Судьялар энди исталган пайтда сўроққа чақирилмайди

Судьялар энди шунчаки сўроққа чақирилмайди. Президентнинг имзо чеккани айтилган «Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонга мувофиқ, судьялар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга гувоҳ ёки гумон қилинувчи сифатида сўроқ қилиш учун чақиришга тегишли малака ҳайъатлари розилиги билан йўл қўйилади.
Шунингдек, одил судлов билан боғлиқ фаолиятига ҳар қандай аралашувнинг олдини олиш мақсадида қуйидагича тартиб ҳам белгиланмоқда. Унга кўра Судьялар олий кенгаши раиси судьяларнинг дахлсизлигини бузганлик ва одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашганлик ҳолатлари юзасидан прокуратура органларига тақдимнома киритади. Тақдимнома бир ой муддатда кўриб чиқилиб, жиноят иши қўзғатилганлиги ёки қўзғатиш рад этилганлиги ҳақида Бош прокуратура хабар бериши лозим.
Мазкур фармон билан Судьялар олий кенгаши раиси ўринбосари лавозими ҳам жорий этилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланади ва лавозимидан озод этиладиган кенгаш раиси ўринбосари доимий асосда асосда фаолият юритади.
Маълумки, аввал кенгаш раиси ўринбосари Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабига раҳбарлик қиларди. Судьялар олий кенгаши раисининг доимий асосда ишловчи ўринбосари лавозими жорий этилиши муносабати Судьялар олий мактабининг Илмий ва ахборот-таҳлилий ишлар бўйича директор ўринбосари лавозими тугатилмоқда.
Бундан ташқари Судьялар олий кенгашининг Судьялар дахлсизлигини таъминлаш бўйича суд инспекцияси негизида Судьялар дахлсизлигини таъминлаш ва коррупциянинг олдини олиш бўйича суд инспекцияси тузилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter