Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

“TalabaExpo – 2025” – ёшлар келажаги учун улкан имконият (видео)

“TalabaExpo – 2025” – ёшлар келажаги учун улкан имконият (видео)

Ёшларни иш билан таъминлаш, уларни мамлакатимизда кечаётган янгиланиш жараёнларининг асосий кучига айлантириш давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган ислоҳотларда устувор ўрин эгаллайди.

Хусусан Президентимиз жорий йил 14 февраль куни Ёшлар билан ҳамда 7 март куни хотин-қизлар билан бўлган самимий мулоқотлари чоғида йигит –қизлар учун имкониятларни янада кенгайтириш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, битирувчи ёшлар бандлигини таъминлаш борасида бир қатор ташаббусларни илгари сурган эдилар.

Жорий йилнинг 21 май санасида Тошкент шахрининг талабалар шаҳарчасида такшил этилган “TalabaExpo – 2025” кўргазмаси ҳам айни шундай эзгу мақсадларни ўз ичига қамраб олган.

Битирувчилар кунига бағишланган тадбирнинг очилиш маросимида Ёшлар ишлари агентлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, “Ўзмиллийбанк”АЖ, “Алоқабанк” АТБ хамда Савдо-саноат палатаси иштирок этди.

Эътироф этилганидек, мамлакатимизда ёшларни олий таълим билан қамраб олиш, уларни касб-ҳунарга йўналтириш, бандлигини таъминлаш, илғор тадбиркорлик ғояларини ҳаётга тадбиқ этиш борасида мутлақо янгича механизм яратилди.
Бу йўналишда давлатимиз раҳбари томонидан асос солинган “Келажакка қадам” дастури муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бугунги кунда, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ва “Ўзмиллийбанк” АЖнинг олий таълим ташкилотлари битирувчиларининг ишга жойлаштирилишига кўмаклашишни назарда тутувчи “Келажакка қадам” дастури амалга оширилмоқда. Бунда ўз бизнес ғояларини амалга ошириш истаги бўлган талабалар учун «Ўзмиллийбанк» АЖ томонидан бизнес ғояни тайёр лойиҳагача олиб бориш жараёнида тўлиқ ҳамроҳлик қилиш, шу жумладан, қулай шартларда молиялаштириш, олий таълим ташкилотларининг битирувчи ва қуйи босқич талабалари ўртасида соҳалар бўйича очиқ танловлар ўтказиш ва ғолибларни нуфузли корхона ва ташкилотларга ишга жойлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Таъкидлаш жоизки, ҳар бир битирувчи талаба учун университет ҳудудидан чиқмаган ҳолда ўз бизнес ғоясини тайёр лойиҳага айлантириш ва қулай молиялаштириш имкониятлари яратилди.

Шунингдек, мазкур дастур доирасида Миллий банк томонидан битирувчи талабаларнинг бизнес лойиҳаларини молиялаштириш учун “Келажакка биринчи қадам”, “Келажак учун старт” ҳамда “Ёрқин келажак сари” янги имтиёзли кредит маҳсулотлари ишлаб чиқилди.

Шунингдек, илк маротаба ташкил этилган “TalabaExpo–2025” кўргазмада республикамиздаги 700дан ортиқ йирик ва нуфузли корхоналар ҳамда тижорат банклари бугунги кунда мавжуд бўш иш ўринлари билан иштирок этмоқда.

–  Мамлакатимизда ёшларни иш билан таъминлаш бўйича янгича тизимга асос солингани ушбу касб ярмаркаси мисолида кўришимиз мумкин, - деди Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабаси Самандар Баҳодиров. – Фестивалда ишлашни истаган ёшлар ўзлари учун иш берувчи ташкилотлар тўғрисида батафсил маълумотлар олиш ҳамда меҳнат шароитлари ва имкониятлари билан тўлақонли танишишлари мумкин.

–  Ўзбекистон волонтёрлар ассоциациясида таржима, тилшунослик бўйича кўнгилли сифатида фаолият олиб бордим, - деди Айдана Бекбўсинова. – Лекин ҳар бир ёш ўзи учун мақбул иш жойига эга бўлишни истайди. Ёшлар учун ташкил этилган ушбу ярмаркада ўзимни қизиқтирган бир қатор ташкилотлардаги бўш иш ўринлари билан танишиб чиқдим.

–  “Artel” компаниясида битирувчилар учун молия, техник менежер, ахборот технологияси соҳаларидаги мутахассисликлар бўйича бўш иш ўринлари бор, - деди компаниянинг ишга қабул қилиш бўйича HR – менежери Жаҳонгир Раҳматов. – Шу билан бирга ҳали олий ўқув юртини тамомламаган ёшлар учун стажировка тарзида ишлаб чиқариш оператори, сифат назорати ходими, муҳандис-техник ходим, йиғувчи – қадоқловчи йўналиши бўйича мутахассисларга бўш иш ўринлари мавжуд. Бу вакансияларга ёшлар томонидан ҳам катта қизиқиш билдирилмоқда.

–  “Discover Invest” компаниясида 6 минг нафардан ортиқ ходим меҳнат қилади, - деди ушбу компаниянинг ходимлар билан ишлаш бўйича HR бўлими бошлиғи Мумтоза Файзиева. – Бизга қурилиш, архитектура, молия, маркетинг йўналишлари бўйича мутахассисларга эҳтиёж катта. Ҳозирга салкам 100 нафарга яқин ишчи-ходим учун бўш иш ўринлари мавжуд. Асосан олий ўқув юртларининг битирувчи талабалари иш сўраб келишмоқда. Уларга компаниямиз учун зарур бўладиган мутахассисликлар ҳақида батафсил маълумот бермоқдамиз хамда ишга жойлаштириш бўйича сухбат ўтказилмоқда.

“TalabaExpo – 2025” ярмаркаси доирасида иш берувчи ва тадбиркорлар билан мулоқотлар, ёш тадбиркорларнинг илғор ғояларининг тақдимотлари, қизиқарли учрашувлар бўлиб ўтмоқда. Буларнинг барчаси мамлакатимиздаги ҳар бир йигит ва қизларнинг келажагига ҳамда тақдирига давлатимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилаётганлиги намунасидир.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг