Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шаҳноза Соатова

Ки ҳар не олами суғрода мавжуд, Бори бу олами куброда мавжуд. (Алишер Навоий)

Қурол тўғрисидаги қонундан қўрқиш эмас, қувониш керак. Нега?

Қурол тўғрисидаги қонундан қўрқиш эмас, қувониш керак. Нега?

Ҳеч бўлмаса, қуролга оид бетартиб муносабатларни тартибга солиб бераётгани учун.

Шу пайтгача қурол-яроғ савдоси, қуролдан фойдаланиш ва қуролларни назорат қилиш масалалари 10 дан ортиқ (!) қонун ҳужжатлари билан тартибга солинган (ҳужжат кўп бўлса, зиддият ва «лазейка»лар ҳам кўпайиб кетиши маълум). Энди булар тартибга солинди, ками тўлдирилди, тушунчалар аниқлаштирилди.


Мавзуга оид: Кимлар қурол олади? «Қурол тўғрисида»ги қонун маъқулланди


Шу пайтгача ошпичоқ қуролмиди ёки йўқми деган саволнинг жавобини одамлар билармиди?

Сабзи тўғрардан чиқиб келаётсангиз бир пайтлар думини босиб олганингиз посбон қўлингизга кишан солиб олиб кетмаслигига қандай кафолат бор эди?

Кузатув камераси олдида куппа-кундуз куни бировга 50 марталаб пичоқ урган жиноятчи қуролини бемалол кўчада кўтариб юра олиши учун, истаса, «лазейка» топилишини биларди.

Шундай шароитда ҳаммадан пичоқни йиғиштириб олишдан кўра мақбулроқ чора топилди.

Қонунни яхшилаб ўқинг: фуқароларга ўқотар қурол сотиш ҳақида умуман гап йўқ! Овчилар ва спортчилар шу пайтгача ўқотар қурол билан муомала қилишар эди, шу янада қатъий назоратга олиняпти. Қолган фуқароларга электрошокер, пневматик ва газли қуроллар ишлатишга рухсат бериляпти. Буларни ҳозир ҳам исталган спорт буюмлари дўконидан сотиб олиш мумкин. Лекин энди бемалол сотиб олишга йўқ, рухсат олиш керак, учетга туриш керак.

Аслида, алвидо қурол дегани-ку бу.

«Кимдир қурол бизнеси билан шуғулланмоқчи» деган гап юрибди. Тўғри, биз лоббистлардан ва протекционизмдан шу қадар чарчадикки, ҳар нарса кўзимизга қўша кўриняпти. Лекин бу сафар ундай эмас.

 Тинч мамлакатда, одамлар бир-бири билан нари борса муштлашиб масаласини ҳал этиб турган шароитда ким қурол сотиб фойда кўзлашни ўйлайди? Ким эшигимиз тагига қурол олиб келиб сотаман деб турибди? Бизда фақат ижтимоий тармоқда одамлар бир-бирини отгани ўқи йўқ, ҳаётда бирпасда бир лаган ош устида келишиб кетишади.

Унда нега бу қонун керак бўлиб қолди? Қичимаган жойни қашлаш зарурмиди?

Сабаб юқорида бирмунча ойдинлаштирилди. Қонундан мақсад қуролдан келиши мумкин бўлган хавфларнинг олдини олиш, ҳар бир тиғ, гильза ёки газ баллончасини назоратда ушлаб туриш.

Хуллас, тинчланинг, одамлар.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг