Талабалар учун қишки таътил муддати яна ўзгарди
2021/2022 ўқув йилининг иккинчи ярмини тўлиқ ва пухта тайёргарлик кўрган ҳолда бошлаш мақсадида олий ва профессионал таълим муассасалари, академик лицей талаба-ўқувчилари учун қишқи таътил муддати 2022 йил 24 январга қадар узайтирилди.
Шунингдек, талаба-ўқувчиларга ўз уйларидан таълим муассасаларига қайтишларига қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида авиа ҳамда темир йўл чипталари тариф қисмидан 50 фоиз миқдорида чегирма берилиши муддати ҳам 2022 йилнинг 24 январига қадар узайтирилди.
2022 йилнинг 11 январигача бўлган муддатга харид қилинган авиа ва темир йўл чипталари бепул тарзда тегишли муддатга алмаштириб берилади.
Олий таълим вазирлигига кўра, олий таълим тизими тарихида илк маротаба – ректорлар, проректорлар, деканлар ва молия масалаларига масъуллар учун ўз касбий маҳоратини ошириш, янгича тартибда ишлашни бошлаш мақсадида жорий йил 10-24 январь кунлари амалий семинар-тренинглар ташкил этилади.
Шу билан бирга, олий таълим муассасалари кредит-модуль тизимига тўлиқ ўтганлиги сабабли кафедра мудирлари ва профессор-ўқитувчилари учун асосий ишдан ажралган ҳолда ўқувлар барча олий таълим муассасаларида ташкил этилади.
Бу жараёнга олий таълим муассасалари ҳузуридаги барча профессионал таълим муассасалари ҳамда академик лицейлар раҳбарлари ҳам жалб этилади.
Ўз навбатида, қишки таътил даврида олий ва профессионал таълим муассасалари, академик лицейлар талаба-ўқувчиларининг вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида олий таълим муассасалари ректорлари ҳамкорлигида онлайн фан олимпиадалари, интеллектуал викторинлар ташкил этилади.
Эслатиб ўтамиз, қишки таътил муддати янги йил байрамидан олдин ҳам ўзгарганди. Ўшанда таътил бир неча кун аввалроқ бошланганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter