Россия вакили Фаластин масаласида иккиюзламачилик қилаётган давлатларни санади
Фаластиннинг ишғол остидаги ерлари – Ғарбий соҳил ва Ғазо секторида мисли кўрилмаган гуманитар инқироз юзага келди. Бу ҳақда Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя Хавфсизлик кенгаши мажлисидаги нутқида гапирди.
«Анклавда ҳалок бўлганлар сони 8 минг кишидан ортиб кетди, уларнинг ярми болалар, аёллар ва кексалардир. 2 минг киши (уларнинг ҳам ярми болалардир) вайрон бўлган бинолар остида қолмоқда. 21 мингдан зиёд одам жароҳатланди. Ғазонинг 1,6 миллион аҳолиси бошпанасини ташлаб чиқишга мажбур бўлди. Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилида эса 100 дан зиёд одам ҳалок бўлди, 3 минг киши жароҳатланди. Нохуш рақамлар соат сайин ошиб бормоқда. БМТ агентликлари томонидан берилган қурбонлар ҳам одамни даҳшатга солади: 64 нафар ходим ҳалок бўлди, 22 нафари жароҳатланди, БМТнинг Яқин Шарқ офисига қарашли 42 та бино вайрон қилинди», – дейди Василий Небензя.
Дипломат тўлақонли қамалга олинган Ғазода озиқ-овқат, сув, дори-дармон етишмаётгани, алоқа ва интернет узиб қўйилгани, Исроил ҳатто гуманитар кўмакни ўтказишга ҳам тўсқинлик қилаётганини танқид қилди.
Таъкидланишича, Исроил ҳарбий-сиёсий маъмурияти БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюциясида аниқ баён қилинган позицияга қарши бориб, Ғазода қуруқликдаги операцияни бошлади.
Россия дипломати Исроил ҳамда унинг яқин иттифоқчи АҚШнинг Ғазодаги асосий мақсадини ҳам очиқлади.
«Биз икки марта шу каби ташаббуслар (ўт очишни тўхтатиш таклифи назарда тутилмоқда – таҳр.) билан чиқдик. Лекин Вашингтон ва Ғарбий Қуддуснинг режаси буткул бошқа: Ғазо аҳолисини қириб ташлаш ёки уларни сектордан сиқиб чиқариш, Фаластиннинг қолган аҳолисини эса Исроил таркибида ассимиляция қилиш ва шу йўл билан Фаластин муаммосини ҳал этишдир», – дейди у.
Дипломат ихтилофни ҳал этиш учун БМТ ҳужжатларида мустаҳкамланган «икки давлат» формуласини амалга татбиқ этган ҳолда, пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил Фаластин давлатини ташкил этиш лозимлигини яна бир карра таъкидлаган.
Россия вакили В.Небензя АҚШ ҳамда бошқа Ғарб давлатларини иккиюзламачиликда ҳам айблаган.
«АҚШ вакилига савол бермоқчиман: нега сизлар ўт очишни тўхтатишга қаршилик қилмоқдасизлар? Бу Хавфсизлик кенгаши доимий аъзоси бўлган АҚШ Ғазо аҳолисидан оммавий қасос олиш доктринасини дастаклашини англатадими? Тинч аҳолига ҳамдардлигингиз қаерда қолди? Ахир, Кенгашнинг Украина бўйича ҳар бир мажлисида шу ҳақда нутқ ирод қиласизлар-ку! Ҳолбуки, Украинадаги тинч аҳоли ҳаёти Ғазодаги фаластинликлар каби таҳдидларга дучор бўлаётгани йўқ. Ёки сизлар фақат Европа қитъасидагилар ҳақида қайғурасизларми? Фаластинликлар ҳаёти Вашингтонни ташвишга солмайдими?» – дея саволлар қўйди Украинага босқин уюштирган мамлакат вакили.
Аввалроқ Human Rights Watch ҳам АҚШ ва Европа мамлакатлари Фаластин–Исроил зиддияти борасида иккиюзламачилик қилаётгани ҳақида баёнот берган эди. Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотига кўра, Ғарб мамлакатлари Украинада тинч аҳоли ўққа тутилиши, ноқонуний қатллар, аҳолини электр энергия ва сувдан маҳрум этиш, қийноқлар каби халқаро гуманитар ҳуқуқ бузилишларини ҳақли равишда қоралаб, бунинг учун Россия жавоб бериши кераклигини талаб қилди. Аммо улар Исроил Ғазо сектори аҳолисини жамоавий тарзда жазолаётгани, ҳарбий жиноятлар содир этаётганига томошабин бўлиб турибди.
БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) матбуот котиби Жеймс Элдер кеча берган баёнотида Исроил бомбардимони оқибатида Ғазо минтақаси болалар учун қабристонга айлангани ҳақида бонг урди. Халқаро ташкилот вакили ўт очишни тўхтатиш ва гуманитар ҳалокатга юз тутган Ғазога зудлик билан инсонпарварлик кўмаги киритишни талаб қилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter