирда сўз олган Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ўринбосари Жамшид Эгамбердиев мазкур Пресс-клуб катта мулоқот майдонига айланишига тилак билдириб, ташкилотчиларга омад тилади.

Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори, Халқаро Пресс-клуб раҳбари Шерзод Қўдратхўжа эса мазкур марказ ОТМлар орасида биринчилардан бўлиб очилганини алоҳида эътироф этди ҳамда ҳамкорликда жуда кўплаб лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлигини билдирди.

– Халқаро Пресс-клуб очилганига тўрт йил бўлди, – деди Шерзод Қўдратхўжа. –  Ёшлар агентлигида ҳам шундай клуб очилганди. Мана бугун олий таълим мусассасалари орасида биринчилардан бўлиб ТАТУда Пресс-клуб ташкил этилди. Хурсанд бўлдик. Биргаликда ишлаб, турли ток-шоулар ўтказишимиз, талаба ва ёшларга мотивация берадиган туркум лойиҳаларни амалга оширишимиз керак. 

Ташкилотчиларга блогер ҳамда журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларни беришди. Тадбир якунида меҳмонлар учун Пресс-клуб бўйлаб кичик экскурсия ташкил қилинди.

Ҳақиқатда ТАТУ медиа маркази замонавий жиҳозланган. Марказда дубляж ва  овоз ёзиш студиялари, хромокей ҳамда монтаж хоналари, томоша зали мавжуд. Университет Пресс-клуби залидан тўғридан-тўғри кўрсатувларни узатиш имконияти бор.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг