Қозоғистон нефть қувурини Жиззахга бурадими?

Агарда Жиззахда нефтни қайта ишлаш заводи қурилса, Қозоғистон бу ерга нефть қувури тортиб келмоқчи. «Казинформ» хабарига кўра, бу ҳақда Қозоғистон энергетика вазири ўринбосари Болат Акчулаков Сенат қўмитаси йиғилишида маълум қилди.
Акчулаковнинг айтишича, лойиҳага «Чимкент — Жиззах» ишчи номи берилган бўлиб, Қозоғистондан йилига 5 миллион тоннагача нефть келтириш имконини беради. Тўғри, вазир ўринбосарининг таъкидлашича, мазкур масалада томонлар лойиҳа ишларини олиб боришмаган. Ҳозирча фақат техник музокаралар ўтказилган. Акчулаковга кўра, қувур қарз маблағлари ҳисобига қурилади. Ўзбекистон, ўз навбатида, қарзни қайтариш учун ўрнатилган тарифни тўлайди.
«Энди ҳаммаси Ўзбекистон нефтни қайта ишлаш заводини қуриш-қурмаслигига боғлиқ», — таъкидлади Акчулаков.
2019 йилнинг 20 февраль куни Қозоғистон энергетика вазири Канат Бозумбаев Остона ва Тошкент энергетика соҳасида ҳамкорлик масалаларида мувофиқлаштирувчи кенгаш тузишни режалаштираётганини маълум қилганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter