Россия ва Ўзбекистон катта қувватли АЭС қуриш имкониятларини ўрганяпти

20 июнь, жума куни Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форуми доирасида «Росатом» давлат корпорацияси ва «Ўзатом» агентлиги ўртасида Ўзбекистонда катта қувватли атом электр станциясини қуриш лойиҳасини амалга ошириш имкониятларини ўрганиш тўғрисида битим имзоланди.
Имзолаш маросимида «Росатом» давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачёв ва «Ўзатом» агентлиги директори Азим Ахмедхўжаев иштирок этган.
Қайд этилишича, келишув Владимир Путиннинг 2024 йил 27 май куни Ўзбекистонга давлат ташрифи чоғида эришилган келишувларнинг давоми бўлган. Шу билан бирга, 2025 йил 28 апрел куни «ИННОПРОМ. Марказий Осиё» форумида ҳам бу борада тегишли қарор қабул қилинган.
Ҳужжат иккита VVER-1000 қурилишини келгусида тўртта энергоблоккача кенгайтириш билан амалга ошириш мумкин бўлган асосий шартларни ўз ичига олади.
«Жиззах вилоятида кичик қувватли атом электр станциясини барпо этишни давом эттириб, «VVER-1000» реакторли атом электр станцияси лойиҳасини амалга ошириш йўлида ҳам муҳим қадамларни қўймоқдамиз. Кичик ва катта қувватли атом станцияларини бирлаштириш Ўзбекистонда қудратли «углеродсиз энергия кластери»ни шакллантиришга ва мамлакатнинг электр энергиясига ўсиб бораётган эҳтиёжларига жавоб беришга, шунингдек, мамлакатда саноат ва инновацион соҳаларни ривожлантириш учун асос бўлишга қодир», - дейди Алексей Лихачёв.
Азим Ахмедхўжаев катта қувватли АЭС қурилишига мамлакатнинг электр энергиясига - экологик тоза энергияга бўлган жорий ва истиқболли эҳтиёжларини қоплашга қодир бўлган ишончли ва мувозанатли энергия тизимини яратиш манбаи сифатида қаралишини таъкидлади.
Манба: t.me
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter