«Сериалларимизда ишлатилаётган сўзлар шу қадар ғализки...» – Аҳмаджон Мелибоев
Шу кунларда Республика бўйлаб «Тил миллат кўзгуси» мавзуида байрам тадбирлари ўтказилмоқда. Шу муносабат билан Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан «Журналистнинг тил бойлиги ёки таҳрирга эҳтиёж борми...» мавзуcида давра суҳбати ташкил қилинди. Давра суҳбати баҳс-мунозараларга бой бўлди.
— Журналимизга бир мақолани олиб келишди. Амир Темурнинг Боязидга ёзган хати ҳақидаги мақолани беш марта қайта таҳрирладик. Беш марта қайта ёзсак ҳам кўнглимиз тўлмаяпти. Тил шунақа нозик нарса. Айниқса сериалларимизда ишлатилаётган сўзлар шу қадар ғализки, — деди «Жаҳон адабиёти» журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев. — Сериалларни кўраётган томошабин бу кетишда аниқ саводи ҳаминқадар бўлиши табиий. Яқинда бир олимнинг мақоласини ўқиб қолдим. Унда «Алишер Навоий саройда ишлаган пайтида кадрлар масаласига алоҳида эътибор берилган», дейилади. Савол туғилади: Алишер Навоий кадрлар бўлимида ишлаганми? Ёки «чигит қадаш» деган жумлага эътибор беринг, чигит экилади, тугма қадалади. Энг ачинарлиси бундай сўзларни нотўғри ишлатишда бугун ОАВ етакчи роль ўйнаяпти. Қиз бола бировнинг ҳасми деймиз, ҳасми арабчада душман деган маънони бераркан, ҳасби деган ибора эса омонат дегани экан.
— Тил қоидаси мавжуд. Бу қоидани афсуски журналистлар ҳам унутиб қўяётгани ачинарли. Ҳатто қонуний ҳужжатларимизда ҳам жуда кўпгина хатоликлар бор. Масалан ҳужжатларда ўзгартиш жумласи қўлланилади. Бу нотўғри, аслида ўзгартириш бўлиш керак. «Гап унда эмас», деган иборанинг буғдойга сира алоқаси йўқ. Ёки «гап-сўз бўлиши мумкин эмас» деган гапни «гап бўлиши мумкин эмас», деган ибора билан алмаштириш керак эмас. Ёки водий, воҳани олайлик. Водий учта вилоятдан иборат эмас. Бешта водий бор —Тошкент-Оҳангарон водийси, Сурхондарё-Шеробод, Фарғона, Зарафшон, Шаҳрисабз-Китоб водийси, — деди ўз маърузасида «Тафаккур» журнали бўлим мудири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Султонмурод Олим.
Бош муҳаррирлар, ўқитувчи-профессорлар, тилшунос-олимлар, талабалар, журналистлар, блогерлар, уюшма ва унинг қошидаги ижодий кенгашлар масъуллари қатнашган ушбу тадбир доирасида устоз журналистларга ва шу билан фаол бўлган ёш журналистларга Ўзбекистон журналистлар уюшмаси аъзолик билети топширилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter