«Қуёш болалари» (Эссе)
Агар вақт борасидаги қатъий тартиб қоидалари бўйича мусобақа ташкил этилса, мен олмон ва японларни ортда қолдириб олий ўринни банд этишим аниқ. Сабаби, вақти келишилган учрашувларга ҳеч қачон кечикмайман. Доим бир ёки ярим соатлар олдин боришга ҳаракат қиламан. Ўзим ҳам кечикмайман, кечикканларни ҳам жиним суймайди. Айтилган вақтдан сўнг кутишга тоқатим ҳам етмайди. Лекин, вақтдан олдин бориб ўтиришни кутиш деб ҳисобламайман. Мен бу лаҳзаларни мароқли кузатув деб номлайман. Айниқса, бу кузатув жараёни шом вақтида, ёз кунининг жазирамасини ижро қиламан деб куни билан ҳолдан тойган қуёшнинг, ва ниҳоят, чуқур хўрсиниб, сарғиш нимпушти сочларини уфқдан йиғиб олаётган бетакрор маҳалида содир бўлсачи?! Оҳ, қандай сурурли! Шаҳарнинг пойи-пиёда ёки велосепидда сайр этса бўладиган нақшинкор ва кенг йўлкалари четига жойлаштирилган қатор ўриндиқларидан бирига жойлашиб оласан. Жилокор шом уфқини томоша қиласан. Ортингда турган оппоқ бино қизғиш қуёш нурлари остида, бирдан ўзгача қиёфага кириб олади. Эртаклардаги сирли ва сеҳрли қасрлар каби ярақлай бошлайди. Бехос, қуёш сени қалбинга ботаётгандек, ажабтовур ва беқиёс бир ҳис уйғонади. Бирдан ҳаёлларингда бундан кўп йиллар олдин бўлган бир воқеа жонланади.
У вақтларда 25-30 ёшлар оралиғида эдим. Болаларим ҳам бири олти, иккинчиси уч ёшларда эди чамамда. Истироҳат боғига кечки сайр учун чиққан эдик. Болаларим дадаси билан арғимчоқда қийқириб учишар, мен эса уларни кузатиб ўтирардим. Бир маҳал 10 ёшлар чамаси болакай югуриб келиб мени қаттиқ қучиб олди. Унинг қучоғи, тафти шу қадар қайноқ эдики, беихтиёр ўзимни ёзги қуёш тиғи остида қолгандек ҳис этдим. Мен ҳам уни қучдим. Унинг юзчаларига тикилдим. Оппоқ юз, ўта меҳрли нигоҳ, шундай меҳрки, ҳали бирор болада бундайин меҳрни ҳис этмаганман. Гуёки, аллақчон ботиб кетган қуёш, болакайнинг ўтли чеҳрасидан чиқиб келаётгандек эди. Даъфатан болакай менга таниш кўринди. Жуда таниш. Бизга жилмайиб боқиб турган онасига қарадим. «Опаси, узр ўғлим шунча одам ичидан сизни танлади. У оқкўнгил инсонларни билади» –деди ҳижолатомуз.
Яна болакайга қарадим. Мен бу болакайни жуда кўп маротаба кўрганимни ҳис этдим. Ҳа, кўрганман. Уни қуёшда кўрганман. Яратган қолган барча оддий одамларни тупроқ ва сувдан ясаб бино этган бўлса, бу болакайнинг тупроғига тонгда чиқиб келаётган қуёш нурларидан қўшган. У каби болакайлар танлаб яратилади. Махсус яратиладилар ва парқу булутлардан ясалган беланчакларга ётқизиб қўйиладида, танланган мингтадан битта бахтли одамлар учун туҳфа этиладилар. Болакайни янада маҳкамроқ қучдим. Нурли юзчасидан ўпиб қўйдим ва кўзларида ёш ғилтиллаб турган онасига қараб дедим.
– Сиз бахтли аёл экансиз, яратган сизга қуёшча совға қипти.
Ҳа болакай Даун синдроми бидан дунёга келган – қуёш боласи эди. Даун синдроми билан дунёга келган болаларда соғлом одамникидан битта ортиқча хромосома мавжуд бўлади. Ушбу синдром 1866 йилда уни биринчи марта тасвирлаб берган инглиз шифокори Жон Даун номи билан аталган.Туғма синдромнинг келиб чиқиши ва хромосомалар сонининг ўзгариши орасидаги боғлиқлик фақатгина 1959 йилга келиб француз генетиги Жером Лежен томонидан аниқланган. Йўқ, агар аниқланган десак, озгина хато қилган бўламиз. Синдромнинг келиб чиқиш сабаблари тўлиқ аниқланмаган. Чунки, кузатувлар, тадқиқотлар ўзини оқламаган. Шу сабабли, ҳозирги вақтда Даун синдроми билан туғилишга олиб келиши мумкин бўлган бир қатор умумий эҳтимолий омиллар ишлаб чиқилган. Бу омиллар: Онанинг ёши, яъни онанинг ёши улғайган сайин, Даун синдроми бўлган болани туғиш эҳтимоли ортади. Аммо 35 ёшгача туққан аёлларда ҳам Даун синдроми бўлган болалар туғилиши мумкин. 40 ёшлардаги аёлларда 30 ёшли аёлларга қараганда Даун синдроми билан бола туғилиш эҳтимоли 40 баравар кўп; Ота-оналарнинг яқин қариндошлиги ва яна ирсий мойиллик.
Лекин, охирги тадқиқотлар шуни кўрсатдики, Даун синдроми бўлган чақалоқнинг туғилиши она ёки отанинг турмуш тарзига боғлиқ эмас.
Даун синдроми билан туғилган болалар соғлом болаларга нисбатан ҳар томонлама; жисмоний, руҳий жиҳатдан ривожланиши анчагина кечикади. Бир сўз билан айтганда уларнинг катта бўлиши қийин кечади. Эътибор ва мутассил жисмоний – руҳий машқлар орқали соғлом тенгдошларига етиб олишлари мумкин.
Санкт Петербург футбол командаси.
Касалликни бола туғилмасдан аниқлаш усуллари ҳали топилмаган. Ультратовуш ва скрининг текширувлари ҳам самара бермайди. Япон фалсафасидан келиб чиққан ҳолда, япон олимлари орасида бир гап юради. Эмишки, Даун синдроми билан туғиладиган болаларнинг генларига қандайдир сабаб билан қуёш нури тўлқинлари сингиб қолар экан. Битта ошиқча хромосома бу қуёш нури деб ҳисобланаркан ва қуёш болалари деб аталиш сабаби ҳам ҳудди шу эртакнамо фалсафага бориб тақалар экан. Иккинчи маълумот эса синдром ташхиси билан боғлиқ бўлиб, бундан кўп йиллар аввал Швеция олимлари чуқур, ДНК ва скрининг текширувлари орқали она қорнидаёқ ҳомиладаги касалликни аниқлай оламиз дейишган ва тадқиқот ҳамда ижро ишлари бошланиб кетган. Текширувдан ўтиб, ҳомиласида Даун синдроми ташхиси қўйилган аёллар оммавий тарзда абортларни амалга ошира бошлашган. Натижа эса ҳайратланарли тарзда юзага чиққан. Ҳудди шу қирғин йиллар мобайнида Швецияда Даун синдроми билан касалланган болаларнинг дунёга келиши фоизи 3-4 баравар ошиб кетган. Ушбу тескари жумбоқни эса ҳеч ким ечиб бера олмаган.
Бу касалликни даволаб бўлмайди, лекин Даун синдроми билан туғилган боланинг ривожланишини яхшилаш, жамиятда ўз ўрнини эгаллашига имконият яратиш учун унга махсус жисмоний ва руҳий кўмак кўрсатилиши мумкин. Улар беш ёшга қадар жисмонан, ақлий ва лингвистик жиҳатдан қанчалик кўп ривожланса, келажакда унга ҳам, ота-онасига ҳам шунчалик осон бўлади. Бундай болалар психологик жиҳатдан тенгдошларидан орқада қоладилар. Диққатни бир жойда ушлаб туриш қобилияти ҳам жуда паст бўлади. Бола мунтазам равишда шифокор кўригидан ўтиши ва керакли муолажаларни олиб туриши лозим. Улар жисмонан тенгдошларидан орқада қоладилар. Даун синдромли боласи бор ота-оналарни топиш ва улар билан мулоқот қилиш ҳар томонлама енгиллик келтиради – махсус реабилитация дастурларини топиб, иштирок этиш тавсия этилади. Бошқа болалар билан ўйин майдончаларига, кафеларга, боғларга боришни ўрганиш яхши натижа беради. Жуда тортинчоқ, одамови бўлишади ва шу сабаб бола уялмасликни ўрганиши керак. Бу каби болаларни жамиятдан яширмай, моддий ва ижтимоий ёрдам сўраган маъқул. Тушкунликка тушмаслик лозим. Даун синдромли болалар, бошқа болалар каби, ота-оналарини жуда яхши кўрадилар ва уларнинг меҳрига муҳтож бўладилар...
Сизларга тасаввур уйғониши учун Даун синдроми ҳақида қисқача тўхталдим. Яна қуёш боласи, унинг онасига юзланаман. Турмуш ўртоғим шифокор эмасми, худди мен каби бир қарашдаёқ қуёшболани танийди ва фарзандларимизни еткалаганича, «Биз айланишда давом этиб турамиз, етиб оларсан!» – дегандек бош ирғаб ёнимиздан ўтиб кетади. Чунки, мен бу пайтда қуёшбола ва унинг онажониси билан аллақачон суҳбатни бошлаб юборган бўламан.
– Болам туғилганидаёқ шифокорларнинг пичир-шивиридан кўнглим алланарсани сезган, кейинчалик, «Болангиз генетик касаллик билан дунёга келди. Бундайин болалар ҳар 800-1000 боладан биттасида учрайди. Улар ақлан заиф, жисмоний ва руҳий жиҳатидан ҳам бошқа соғлом болалардан анчайин ортда қолган бўладилар» – деб маълумот берган эди.
– Исмини айтиб чақирсам қарайдими? – дедим кўз ёшларимни тўхтатолмай.
– Йўқ! – қатъий жавоб берди шифокор, – Менимча, у сизни англаб ололмайди.
Шу билан мен туғруқхонадан қучоғимда умидсизлик, тушкунлик ҳамда шифокорлар таърифлагани каби бебурд болагинамни қучганимча чиқиб келдим. Аммо, тушкунликка кўп берилмадим. Турмуш ўртоғимнинг далдаси билан боламни катта қила бошладим. Бор вақтим ҳамда ҳаётимни болажоним учун беришга тайёр бўлдим. Аввалига Даун синдроми ҳақидаги бор адабиётлар билан танишдим. Кейин худди ўзимиз каби Она-болаларнинг марказларини топдим. Албатта, бу манзилга етиб келишим ҳам осон бўлмади. Боламни махсус етимхоналарга топширишни маслаҳат бергувчилар ҳам, устимиздан кулувчилар ҳам топилди. Бир сафар танишим орқали бизни қандайдир одам йўқлаб келди. Яхшилик қилгиси, бизга ёрдам бергиси келганини айтди.
– Чет мамлакатларда бундайин болаларни фарзандликка боқиб олиш учун оилалар навбатда туришади ва катта пул тўлашади. Агар болангизни топширсангиз ҳам фарзандингиздан кўнглингиз тўқ бўларди, ҳам каттагина маблағга эга бўлиб, уй-жойли, машинали бўлиб қолардингиз.
Мен у одамни дарров тушундим. Айнан мени қуёшчам каби болаларни фарзандликка сақлаб оладиган оилаларни ҳам мурод-мақсадини англаб етдим. Нима деб ўйлайсиз, бу оилалар қандай сабаб туфайли қуёш болаларини фарзандликка хоҳлашади? Сабаби, бундайин болалар ноёб инсонлар бўлишади. Улар ёлғон, ёмонлик, ҳасад каби инсонни тубан этувчи иллатлардан батамом ҳоли бўлишади. Қуёш болалар учун бу олам фақат яхшиликлар ва яхши одамлардан таркиб топган.
Мана кўриб, ҳис этиб турганингиздек ўн йилдирки қуёшболамнинг дунёларга сиғмайдиган меҳр-муҳаббатидан баҳраманд бўлиб марказда ўзимизга ўхшаган Она-болалар билан доимий мулоқотдамиз, шифокорлар назоратида, руҳий ва жисмоний машқлар, сайру-саёҳатлар ташкил этганмиз. Биласизми, бу жуда ҳайратланарли. Мен болажонимни ҳеч қачон ақлан заиф деб ҳисобламайман. Қуёшли болалар қолган соғлом болаларга нисбатан ақллироқ, олам ва одамларни яхшироқ қабул қиладиган, ниҳоятда беғубор, соддадил ва ўта меҳрибон бўлишади.
Уларга қуёш болалари деган таъриф бекорга берилмаган аслида. Уларнинг вужудидан ажралиб, атрофга таралиб турувчи меҳр ва муҳаббат тафти керак бўлса бутун дунёни ёритишга қодир! Қуёшчаларимиз учун бу оламда ёмон одамнинг ўзи йўқ. Барча бирдек яхши, барча бирдек меҳрибон. Уларга ҳудди ўзлари каби меҳр ва эътибор, қайноқ қучоқлар, қуёшли нигоҳлар керак. Ишонч билан айта оламанки, яратган бу ноёб болаларни атай бизларга ибрат ва инсонлигимизни англаб етишимиз учун махсус юборган.
Суҳбат давомида Онанинг ишонч ва меҳр билан гапираётгани, фарзандига бўлган улкан муҳаббатига гувоҳ бўлдим. Шунга амин бўлдимки, фақатгина қуёш болалари эмас, уларнинг Оналари ҳам яратган томонидан танланган тенгсиз инсонлар бўлишаркан. Биласизми, тиббиёт ва ҳаёт солиштирилган, бахсга киришган, мунозарали мавзуларда тортишиб қолган пайтларда мен доимо тиббиёт тарафда турганман. Уни доим ҳақ деб билганман. Аммо, айни чоғда тиббиёт фикрига қўшилолмайман. Эътирозим шуки, Даун синдроми билан дунёга келган болалар ақлан заиф бўлишмайди. Уларнинг ақли заиф эмас, аксинча, ўткир ақлга эга бўлган, ҳаётни ижобий ракурсларда кўра оладиган, барчани бирдек сева олишга қодир бўлган, кучли инсонлардир. Биласизми, яна бир ўта ҳайратланарли жиҳати борки, бу нафақат мен, балки, сизни ҳам ҳайратдан ёқа ушлата олиши аниқ гап деб ишонаман. Қуёш болалари қай ўлкада, қай миллат, жинси, келиб чиқиши, бошқа-бошқа ота-оналардан дунёга келишидан қатъий назар шу қадар ўхшаш бўлишадиларки, агар, 5-10 нафарини бир жойда кўриб қолсангиз кимдир сизни кўз иллузияси билан чув туширгану, кўрганларингиз сеҳрланган онгда қад кўтариб, нигоҳингизни алдаб турган нусхалашдан ўзгаси эмас деб ўйлашингиз тайин гап. Яна юқорида келтирганим қуёш болалари ҳақидаги таърифимга қўшимча сифатида дейманки, яратган қуёш болалари учун махсус тупроқ, уларнинг бир умр бола бўлиб қоладиган кўнгиллари каби тоза булоқ суви ва кейинчалик юз-кўзлари, балки, бутун вужуди, қалбидан таралиб туриши учун тафтли қуёш нурларидан қўшади. Бу ўз навбатида, битта ортиқча хромосома – аслида, ортиқча бўлмаган меҳр-муҳаббатнинг ирсий таёқчаси сифатида намоён бўлади. Шу тарзда қуёш болалари махсус юбориладилар ва бутун ер сайёрасини, инсоният дунёсини ёруғлик, яхшиликлар, меҳр-оқибат, муҳаббатнинг ёрқин шуълалари билан сийлаш «миссия»сини амалга оширишда давом этаверишадилар.
Она-бола билан хайрлашаман ва болаларим томонга юра бошлайман. Аммо, бир дақиқа ҳам ўтмасдан ортимдан таниш овоз келади.
– Опажониси, ўғлим сизни яна бир марта қучиб қўйса майлими?!
Бу сафар қуёш бола мени анча вақт маҳкам қучиб туради. «Сизни жуда яхши кўраман!» – дейди тутила-тутила. «Мен ҳам сени жуда яхши кўраман!» –дейманда, изҳоримда заррача бўлсин сохталик йўқлигини ҳис этиб, негадир ўзимни бахтиёр сезаман ва болакайни янада маҳкамроқ қучаман. Кейин, яна хайр-хўшлашамиз.
Уйга қайтар эканмиз, аста-секин бостириб келаётган тун зулматига тикилганимча амин бўламанки, ер юзидаги миллиардлаб қуёшчалар ҳаётимиз, кўнгилларимизга нур бағишлаш учун атай келганлар. Улар бутун ер сайёрасидаги инсониятга яхшилик, гўзаллик, меҳр-муҳаббат бор экан, ҳар қандайин ёмонлик, қирғинбаротлар ва қабоҳатни йўққа чиқара олиш мумкинлигини таъкидлаб, барчани нурли йўллар томон чорлаб турибди. Яхшиям борсиз қуёш болалари!
Мастура Абдураим қизи
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter