Сайёҳга етмай қолган жойнамоз ёки туризм соҳасида яна қандай муаммолар бор?
Сайёҳлар нимадан норози? Бугун Ўзбекистонга дунёнинг қатор мамлакатларидан кўп сонли сайёҳларнинг келиши ижобий ҳол албатта. Бироқ, масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Биз хорижий сайёҳларни муносиб кутиб олиш ва талаб даражасида хизмат кўрсатишга тайёрмизми? Улар ўз саёҳатлари давомида қайси жиҳатларга эътибор қаратишмоқда?
Мун Чжэ, хитойлик тадбиркор:
– Хитой билан Ўзбекистон ўртасида савдо алоқалари жадал ривожланиб бормоқда. Шунга қарамай Хитойнинг Ўзбекистондаги консуллигидан виза олиш муддати узоқ давом этади. Айрим вақтларда бир ойгача чўзилиб кетади. Қозоғистон, Қирғизистон каби давлатларда энг кўпи билан бир ҳафтада чиқишига гувоҳ бўлганман. Ўзим тадбиркор бўлганим учун дақиқани қадрига етаман. Бир ойда мавсум ўтиб кетиши ёки бизнес режа ўзгариб кетиши ҳеч гап эмас. Туризм соҳаси вакилларига бир илтимосим бор, шу муаммони ҳал қилиб берса, инвесторлар ва тадбиркорлар учун зўр иш бўларди.
Михаил Казаков, тадбиркор;
– Ҳамма сайёҳ ҳам Ўзбекистонга самолётда келади, деган инсон адашади. Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги чегара ҳудудларида ўтиш жойлари аянчли ҳолатда. Қоплонбек, Сариағач ва бошқа ўтиш жойлари ахлатга тўлиб кетган. Ана шу жойларнинг санитария-гигиенасига, ободлигига эътибор қаратишни маслаҳат берган бўлардим. Элликдан ортиқ давлатга бемалол кириб, чиқиш имконига эгаман. Инвестиция киритиш учун бир йилда Ўзбекистонга бир неча марта келиб-кетганим ҳисобидан паспортим штампга тўлиб кетди. Бошқа давлатларда рўйхатга қайд қилиш алоҳида карточкалар орқали амалга оширилади. Майли паспортга штамп босиш ўзига хос тартиб бўлсин, бунга ҳам розимиз. Бироқ, у штамплардаги ёзувларни ўқиш муаммо?! Агарда қайсидир давлатга борганингизда паспортингизни бошқа тилга таржима қилдиришга тўғри келса, бу штамплардаги ҳарфларни ўқиш ва тушуниш ечилмайдиган масала бўлиб қолади.
Азизбек Султонов, тадбиркор:
– Хориждан юртимизга келган меҳмон меҳмонхона ёки ижарага олинган манзилдаги милиция бўлимига бориб рўйхатдан ўтиши керак. Бу ҳақда кичик қоғоз берилади. Уни ёнингизда олиб юришингиз керак. Яқинда келган хитойлик сайёҳ дўстларим, бу қоғозни йўқотиб қўйсак, жазоланамизми, уни нима қилиш керак, деган мазмунда турли саволлар беришиб, қоғозни йўқотиб қўйишдан хавотирга тушди. Бу жараён ҳам туристларни юртимизга келмаслиги учун битта сабаб бўлиб қолиши, оддий эътиборсизлик юртимиз шаънига доғ тушириши мумкин. Яқинда ўтказилган Зиёрат туризми форумига хорижлик ҳамкорларимизни олиб бордим. Табиийки уларнинг ҳаммаси мусулмон давлатлардан келган, намоз ўқийди. Ташкилотчилар келган меҳмонларга жойнамоз етказиб бера олмаганига гувоҳ бўлдим. Жуда уятли иш бўлди.
Олимжон Шарипов, тадбиркор:
– Туризм бўйича энг катта масала – бу божхона ходимларининг чет элликларни баъзи қонун-қоидаларни бузганида огоҳлантиришсиз жазолаши. Яқинда Ўзбекистонга инвестиция киритиш учун келган чет эллик хоним иш юзасидан Хитойга жўнаб кетишига тўғри келди. Унинг ёнида 8 600 доллар бўлган экан. Юртимизга биринчи марта келгани сабабли декларация тўлдиришни ҳам, чеклов борлигини ҳам билмаган. Божхона ходимлари уни ушлаб, рейсдан қолдириб, бир хонага киритиб қўйган. Мен бориб, агар ёнида кўп пул бўлса, бир қисмини олиб қолишим мумкинлигини тушунтиришимга қарамай, 5 минг долларни мусодара қилишди. Хуллас, инвестор ва турист бўлган филиппинлик аёл Ўзбекистонга биринчи марта келиб, кўп ”яхши” таассуротлар билан чиқиб кетди. Агар хорижий давлатларга эътибор қиладиган бўлсак, Европа давлатлари ва Америкада ҳеч қандай чеклов йўқ. Осиё мамлакатлари – Хитой, Кореядаги баъзи бир чекловларни сайёҳлар билмасдан бузса, бағрикенглик ва инсонийлик тамойиллари асосида бир мартага кечирилади.
Гурсел Туркуран, тадбиркор:
– Биз қишлоқ хўжалиги йўналишида ҳамкорлик қилиш мақсадида келган эдик. Иқлими иссиқ бўлгани учун Термизни бориб ўрганмоқчи бўлдик. Чунки, эртапишар сабзавот экинларининг уруғларини етказиб бериш билан бирга иссиқхоналар ҳам қурмоқчимиз. Тўғри, Тошкентнинг обод ва кўркамлигига гап йўқ. Лекин, биз вақтни тежаш учун енгил автомобилда йўлга чиққан эдик, жуда ҳам қийналдик, йўлларда юриш азоб, ҳожатхоналарнинг йўқлиги ёки борлари ҳам киши дилини хира қилишини эса айтмаса ҳам бўлади.
Абдурасул Қодиров, тадбиркор:
– Ўзбекистонда сайёҳликни ривожлантириш борасидаги кўплаб ўзгаришлар таҳсинга лойиқ. Лекин, негадир туризм инфратузилмаси билан шуғулланиш истагидаги ишбилармонларга имтиёзли кредитлар бериш йўлга қўйилмаган. Фақатгина, меҳмонхона қурсангиз бундай имкониятга эга бўласиз. Агарда сайёҳларга хизмат кўрсатишнинг бошқа объектларини ишлатмоқчи бўлганларга ҳам бу борада енгилликлар берилса мақсадга мувофиқ бўларди. Тўғри, ҳожатхона қуриш ёки текин вайфай ўрнатишдаги имтиёзлар бундан мустасно.
Биз сайёҳлар ва тадбиркорларнинг фикрларини холис ёритишга ҳаракат қилдик. Танқид – келажак меваси эканини кўпчилик яхши билади. Шундай экан, муаммоларга ўз вақтида эътибор қаратиш ва уни бартараф этиш ҳам бугуннинг долзарб вазифасидир. Ахир, юртимизга келадиган сайёҳлар оқими ортишидан ҳаммамиз манфаатдормиз.
Сайёра Шоева, ЎзА
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter