Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Таиланддаги «ғалати сайловлар»: бир оиланинг учинчи аъзоси бош вазир бўлмоқда

Таиланддаги «ғалати сайловлар»: бир оиланинг учинчи аъзоси бош вазир бўлмоқда

Пэтонгтарн Чинават.

Фото: AP/ТАСС

Таиланд собиқ бош вазирининг қизи, Pheu Thai партиясининг етакчиси Пэтонгтарн Чинават парламент томонидан бош вазирликка сайланди. Бу ҳақда Bangkok Post хабар берди.

Эслатиб ўтамиз, бунгача Таиланд конституцион суди «коррупцион тарих»га эга одамни вазирликка тайинлагани учун бош вазир Сеттҳа Тхависинни истеъфога чиқарганди.

37 ёшли Пэтонгтарн Чинават — Таиланд тарихидаги энг ёш бош вазир ҳамда ушбу лавозимга сайланган иккинчи аёл киши.

Парламент депутатларидан 319 нафари уни ёқлаб овоз беришди, қаршилар — 145, бетарафлар — 27 нафар.

Қизиғи, Пэтонгтарн Чинават бош вазирлик учун кўрсатилган ягона номзод эди.

Пэтонгтарн — «бош вазирлар сулоласи»дан. Отаси Таксин Чинават 2001–2006 йилларда, аммаси Йинглак Чинават 2011–2014 йилларда Таиланд бош вазири бўлган.

Таксин Чинават

Отаси Таксин Чинават келиб чиқиши хитойликлардан, яхши тадбиркор, миллиардер бўлган. Аммо сиёсатда «тадбиркорлиги» ўтмаган, бош вазирлик даврида коррупцияга алоқадор ишлари фош бўлиб, мамлакатда исён қўзғалиб, давлат тўнтариш юз берган ва ҳукумат ҳарбийлар қўлига ўтган. Узоқ йиллар чет элларда қочиб юрган Таксин Чинават Таиландга қайтганидан сўнг бир муддат қамалган, Таиланд қироли афв этиши сабабли озодликка чиққан.

Йинглак Чинават

Аммаси Йинглак Чинават — Таиланд тарихига энг ёш (жиянигача) бош вазир ҳамда ушбу лавозимга сайланган биринчи аёл киши сифатида кирди. Аммо унинг ҳам тарихи акасиники каби ёзилди ва бунга акаси сабабчи. Мухолифат партия бош кўтариб, Таиландни Йинглак эмас, аслида Таксин бошқараётганини даъво қилгач, иш Конституцион судгача бориб етди. Суд Йинглак ва 9 вазирни истеъфога чиқариб юборди.

Янги бош вазир Пэтонгтарн Чинават 1986 йил 21 августида туғилган. Сиёсатшунослик, социология ва антропологияни ватанида — Чулалонгкорн университетида ўрганган, Англиядаги Суррей университетида эса халқаро меҳмонхона менежменти бўйича сабоқ олган. Таиланднинг SC Asset Corporation компаниясининг энг йирик акциядори ҳисобланади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг