«Сиздан угина — биздан бугина»лар даври ўтди...ми?
«Одамини топмасанг ишинг битмайди...». Бу гапни кўп эшитганмиз. Эътироз билдирсангиз, «Бунинг ёмон жойи йўқ-ку, амаллабдими, қандини урсин, ҳасад қилгандан кўра ўзингиз ҳам шундай йўл тутсангиз бўлмайдими?» дегувчилар ҳам топилади. «Боринг, бошимни оғритманг, мингта сиз-биздан битта жиз-биз яхши, қурумсоқлик қилиб юраверсангиз, юрасиз итнинг орқа оёғи бўлиб» дейишади.
Бу фикрларимни бир таҳлил қилиб кўрсангиз, ўша таниш- билишчиликни қуюқ қилиб юрганлар жамият тараққиётига тушов бўлаётган коррупциянинг авж олишига ҳисса қўшаётганига амин бўласиз.
1-воқеа.
«Тўрт ўғлимни институтга жойладим, тўрталаси ҳам олий маълумотли мутахассис», — дея мақтанади бир отахон. «Ўша фарзандларингиз қаерда ишлаяпти?», — десам, ҳеч иккиланмай: «Тўртови ҳам Россияга ишга кетган. Иккитаси дачада назоратчи, иккитаси дом қуради. Анчагина «кўки»дан юбориб туради, қурган кошоналарини кўрсангиз, оғзингиз ланг очилиб қолади», — деб қаддини керади. «Россияга ишга кетар экан, нега ўқитдингиз?», — дедим унга. «Ия, қизиқмисиз, одамлар айтмайдими, ўғилларини институтда ўқита олмади деб. Ҳозир давраларда тўрт ўғлимни ҳам ўқитганман деб ғурурланаман», — дейди.
Отахоннинг ёши улуғ экани учун истиҳола қилиб, кўнглимдагини тўкиб сола олмадим. Яъни, ҳозир Россияда ишлаб юрган тўрт ўғилнинг сандиғида моғорлаб ётган диплом аслида уларники эмас, балки шу соҳа ривожига ҳисса қўшишга бел боғлаган йигит-қизларники эди. Ана шундай йигит-қизлар эса ўқишга кира олмай, сарсон бўлиб юрибди.
Энди савол туғилади. Отахон-ку топганини тугунга солиб, одамини топиб берибди. Ўша одам «Отахон, фарзандингиз ўз кучи билан ўқишга кирсин, эртага у муаллим бўлади, агар унда лаёқат бўлмаса ва диплом олса, биз халққа хиёнат қилган бўламиз-ку» демайдими? Ўша домланинг хотини набираси бошланғич синфда ўзлаштира олмаётгани, ўқитувчиси яхши сабоқ бермаётгани ҳақида қўни-қўшниларга «мактабда чаласавод ўқитувчилар ҳам бор, уларни ким ўқитган ўзи?» дейишга уялиши керак. Чунки бунга ўзи ҳам сабабчи. Эри катта-катта топиб келганида «буни қаердан олдингиз, ҳалолми ёки ҳаром?» деб сўрамаган-ку!
2-воқеа.
Таҳририятга бир аёл кириб келди. Тарих муаллими экан. Жой кўрсатдим, ўтирди. Сумкасини ковлаб, бир қоғоз олди.
— Мақола ёзиб келгандим, шуни бир кўринг, лозим топсангиз газетада чоп этарсиз, — деди.
Мақолага кўз югуртирдиму дарров фаҳмладим. Интернетда ўқигандим. Катта тарихчи олимнинг мақоласига қуйиб қўйгандай ўхшаш. Сир бой бермадим.
— Ўзингиз ёздингизми?
— Ҳа, — деди у аранг ва гуноҳ иш қилиб қўйган боладай ерга қаради.
— Чакки эмас, аммо негадир сиз ўз тажрибаларингиз, дарс ўтиш услубингиз ҳақида ёзмабсиз, — дедим. – Буни мақоланинг охирида қўшса ҳам бўлаверади, келинг, сизга бир оқ қоғоз бераман, дарс услубингиз ҳақида қисқагина ёзиб берасиз, хўпми?
Унинг ранги оқариб кетди. Бироздан сўнг бошини қимирлатиб розилик берди. Қоғозни олиб ёза бошлади. Ўхшамади шекилли, қоғозни ғижимлаб, отиб юборди ва янги қоғозга ёза бошлади. Шу тариқа уч-тўртта қоғоз нобуд бўлди. Ниҳоят у қоғознинг ярмини қоралаб менга узатди. Ўқиб кўрдим ва...
Биласизми, олти қатор гапда ўндан ортиқ имловий хато бор эди. Қалам теккизиб, хатоларини кўрсатиб ташлагим келмади. Ахир у коллежда тарихдан дарс беради, шарафли касб эгаси. Кейин ўйлаб қолдим: шарафли касб эгаси шундай бўлса... Мақола билан унинг қўлёзмасини солиштирдим ва: «Тўғрисини айтинг, буни интернетдан олдингизми?», — дедим. У ерга қаради, лом-мим дея олмади. «Майли, мақолани чоп этмасангиз ҳам розиман, бояги қўлёзмамни қайтариб беринг, илтимос», — деди.
Ўқитувчиларни жуда ҳурмат қиламан. Лекин улар орасига адашиб кириб қолган ана шу «ўқитувчи»га эмас, у «таълим» бераётган ўқувчиларга, уларнинг ота-оналарига раҳмим келди.
Кўраяпсизми, пора берадиган ҳам ўзимиз, унинг жабрини тортадиган ҳам ўзимиз.
* * *
2017 йил 4 январь куни «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун матбуотда эълон қилинди ва кучга кирди. Бу қонунга жуда катта эҳтиёж бор эди. Унга қатъий амал қилсак, ҳалол ва покиза ниятлар билан яшасак, оқни оқ, қорани қора десак, Навоий бобомиз айтганидай эл шод, мамлакат обод бўлишига шубҳа йўқ.
Фахриддин БОЗОРОВ,
журналист
Қарши шаҳри
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter