Суд оилани сақлаб қолди
Оила муқаддас даргоҳ. Унинг муқаддаслигини ҳис қилган ва асраб-авайлай билган эр-хотингина намунали, ўзгалар ҳавас қиладиган турмуш кечиради. Фарзандларини комил инсонлар қилиб тарбиялайди. Аксинча, бир-бирини тушунмаслик ёки ён-атрофдагиларнинг ҳуда-беҳудага икки ёшнинг шахсий ишларига аралашавериши рўзғордан баракани, ҳамжиҳатликни кетказади. Ҳатто ўша оила ажрим ёқасига ҳам боради.
Шўрчи туманида яшовчи Соҳиб (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳам 2014 йили қумқўрғонлик Нафиса билан турмуш қурди-ю, тотув яшолмади. Аниқроғи, келин бўлмишнинг қайнонаси билан гапи қовушмади. Оқибатда бу оила жанжалнинг уясига айланиб қолди. Айни дилхиралик орадан бир йил ўтгач, фарзандлари туғилганидан кейин ҳам аримади. Боз устига Соҳиб хотини ва қизини қолдириб, ишлаш учун Россияга кетиб қолди. Қарабсизки, қайнона-келин можароси авж олса-олди, босилмади. Шу боис оила бекаси Зулайҳо опа Нафисани ўғлининг ёнига жўнатиб юборди. Россия Федерациясидан қайтгач, келин иккинчи фарзанди – ўғли Жасурни дунёга келтирди. Бироқ икки ўртадаги совуқчилик барибир кўтарилмади. Натижада Нафиса иккала боласини етаклаб, отасиникига кетиб қолди.
Мана шу зайлда орадан 2 йил ўтди. Ўтган 2022 йил сентябрь ойида эса куёв томон никоҳдан ажратишни сўраб, фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро судига даъво ариза киритди.
Албатта, оиладаги арзимас жанжаллар, келишмовчиликлар оиланинг парчаланиши – ажрим учун сабаб бўлолмайди. Бинобарин, суд оилани сақлаб қолиш мақсадида ўзининг 2022 йил 29 сентябрдаги ажрими билан тарафларга ярашиб олиш учун 4 ой муҳлат берди.
Буни қарангки, ана шу муддат мобайнида қудалар бир-бирини тушунишди, муросага келишди. Энг муҳими, иккала томон ҳам норасида гўдакларнинг тирик етим бўлиб қолишини хоҳламади. Натижада эр-хотин ярашиб олиб, бирга яшай бошлашди. Шу боис даъвогарнинг ишончли вакили Зулайҳо опа суддан даъво аризани кўрмасдан қолдиришни сўради. Шундан келиб чиққан ҳолда суд Фуқаролик процессуал кодексининг 122-моддасига биноан даъво аризани кўрмасдан қолдириш тўғрисида ажрим чиқарди.
Хулоса қилиб айтганда, гулдек бир оила сақлаб қолинди. Энди фарзандлар тирик етим бўлмай, ота-она меҳридан баҳраманд ҳолда улғайишади. Зеро, ёши улуғларимиз «Қушнинг ҳам ини бузилмасин» дея бежиз айтишмаган.
Фазлиддин Хидиров,
фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро судининг раиси
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter