ШҲТнинг Ҳиндистон саммити виртуал форматда бўлиб ўтади
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ)нинг 22-саммити 4 июль куни виртуал форматда бўлиб ўтади. Бу ҳақда ташкилотга раислик қилаётган Ҳиндистон ташқи ишлар вазирлиги баёнот берди.
«Ҳиндистоннинг илк раислиги остида ўтадиган ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг 22-мажлиси 2023 йил 4 июл куни виртуал форматда бўлади», – дейилади хабарда.
Эрон, Беларус ва Мўғулистон саммитга кузатувчи давлат сифатида, Туркманистон эса меҳмон сифатида таклиф этилган.
Ҳиндистон ОАВси саммитнинг виртуал форматда ўтказилиши ҳақидаги қарорини кутилмаган деб атамоқда. The Hindu нашрининг манбаларига таяниб ёзишича, бу қарорга «иш жадвалларининг ўта бандлиги» сабаб бўлган. Шунингдек, Ҳиндистон ҳукумати ШҲТнинг айрим етакчилари, жумладан, Хитой ва Покистондан якуний тасдиқни ҳам ололмаган. Мамлакат Бош вазири Нарендра Модининг жадвали ҳам жуда банд.
Ўтган йили Самарқандда бўлиб ўтган ШҲТ саммити сентябр ойида бевосита учрашув асосида ўтказилган эди. Шу билан бирга, ташкилотнинг Самарқанд саммитида Эронни ШҲТга тўлақонли аъзолик қилиш тўғрисида ўзаро англашув меморандуми имзоланганди. Мамлакат Ҳиндистондаги саммитдаёқ ташкилотга аъзо бўлиши мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter