Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мустаҳкам Тангриёрова

Оққан дарё оқаверади. 

Самарқандда қулоқчинли сайёҳлар қандай пайдо бўлди? (фото)

Самарқандда қулоқчинли сайёҳлар қандай пайдо бўлди? (фото)

Фото: «Xabar.uz»

Аудиоспектаклли саёҳатнинг муваффақияти сири ҳақида ҳикоя қиламиз.

Самарқанднинг Темурийлар даври тарихий ҳудудида ҳар бири қулоқчин тақиб олган, кўзларида ҳаяжон билан юриб бораётган сайёҳлар гуруҳига дуч келиш одатий ҳол бўлиб қолган.

«Invisible Samarkand» лойиҳасидаги саёҳат Бибихоним масжиди ҳовлисидан бошланади. Ҳафтанинг маълум кунларида, бу ерда лойиҳа масъул ходимлари белгилангандан ярим соат олдин келиб қулоқчинларни стол устига ёядилар, уларнинг ҳар бири техник ҳолатини текширадилар.

Ушбу лойиҳа йўлбошчиси Шоҳруҳ Тўраевнинг мутахассислиги тарихчи. У бевосита меҳмонларни саёҳат бошланиши нуқтасида кутиб олади, улар билан биргаликда ҳикояни тинглайди ва қадимий шаҳар кўчаларини кезади. Шоҳруҳ Ўзбекистонда биринчи марта қўлланаётган саёҳат тарихи ҳақида шундай дейди:

— «Silk Road Destinations» фирмамиз вакиллари қайси мамлакатда бўлмасин, сайёҳлик хизматидаги ўзига хосликларни ўрганади. Аудиоспектакль яратиш ғояси хорижда худди шундай лойиҳага гувоҳ бўлган ходимларимиз таклифидан пайдо бўлди. Шу мақсадда Россиядан мутахассисларни таклиф қилдик ва ҳамкорликда маълум сюжет асосидаги ҳикоя сценарийси ва унинг овозли варианти тайёрланди. Илк марта қулоқчинли сайёҳларни саёҳат қилдирган кунимиз 2022 йилнинг 5 сентябри эди. Ўшанда, кўпчилик четдан қараб буни аудиогид  деб ўйлашган.

Лойиҳага кўра, сайёҳ экскурция давомида Самарқандда туғилиб, шу ерда ақлини таниган, лекин, унинг оиласи 20 йил муқаддам, у болалигидаёқ хорижга кўчиб ўтган, шунча вақтдан сўнг она юртини соғиниб келган Саиднинг ҳикоялари орқали шаҳарни кашф қилади. Бош қаҳрамон, ўзининг ўғли Самарқандга келганида, отасининг овози  орқали унинг болалигини хаёлида жонлантириши учун хотираларини диктафонга ёзиб олганини айтади. Саиднинг ҳикояси Самарқанд тарихи ҳақидаги маълумотлар билан йўғрилиб боради.

Бибихоним масжидидан бошланадиган экскурция, бир вақтлар яҳудийлар яшаган маҳалла оралаб давом этади. Сўнг йўл-йўлакай ҳунармандлар марказига киришади. Кейин Регистонда Улуғбек мадрасаси тарихи, бу ерда қандай фанлар, қай тарзда ўтилгани ҳақида гапирилади. Бош майдонда, мовий гумбазлар, осмонўпар минораларнинг манзарасида суратга тушадилар. Кейин Амир Темур мақбараси томон йўл оладилар...

Озроқ тин олишлар билан кечадиган икки соатлик саёҳатда 4 километр йўл босилади.

Шоҳруҳнинг айтишича, 25 нафаргача сайёҳни жамлайдиган гуруҳга бир неча ходим ҳамроҳлик қилиши муҳим.

— Гуруҳ қаерда эканидан келиб чиқиб, улар нимани тинглаётган бўлса ўша объектни кўришлари керак. Дейлик, аниқ бир жой ёки нарса, масалан, уй ёки дарахт ҳақида гап кетаяптими, сайёҳлар айнан шу локацияда бўлиши керак. Сценарийдан олдин ёки орқада қолмасликларини таъминлаш бизнинг вазифамиз. Гуруҳдагиларга экскурция берадиган таассурот уларнинг ҳаракат жойи ва ҳикоядаги воқеалар мувофиқ келиши билан жонланади, кенгаяди.

Бундан ташқари, йўлбошловчилар гуруҳдан кимдир Самарқанднинг қадимий тор кўчаларида адашиб қолмаслиги, бошқа кўчага кириб кетмаслиги, воқеалар ичига шўнғиб кетганда оёқ остидаги ариқ ёки дейлик, орқадан келаётган транспорт ҳақида секин огоҳлантиришга ҳам масъул ҳисобланаркан.

 

Аудиоҳикоя инглиз ва рус тилида тақдим этилади. Менежер Лайло Тўрақулованинг маълум қилишича, «Invisible Samarkand» лойиҳасини кенгайтириш, итальян, немис ва француз тилларидаги вариантларни ҳам яратиш, шунингдек, Бухоро ва Хивада ҳам худди шундай аудиоҳикояли экскурцияларни йўлга қўйиш режалаштирилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг