Республиканинг икки банки собиқ раиси қамоққа олинган
Коррупцияга қарши курашиш бўйича идоралараро йиғилишида Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев банк тизимидаги маблағларни талон-торож қилиш, банк хизматларини кўрсатиш, айниқса, кредит ажратишдаги суиистеъмолчилик ҳолатларини қаттиқ танқид остига олди.
«Xabar.uz» мухбирининг хабар беришича, ўтган икки йил мобайнида банкларнинг 166 нафар мансабдор шахслари коррупциявий жиноятлари учун жавобгарликка тортилган.
Жумладан, «Халқ банки» ва «Микрокредитбанк»да бошқарув раиси лавозимларида ишлаб келган Э. ўз мансабидан фойдаланиб, қатор коррупциявий жиноятларга қўл урган.
Хусусан, муқаддам қатор жиноятларни содир этиб, АҚШда яшириниб юрган Х. билан тил бириктириб, Сирдарё вилоятида 4 та сохта фирма ташкил қилган. Бу фирмаларни амалда бошқариш учун 18 нафар шахслардан иборат уюшган гуруҳ фаолиятини йўлга қўйишган.
Уюшган гуруҳ 2019 йил сўнгги 9 ойида қарийб 732 млрд. сўмни қонунга хилоф тарзда нақдлаштириб, 7 млрд. сўмга яқин бюджет маблағини талон-торож қилган. 215 млрд. сўм турли пластик карталарга молиявий ёрдам кўринишида ўтказилиб, 22,5 млн. доллар нақд пулга айлантирилиб, хорижга олиб чиқиб кетилган.
Уюшган гуруҳ раҳнамолик қилган фирмалар 101 млрд. сўм солиқ тўловларидан ҳам бўйин товлаган.
Бундан ташқари, Э. «Халқ банки» бошқаруви раиси лавозимига тайинлангач, банк биноси қурилишини олиб бораётган пудратчиларни ўзига таниш пудратчиларга алмаштириб, объект қурилишида 5,5 млрд. сўмлик банк маблағини талон-торож қилган.
«Микрокредитбанк»ка раҳбар этиб тайинланганда эса, ўз раҳнамолигидаги фирмалар орқали биргина хизмат кабинети учун 100 млн. сўмлик мебель жиҳозларини 273 млн. сўмга, банкнинг Сирдарё филиали учун 700 млн. сўмлик бинони 4 млрд. 700 млн. сўмга сотиб олиб, маблағларни ўмарган.
Ҳозирда Э. ва унинг жиноий шериклари қамоққа олиниб, суд олдида жавоб бермоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter