Салкам 303 миллион сўмлик пулларни ўғирлаган гиёҳванд 5 йилга қамалди
Бухоро вилояти, Вобкент туманилик 54 ёшли Ў.Ражабов ўзига аввалдан таниш бўлган шахснинг салкам 303 миллион сўмлик пул ва тақинчоқларини ўғирлади. Устига-устак, унинг гиёҳвандлиги ҳам ошкор бўлди.
Жиноят ишлари бўйича Вобкент туман суди раиси Акрам Раҳимовнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, айбдорга нисбатан 5 йил қамоқ жазоси тайинланган.
Ҳолатга кўра, узоқ йиллар Россия Федерациясида меҳнат муҳожирлигида юриб, рўзғор тебратиб келган Ўткир Ражабов қишлоққа қайтгач, тузук иш бошини тутмаган. У Вобкент туманидаги Кулолчи кўчасида айланиб юрган ва ҳашаматли уйлар кўплигини кўргач, бу хонадонлар бой ва пулдор одамларга тегишли, дея мулоҳаза қилган. У хонадонлар орасида ўзига аввалдан таниш бўлган Алишер Набиевнинг ҳам данғиллама ҳовлиси борлигини билган. У уй эгасининг қачон ишга жўнаб кетиши, қачон қайтиб келиши ва шунингдек, унинг оиласидагилар ҳам қачон ва қай вақтда иш ва ўқишга бориб келишлари тўғрисида тўлиқ маълумот тўплаган. Орадан бир неча кун ўтгач, ўз режасини амалга ошириш пайига тушган. Тўрт томони баланд деворлар билан ўралган ҳовлининг қўшни билан ёндош орқаравот тарафида бўлган ҳавоза орқали осилиб, пастга тушиш чорасини кўрган. Ўзидан из қолдирмаслик учун оёқ кийимини қўшни орқа эшиги олдидаги ўтлар орасига ботинкасини ечиб яшириб қўйиб, оёқ ва қўлига пайпоқ кийиб олган. Ҳавоза оша ҳовлига тушган. Ҳовлида ҳеч ким йўқлигига амин бўлгач, пул ва бойлик излай бошлаган. Дам олиш хонасидаги оғирлиги тахминан 40 килограммгача бўлган темир цейф унинг эътиборини тортган. Ўткир қийин уринишлар ва кўп куч сарфлаши эвазига темир цейфни ҳовлининг орқа эшиги олдигача судраб келтирган. Девор ва ёғоч зиналарда қирилган ва хасталанган излар қолган. Орқа эшикдан темир цейфни олиб чиққач, уни 500-600 метрча узоқликда жойлашган ўзининг ҳовлисигача олиб боришга кучи етмаслигини тушуниб етган. Шундан сўнг ўз уйига бориб, цейфни кўтара оладиган этак топиб, уни елкасига кўтариб келган.
Оиласидагиларнинг эътиборидан четда бўлган омборхонага цейфни олиб кириб, темир ускуналар ёрдамида унинг қулфини бузишга эришган. Бунинг учун жуда кўп вақт сарфлаган. Цейф ичида бўлган салкам 23 минг АҚШ доллари ҳамда катта миқдордаги тилла тақинчоқларни ўзлаштиришга муваффақ бўлган.
«Ўткир Ражабов жабрланувчига жами салкам 303 миллион сўмлик жуда кўп миқдорда моддий зарар етказган. Гумонланувчининг яшаш манзилида тинтув ўтказилганда, томорқасида, тандирхонасида, ҳожатхонасида, шунингдек, кийимлари чўнтагида юқорисидаги чордоқда ва кийимларининг чўнтагида жами 1775,61 грамм оғирликдаги гиёҳвандлик воситалари топилган. Ўрганувларга кўра, у кўп миқдордаги «Марихуанна» гиёҳвандлик моддасини ўтказиш мақсадини кўзламасдан, қонунга хилоф равишда сақлаб, ундан ўзи доимий равишда истеъмол қилиб келгани аниқланди»,-деи Акрам Раҳимов.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг турли моддалари билан айбланган Ўткир Ражабовга нисбатан 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилган.
У тайинланган жазо муддатини умумий тартибли колонияларда ўтайдиган бўлди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter